Islomiy kutubxona

Islomiy kutubxona

Manba: www.ixlos.org

Дарҳақиқат, фарзандларимиз ҳаётимизнинг райҳонлари, жигарларимизнинг бир парчасидир. Аллоҳ таоло ота-оналарни уларга яхшилик қилишга буюрди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни чиройли парвариш қилишга, уларга одоб беришга, меҳрибонлик кўрсатишга амр этди. У зот одамларнинг энг яхшиси ким эканини баён қила туриб, шундай дедилар: “Энг яхшиларингиз ўз оиласига яхши муомала қилганингиздир”[3]. Кишининг ўз оиласига тақдим қиладиган энг катта яхшилиги уларни чиройли парваришлаши ва гўзал одоб беришидир.

Шубҳасиз, фарзандларга намозни ўргатиш, уни энг аъло кўринишда адо қилишлари учун уларнинг қалбларига намозга бўлган муҳаббатни сингдириш фарзандларга бериладиган одобнинг энг гўзал кўринишларидан ҳисобланади.

Намоз буюк ибодат бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни нур деб номлаганлар ва уни диннинг устуни дея таърифлаганлар. Намоз банда билан Яратувчисининг ўртасини бир кунда беш маҳал боғлаб турадиган мустаҳкам риштадир. Намоз Буюк Илоҳга муножот қилиш, Уни ёд этиш ва поклаш учун хилват бекатларидир.

Намозда банда юзини Парвардигори томон қаратиб туради. Қудратли Парвардигор ҳам олий юзи ила унга юзланиб, «Бандам менга ҳамд айтди, бандам мени улуғлади, бандамга сўраганини бердим» деб марҳамат қилади.

Намоз жаннатнинг калити, гуноҳ ва маъсиятлардан қўриқловчи мустаҳкам қалъадир. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур”[4].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-оналарга фарзандларни ёшлик чоғидан – етти ёшидан – бошлаб Аллоҳ таолога боғлаш зарур эканини уқтирганлар. Чунки бу амал болаларнинг Аллоҳга муҳаббатли, намозга ҳарис бўлган, унинг сир-асрорлари ва кўплаб фазилатларини идрок қилган ҳолда ўсиб-улғайишларига ундовчи муҳим воситадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Фарзандларингизни етти ёшга кирганларида намозга буюринг, ўн ёшга кирганларида намоз ўқимасалар уринг ва жойларини ажратиб қўйинг»[5].

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги ҳадисларидан келиб чиқиб муҳтарам ота-оналар эътиборига кичкинтой ўғил ва қизлар қалбида намозга муҳаббат уйғонишига ёрдам берадиган, уларни намозга тарғиб қиладиган баъзи амалий йўл-йўриқ ва кўрсатмаларни тақдим этаман. Бу йўл-йўриқ ва кўрсатмалар айрим даъват ва тарбия мутахассисларининг изланишлари маҳсулидир.

Иймоний тарбия энг биринчи асосдир

Ота-оналар қалблари ақида тушунчаларидан холи бўлган фарзандларидан рисоладагидек ва тўла-тўкис намоз ўқишларини умид қилмай қўяверсинлар. Чунки бола ҳаётининг илк босқичларида ҳануз ғайбга оид эътиқодларни англашга идроки етарли бўлмайди. Шунинг учун ота-оналар фарзандларига ақида моҳиятини, жумладан, ягона Аллоҳ тушунчасини, пайғамбарлик ғоясини, охират кунининг ҳақиқати ва дунёнинг охиратга бўлган нисбати каби маъноларни уларнинг тушунчасига мос тарзда улар онгига сингдириши лозим.

Бунда биз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал намунадирлар. У зот даъватнинг илк йилларида саҳобаларининг қалбларида якка Аллоҳга бўлган иймон ақидасини шу қадар мустаҳкам ўрнатган эдиларки, асҳоблар Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниш ва шариат ҳукмларига амал қилишда ҳеч қачон оғирликни ҳис қилмадилар.

Фарзанд илк болалик давридан Аллоҳ барча инсонлар ва уларни ўраб турган жамики мавжудотларнинг Яратувчиси эканини билсин. Яна одамзотга барча неъматларни У Зот тортиқ қилишини, У бандаларига ризқ берувчи ва уларнинг ҳидоят топишларига ҳарис эканини, яхши одамларни яхши кўришини, ёмон одамларни эса ёмон кўришини, шунинг учун яхшиларга ҳаётларида фойдали нарсаларни ўргатишлари учун солиҳ кишиларни пайғамбар қилиб юборганини, уларга эргашганларга боғ-роғлар, қасрлар ва битмас-туганмас неъматлар ваъда қилганини, уларга осий бўлганларга эса қаттиқ азоб ҳозирлаб қўйганини яхши билиши керак.

Мана шулар болаларга ақида моҳиятини осонлаштириб берувчи тушунчалар бўлиб, улар бу тушунчаларни осонроқ англайдилар.

Ота-оналар фарзандларга тўғри намуна бўлишлари даркор

Намозларни ўз вақтида адо этишга ҳарис бўлиш, фарзлардан кейинги суннат ва нафлларга эътиборли бўлиш каби ишларда ота-оналардан фарзандларига чиройли намуна бўлиш талаб этилади. Чунки болалар ёшлик чоғларидан ҳар бир ишда ота-оналарига тақлид қилишга ҳаракат қилишади. Шундай экан, ота-оналар фарзандлари қалбига намоз муҳаббатини экиш учун улардаги мазкур малакадан унумли фойдаланиб қолишлари керак.

Агар болалар ота-оналарини ҳар азондан сўнг ҳар қанча муҳим ишлари бўлса-да тарк қилиб, намозга шошилишларини кўришга одатлансалар, намознинг аҳамияти ва фазилатининг идроки уларнинг жажжи қалбларига чуқур ўрнашиб қолади.

Шунингдек, оиланинг бирор сафар ёки зиёратга чиқиш каби ваъдалашилган вақтлари намоз вақтларига боғланиши ҳам мақсадга мувофиқдир. Бунга отанинг «Иншааллоҳ, аср намозидан сўнг бувингизни зиёрат қилиб келамиз», деган гапини мисол қилиш мумкин. Ана шунда боланинг бундан кейинги ҳаёти, ҳатто дунёвий ишларда ҳам намозга боғлиқ бўлиб қолади.

Агар ота-она намоз бобида сусткашлик қилсалар ёки намозга бепарво қарайдиган бўлсалар, кейинчалик фарзандларнинг намозни тарк қилиши ёки ундан бутунлай юз ўгиришини маломат қилишга ўрин йўқ.

Шунингдек, фарзандларга амалий тарзда таҳорат олиш ва намоз ўқишни ўргатиш ҳам уларга чиройли намуна бўлиш қабилидандир. Бу уларнинг кўз ўнгида ушбу амални бажариб, кўрсатиб бериш орқали ёки фарзандлар таҳорат ёки намоз амалини бажаришаётганда уларни кузатиб, йўл қўйган хатоларини тузатиш орқали бўлиши ҳам мумкин.

Таҳорат ва намоз аҳкомларига назарий жиҳатдан киришишни эса мадраса учун қолдириш ёки бола ўсмирлик ёшига етгандан сўнггина буларни таълим бериш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бола намоз фазилатини, катталарнинг унга қаттиқ боғланишлари сирини англаши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалардан келган қисса ва ваъзлардан ёки солиҳ кишилар ҳаётига оид қиссалардан фойдаланиш

Чунки ёш бола тўғридан-тўғри мурожаатни тўғри ўзлаштира олмаслиги, уни ўйиндан маҳрум қилгани учун намозни оғир юк деб санаши ёки намозни унга алоқаси бўлмаган катталарнинг ишларидан деб ҳисоблаши мумкин.

Лекин қалблари Аллоҳга боғланган солиҳ мўминларнинг намозда буюк Яратувчига муножот қилиб ҳузур топганларини боланинг хаёлида тасвирлай олсак, у ўзининг соф фитрати ва пок қалби ила ўша солиҳларга ва намозга муҳаббат қўяди.

Шунингдек, болалар бу борада қуйидагиларни билишлари муҳимдир:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг берган неъматлари шукрини адо этиш учун тунлари намозда узоқ қойим бўлганларидан икки оёқлари қавариб, шишиб кетар эди.


Солиҳлардан бирининг бир оёғи касаллангани боис кесиб ташланган пайтда намоз оғушида бўлиб, то намозини битиргунча оғриқни сезмайди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда турсалар, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаганлари сабабли у кишининг бўғзидан хуштак овозига ўхшаш товуш эшитилиб турар эди[6].


Болаларни масжидларга олиб бориш

Чунки Аллоҳнинг уйлари бўлмиш масжидлар буюк зотларни етиштирадиган маскан бўлиб, улар Аллоҳнинг муҳаббати билан тўйинган, У Зотнинг тоат-ибодатига ҳарис бўлган зотлардир. Токи уларнинг мурғак қалбларида ҳам Аллоҳнинг уйларига бўлган муҳаббат туйғуси ўрнашиб қолсин. Шунингдек, ёш болаларнинг масжидларга қатнаши бу масканда илм олишлари, ваъз-насиҳатлар эшитишлари ва солиҳ ҳамроҳларни топишларига олиб боради. Шу зайлда ёшлари улғайиб, онг-идроклари ортган сайин иймоний тушунчалар асосида тарбияланиб бораверадилар.

Шунингдек, болаларнинг оталари билан масжидларга қатнаши улардаги зерикишни кетказади. Чунки болаларни энг кўп хурсанд қиладиган нарса бу оталари билан кўчага чиқишлари, улар билан бирга жамоат жойларига бориб, оталарининг юмушларида уларга ёрдамчи бўлишларидир.

Масжид ролини кучайтириш учун ота-оналар фарзандларига уларнинг даражаларига мос бўлган, намоз фазилатини англатадиган, унга муҳаббат қўйиб, уни адо этишга ҳарис бўлишларига кўмаклашадиган дарсларни ташкиллаштириб беришлари керак. Зеро, фарзандлар улғайган сари ўз билим ва дунёқарашларини кенгайтиришга, қалбларида ибодатнинг аҳамиятини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган исломий кутубхонага катта эҳтиёж сезадилар.

Намозга эътиборли фарзандларни мукофотлаш

Албатта, ҳар бир фарзанд шахсиятининг шаклини ва ўзига бўлган ишончни энг аввало ота-онасидан олади. Бола амалга оширган ижобий хатти-ҳаракати учун қўлловга, мукофотга муҳтож бўлади. Умуман олганда мукофотлаш тарбия соҳасидаги асосий омиллардан ҳисобланар экан, намозга тааллуқли бўлган тарбия асло мукофотдан холи бўлмаслиги керак.

Болани тақдирлаш услубларидан бири сифатида уни оила аъзолари даврасида мақташ ёки унга ўзи яхши кўрадиган бирор совға тайёрлашни кўрсатиш мумкин. Чунки совғанинг қиймати унга намознинг қадри ва аҳамиятини англашига туртки бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тарбияшунос олимлар ёш болаларга намозни ўргатиш масаласида аста-секинлик билан босқичма-босқич йўл тутишни маслаҳат берадилар. Шунга кўра, биринчи кунда бола фақат битта намозни ўз вақтида ўқиши кифоя қилса, иккинчи куни иккита намозни ва шу йўсинда давом этиб, бемалол кунда беш маҳал намоз ўқишга эришиш мумкин.

Сўнгги сўз ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, ота-оналарнинг умумий тарзда фарзандлар тарбиясида ва айниқса, уларнинг қалбларида намозга бўлган муҳаббатни сингдириш борасидаги муваффақиятлари уларнинг фарзандлари қалбига йўл топа олишларига боғлиқ. Бу эса ота-оналардан фарзандларига бўлган чексиз муҳаббатларини уларга тўғри ифодалаб беришини, уларга етарли вақт ажратишни, уларнинг қизиқишлари ва ўйинларига шерик бўлишни, уларга меҳр-мурувват кўрсатишни ва умуман олганда муносиб барча услублардан унумли фойдаланишни талаб қилади.

Зеро, фарзандлардаги ота-онага бўлган муҳаббатгина уларни ота-оналарга итоатли қилади, уларга иймон, эзгулик, самимийлик ва Аллоҳ таолога тўлиқ бандалик тушунчаларини ёзишлари учун фарзандларни бамисоли оппоқ ва тиниқ варақларга айлантириб беради.

Лайло Ножий

(«Ҳуббул ислам» интернет саҳифасидан олинди).

 

[1] «Таҳрим» сураси, 6-оят.

[2] Имом Ғаззолий, «Иҳёу улумид-дин» (Ота-она ва боланинг ҳуқуқлари боби).

[3] Имом Термизий «Сунан»да ривоят қилган.

[4] «Анкабут» сураси, 45-оят.

[5] Абу Довуд «Сунан»да ривоят қилган

[6] Имом Термизий «Шамоил китоби”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йиғиси борасида келган нарсалар боби»да ривоят қилган.