Islomiy kutubxona

Islomiy kutubxona

Manba: www.ixlos.org

Ўз шаҳридаги олимлардан таълим олиб бўлгач, (янада илмини мустаҳкамлаш мақсадида) илм талабида турли ислом ўлкаларига сафар қилади ва минглаб олимлар ва бир қанча тобеинлар билан учрашиб, улардан илм олишга муваффақ бўлади.

Унинг ўзи бу ҳақда шундай дейди: “Учрашган олимларимни ёддан санаганимда уларнинг сони уч юз олтмиштага етди. Булар тобеинлардан ташқари. Учрашган тобеинларимнинг сони эса йигирма тўртта эркак ва Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладиган битта тобеин аёл[3].

Кўфа шаҳрига бориб, у ердаги муҳаддис ва қироат олимларининг дарсларига қатнашади. Улардан айримларини зикр қиладиган бўлсак, улар орасида Суфён Саврий, Юнус ибн Абу Исҳоқ Сабеий, Исроил ибн Юнус Сабеий, қози Шарик ибн Абдуллоҳ Нахаий каби Кўфа шаҳрининг буюк олимларини учратишимиз мумкин.

Шом диёрига сафар қилиб, у ерда Саид ибн Абдулазиз Таннухий ва Таммом ибн Нажиҳ Дамашқийлардан ҳадислар эшитади.

Кейин Мадинаи Мунавварага бориб, у ернинг имоми бўлмиш Молик ибн Анаснинг дарсларига қантнашади.

Кейин Мисрга бориб, Абдуллоҳ ибн Лаҳеа, Лайс ибн Саъд ва бошқа мисрлик машҳур муҳаддис олимлардан ҳадислар эшитади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ибн Саллом роҳимаҳуллоҳ бир қанча тобеинлар билан учрашиб, улардан илм олади. Назр ибн Маъбад, Салт ибн Динор, Довуд ибн Қайс, Фитр ибн Халифа ва Қамийр бинти Амр шулар жумласидан.

Шогирдлари:

Яҳё ибн Саллом узоқ йиллар мобайнида турли ўлкаларда талай олимлардан илм олгач, Қайравон шаҳрига бориб, ўша ерга жойлашади. У ерда тахминан ўн олти йил яшайди. Тафсир китобини ҳам айни шу ерда таълим бера бошлайди. Яҳё ибн Саллом олий илмий савия ва юксак одоб-ахлоққа эга инсон эди. Шу боис у Қайравон аҳли ва ҳокимларининг қалбини забт этиб, улар орасида катта обрў ва мартабага сазовор бўлади. У Қайравонда талабаларга тафсир, ҳадис ва қироат фанларидан таълим бера бошлайди ва ушбу шаҳарнинг илм чашмаларидан бирига айланади. Шу боис ундан илм олиш мақсадида машриқу мағрибдан талабалар кела бошлайди. Натижада унинг қўлида кўплаб аҳли илмлар етишиб чиқади. Қуйида уларнинг энг машҳурларини зикр қиламиз:

– Мусо ибн Жарир Аттор. Қайравонда Яҳёнинг тафсирини ривоят қилган олимларнинг бири.


– Ўғли Муҳаммад ибн Яҳё.


– Мусо ибн Муовия Сумодиҳий.


– Исмоил ибн Рабоҳ Жазарий.


– Абу Синон Зайд ибн Синон.


– Абдуллоҳ ибн Саҳл Қубриёний.


– Абдуллоҳ ибн Ваҳб Мисрий.


– Асбағ ибн Фараж Мисрий.


– Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулҳакам.


– Баҳр ибн Наср ибн Собиқ.

Вафоти:

Аллоҳнинг тақдири экан, айрим сабабларга биноан Яҳё ибн Саллом Қайравонни тарк қилишга қарор қилади ва ўғли Муҳаммад билан Мисрга қараб йўл олади. Қайравондан Мисрга келгач, ҳаж сафарига отланади ва ҳаж ибодатини бажариб қайтганидан сўнг ҳижрий 200 йили Мисрда вафот этади ва Муқаттам деган жойда дафн қилинади.

Ёзган китоблари:

Дарҳақиқат, Яҳё ибн Саллом роҳимаҳуллоҳ тафсир ва унга оид фанлар, ҳадис ҳамда араб тили адабиётида етук олимлардан бири бўлган. Қуйида биз у ёзган китоблардан бизга маълум бўлганларининг номларини зикр қиламиз:

“Тафсир”. Салаф-солиҳларимиздан бизгача етиб келган биринчи тўлиқ тафсир. Абу Амр Доний бу ҳақда шундай дейди: “Мутақаддим уламолар китоблари ичида бунга ўхшаш китоб йўқ”. Яъни, Салаф-солиҳларимиз қаламига мансуб бундан ўзга Қуръон оятларининг барчаси тафсир қилинган тўлиқ тафсир китоби йўқ.


“Жомеъ”. Ҳадис китоби.


“Ихтиёрот фил фиқҳ”. Фиқҳий масалалардаги рожиҳ (энг тўғри) фикрлар ёзилган китоб.


“Тасориф”. Тафсир илмига оид китоб[4].

[1] Умавийлар халифалиги ҳақида батафсил маълумот олиш учун саҳифамизда бериб борилаётган “Умавийлар давлати” номли мақолаларимизни ўқишни тавсия қиламиз.

[2] Ҳишом ибн Абдулмалик ибн Марвон – Умавий давлатининг ўнинчи халифаси. Халифалик даври 105-125 йиллар.

[3] “Риёз”, 1/188, “Маолим”, 1/322. Бу тобеин аёл Масруқ ибн Аждаънинг хотини бўлиб, исми Қамийр бинти Амрдир.

[4] Фойдаланилган манбалар:

  • “Тафсири Яҳё ибн Саллом”, 1/11-13 бет. (“Дорул кутубил илмийя”, Ҳинд Шалабий таҳқиқи, 2004 йилги нашр).
  • Ибн Жазарий, “Ғоятун ниҳоя фи табақотил қурро”, 2/325. (“Дорул кутубил илмийя”, 2006 йилги нашр).
  • Ҳусайн ибн Муҳаммад Шаввот “Мадрасатул ҳадис фил Қайравон”, 2/771-779. (“Дорул оламия лил кутубул исломийя”, 1411 йилги нашр).
  • Ҳинд Шалабий, “Ал-қироат би Ифриқия”, 1/151-157. (“Дорул арабия лил кутуб», 1983 йилги нашр).


Report Page