Исломга бағишланган умр китобидан
@bintusodiqДадам бизга диний таълим бериш билан бирга, «Динни ўргатинг, илм ўргатинг» деб илтимос қилганларга ҳам йўқ демасдилар. Ўргатиб, дарслар берардилар. Дарс олаётган ўқувчилар мусҳаф ҳам, дарс қуролларини ҳам кўтариб келишмас, уйида алоҳида китобдан, дарсда алоҳида китобдан фойдаланишар эди. Дадам шогирдларига: «Кимда ўқигансиз?» деб сўраб қолишса, яқин орада вафот қилган қори акалардан бирининг исмини айтиб қўярсиз», деб тайинлар эдилар. Эҳтиёт чораларини қаранг-а! Тадбирни қаранг, тадбирни... «Кимда ўқигансан?» дейилса, вафот этган одамнинг исми айтилар экан. Замон ана шундай нозик эди.
Дадамнинг шогирдлари ҳозирда ҳам диний ишларда, ҳам дунёвий ишларда фаол иштирок этишмоқда. Совет иттифоқи тарқаб, мустақил давлатлар энди оёққа тура бошлаган даврда Булоқбошида ҳам мадраса қурилиб, талабалар ўқитила бошлади. Мадрасага машҳур ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилган эди. Биринчи қалдирғочлар мадрасани битириб ҳам чиқишди. Бу ишда дадам ҳам устозлик қилиб, ҳам қурилиш ишларини жадал олиб бордилар. Акам Муҳаммад Содиқ ҳам маънавий, ҳам моддий кўмак бердилар.
Дадам бир муддат вилоят советига вакил бўлиб сайландилар. Шу давр ичида халқимизга, ватанимизга фойдаси тегадиган ишларни бажаришга ҳаракат қилдилар.
Шу билан бирга, фарзандлар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор билан қарадилар. Бизнинг ҳар бир ҳаракатимизни кузатардилар: қачон мактабга борамиз, қачон қайтамиз, бўш вақтимизда нималар билан шуғулланамиз – ҳаммаси назорат қилинарди.
Дадам ҳатто мактаб қоровулларидан ҳам бизни назорат қилиб туришларини илтимос қилар эдилар. Иқтисод масаласида ҳам қаттиқ турардилар. Берган хайитликларининг ҳам ҳисобини олардилар. Агар ноўрин сарфлаб қўйсак, танбеҳ берар, пулимизни китоб-дафтарга сарфлаган бўлсак, мақтаб қўярдилар.
Шунингдек, бизни ўйин-кулги, телевизорга тикилишдан ва бошқа беҳуда нарсалардан узоқ сақлардилар. Ўқишимизда ҳам аввало Қуръони Каримни ёдлашни, араб тилининг сарф ва наҳв илмларига алоҳида эътибор қилишимиз кераклигини таъкидлар эдилар. Ҳатто Қуръон ҳарфида ёзилган туркий китобларни ҳам кўп ўқишга рухсат бермасдилар. «Аввал араб тилини, унинг грамматикасини мукаммал билсанглар, қолгани осон бўлади», деб уқтирардилар. Шунинг учун биз энг аввал наҳв китобини ёд олган эдик.
Ота-онамиз биз фарзандларга намоз, рўза фарз бўлмасидан олдин намоз ўқишни, рўза тутишни ўргатишар, ҳатто кичкина синглимиз Тожинисохон ҳам рўза тутарди. Бундай диний таълим олишимизни, ибодат қилишимизни ҳаммадан – қариндош-уруғлардан, ҳатто қўшни кампирдан ҳам яширардик. Давр тақозоси шундай эди. Энди эса бу ҳақда фахрланиб ёзмоқдамиз. Ана шундай оғир даврда ота-онамиз бизни диний руҳда тарбиялаган эдилар.
Акамиз мадрасага қабул қилинганларида дадам бирга олиб бориб, у ердаги устозлардан ўғилларига яхшироқ эътибор беришларини илтимос қилганлар. Мадрасага борганда талабалар фойдаланаётган идиш-товоқларнинг уриниб қолганлигини кўриб, янги идиш-товоқлар олиб бориб берганлар – у пайтларда чинни идишлар танқис эди. Дадам у ерда ҳамма билан яхши муомалада бўлар, ҳадя-эҳсонлар тарқатар, вақти-вақти билан ош дамлаб, зиёфат қилиб берардилар. Мақсадлари битта – «Ўғлим ўқисин, олим бўлсин», дер эдилар.
Дадамиз бизга жуда қаттиқ турардилар. Назоратни бир дақиқа ҳам сусайтирмаганлар. Баъзан онамиз меҳрибонлик қилиб, «Болаларимиз баъзиларга ўхшаб ўйнашниям билишмайди», деб қолсалар, дадамиз: «Болаларимиз аввал ўқиб олим бўлишсин, кейин ўйнашаверади. Ҳали кўрасан, фарзандларимиз дунёни кезишади», дер эдилар. Айтганлари бўлди ҳам. Ҳамма бир йил ишлаб, меҳнат таътилига чиққач, бир ёқларга бориб, дам олиб келса, биз аксинча, меҳнат таътилига чиқишимиз билан уй томон шошилардик.
Ота-она фарзанд келажаги учун астойдил жон куйдирса, дуо қилса, бу дуолар ижобат бўлиши, ниятлар амалга ошиши шубҳасиз экан. Буни Шайх ҳазратлари мисолида яққол кўриш мумкин.
Падари бузрукворимизнинг охиратлари обод бўлсин, омин!
Давоми бор...
Исломга бағишланган умр китобидан
BintuSodiq канали