Ишчи гуруҳ томонидан Бухоро шаҳри МФЙларидаги муаммолар ўрганилмоқда

Ишчи гуруҳ томонидан Бухоро шаҳри МФЙларидаги муаммолар ўрганилмоқда


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари Бухоро шаҳридаги ўрганишлари доирасида вилоят марказидаги “Ситораи Мохи Хосса”, “Отбозор” ва “Гулчорбоғ” МФЙлари аҳолиси билан учрашиб, юртимизда аҳоли фаровонлигига эришиш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қонунчиликдаги янгиликлар ва уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари хусусидаги ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.Хусусан, юртимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий секторнинг улушини янада юксалтириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек, учрашувлар давомида жойларда уларни қийнаётган муаммолар ҳамда ечимини кутиб қолган масалалар бўйича ўз фикрларини баён этдилар. Бугунги кунда маҳаллаларда фаолияти йўлга қўйилган “еттилик” вакиллари, аёллар ва ёшлар иштирокида ўтказилган учрашувларда Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари томонидан ҳудудлардаги аҳоли турмуш тарзини яхшилаш билан боғлиқ мавжуд ҳолатлар атрофлича ўрганиб чиқилиб, мутасаддиларга аниқ тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Жумладан, “Ситораи Мохи Хосса” МФЙдаги 1-гуруҳ ногирони Ойша Одилова дори-дармонлар сотиб олишда қийналиб қолганлигини билдирди. “Сарвиноз-Элионара” оилавий меҳмонхонаси фаолиятини кенгайтириш учун эса 100 млн.сўмлик имтиёзли кредит зарур. Ҳудуд аҳолиси зич жойлашганлигини ҳамда мавжуд таълим муассасаларининг 2 км узоқликда жойлашганлигини ҳисобга олиб, янги мактаб ва МТТга, МФЙ ёшлари эса спорт майдончасига эҳтиёж сезишмоқда.

 “Отбозор” МФЙда аҳоли асосан иссиқхона фаолияти билан машғул. МФЙдаги хонадонларнинг аксарияти Сайҳунобод тажрибасини амалда қўллаган ҳолда иш олиб боришга киришган.

Ўз фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган тадбиркор аёллардан бири ишчи гуруҳ аъзоларидан унга банкдан 100 млн сўмлик имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

 Ишчи гуруҳ аъзолари Ғулчорбоғ МФЙ ҳудудидаги 25-сонли мактаб фаолияти билан танишганларида бу ердаги ер участкасидан унумли фойдаланилаётганлигига эътибор бердилар, бу ерда ташкил этилган боғни кўздан кечирдилар.

1-сонли МТТ масъуллари билан ўтказилган учрашувда эса ушбу муассасада болалар майдончаси йўқлиги сабабли янги майдонча барпо этиш масаласини ҳал этиш сўралди.

Оилавий беданачилик билан шуғулланиб келаётган Миршод Султонов ҳам ўз иш фаолиятини кенгайтириш мақсадида 100 млн. сўмлик имтиёзли кредитга эҳтиёжи борлигини маълум қилди.  

Учрашувлар чоғида аҳоли вакиллари томонидан илгари сурилган , ечимини кутиб қолган муаммолар бўйича ишчи гуруҳи аъзолари томонидан асослантирилган жавоблар берилиб, мавжуд камчиликлар амалдаги қонунлар доирасида белгиланган муддатларда ҳал этилиши айтиб ўтилди.

 




Report Page