Ишчи гуруҳ теримчиларга яратилган шароитни ўрганмоқда  

Ишчи гуруҳ теримчиларга яратилган шароитни ўрганмоқда  


Теримчилар учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, шунингдек, теримда мажбурий меҳнатга йўл қўймасликка жиддий эътибор қаратилмоқда.

Республика Ишчи гуруҳи аъзолари, жумладан, Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси М.Кадирханова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ш.Кулматов, У.Жабборовлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Истиқболли кадрлар селекцияси бошқармаси бош инспектори А.Рахманов, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши вакили Ш.Сабиров, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари О.Парпибоевалар Ўрта Чирчиқ туманидаги “Қайтмас” МФЙ ҳудудидаги далаларда бўлиб, шу каби масалаларга эътибор қаратди.

– Ҳудудимиздаги 449 та хонадонда 650 та оила истиқомат қилади, – дейди маҳалла раиси Абдуваҳоб Шолбоев. – Айни кунларда даладаги пахтани нест-нобуд қилмай, йиғиштириб олишда маҳалламиздаги 100 дан ортиқ теримчилар ташаббус кўрсатмоқда. Шунингдек, аҳолимизни пахта тергани мажбурий далага чиқишига йўл қўймаслик ҳақида ҳам тушунтириш ишларини олиб борганмиз.

Ишчи гуруҳ аъзолари “Мингқулова Шаҳло” фермер хўжалигида ҳам бўлишди. Айни вақтда фермернинг даласида пахта мўл. Шу кунгача кўзда тутилган ҳосилни ярмидан кўпи териб олинган. 

Теримчилар билан учрашув баҳонасида дилдан суҳбатлашилди. Энг илғор пахта терувчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

–Меҳнатимиз эвазига Олий Мажлис Сенати вакилларидан совға оламиз, деб асло кутмагандик, – дейди Умида Турсунбоева. – Эътибор ва ғамхўрликдан кучимизга куч қўшилди. Юртимиз пахта хирмонига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз.

Навбатдаги манзил “Асилбек Жасурбек” фермер хўжалиги бўлди. Фермер хўжалигининг жами ер майдони 138 гектар бўлиб, шундан 75 гектарида ғалла, 60 гектарида ғўза ҳамда 3 гектарида дуккакли ва бошқа экинлар экилган. Шу кунгача 55 тонна хом ашё териб бўлинди. 

Пахта далаларида қўшимча хизматлар қаторида шифокорлар томонидан доимий тиббий хизмат кўрсатилаётгани теримчиларга янада қулайлик туғдирмоқда.

Жорий йил пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан Ишчи гуруҳ ўрганишлари ҳудудлар бўйлаб давом этмоқда.

Report Page