Ишчи гуруҳ аъзолари Бухоро шаҳри маҳаллаларида

Ишчи гуруҳ аъзолари Бухоро шаҳри маҳаллаларида


Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари Бухоро шаҳрида бўлиб, ҳудуддаги бир қатор МФЙлар, мактаб ва мактабгача таълим ҳамда тиббиёт муассасалари масъуллари ва ходимлари билан учрашдилар. 

Учрашувлар давомида ер участкалари ва уларда қурилган биноларга бўлган фуқароларнинг ҳуқуқлари эътироф этилди. Шунингдек, ёқилғи энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этиш, кўп қаватли уйларда умумий мол-мулкни сақлаш ва ундан фойдаланишга доир чора-тадбирларнинг аҳамияти хусусида сўз борди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ҳудудларда аҳолини ўйлантириб келаётган муаммолар, сайловчилар томонидан кўтарилаётган масалаларни маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳамда “маҳаллалардаги еттиликлар” билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ҳолати билан танишдилар. Улар ўз ўрганишлари давомида бир қатор МФЙларда эскирган симёғочларни алмаштириш, аҳоли яшаш жойларида эҳтиёжга кўра қўшимча трансформаторлар ўрнатиш, ёмғир сувларини қочириш мақсадида тик қудудларни барпо этиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш сингари долзарб масалаларни ҳал этиш зарурлигига эътибор қаратдилар.

Жумладан, шаҳардаги 6247 нафар аҳоли истиқомат қилаётган “Намозгоҳ” МФЙда маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари билан ўтказилган учрашувда ёшлар бандлиги ҳамда улар орасидаги ишсизликни бартараф этиш масалалари илгари сурилди. Шунингдек, табиий газ, электр энергияси ҳамда ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва улардан тежамкорлик билан фойдаланиш масалалари бўйича асослантирилган фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳудуддаги 54 МТТда ҳам бўлиб, у ерда тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили шаҳардаги Б. Нақшбанд МФЙда жойлашган 43-умумтаълим мактаби ҳамда 11-сон оилавий поликлиникаси бўлди. Мазкур таълим ва тиббиёт муассасаларида кундалик ишлар тўғри йўлга қўйилганлигига амин бўлинди.

Хусусан, умумтаълим мактабида бир қатор фан тўгараклари ташкил этилган бўлиб, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларидан тўғри фойдаланишларига эътибор қаратилмоқда. 11-сон оилавий поликлиникада эса беморларни рўйхатдан ўтказиш электронлашган, шунингдек, лаборатория фаолияти ҳам талаб даражасида.

Ўрганишлар давомида ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳам кўздан кечирилиб, уларни ташвишга солаётган айрим муаммолар юзасидан тегишли йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг оммалаштирилаётган Сайҳунобод тажрибаси Бухоро шаҳрида ҳам кенг қўлланилаяпти. Шаҳардаги М.Таробий МФЙда балиқчиликни ривожлантиришга эътибор қаратилаётганлиги бунга аниқ мисол бўла олади. Шунингдек, маҳалладаги ёшлардан бири - Исломбек Хидировга бу ердаги ҳоким ёрдамчиси кўмагида банкдан ажратилган 17 млн сўмлик имтиёзли кредит асосида миллий ширинлик - новвот ишлаб чиқариш цехи фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда И.Хидировнинг бандлиги таъминланган.

“Ёшлик” МФЙга қарашли 31-умумтаълим мактаби тасарруфидаги спорт зали ва унда яратилган шарт-шароитлар, ушбу билим даргоҳидаги ошхона шароити билан танишган ишчи гуруҳ аъзолари мавжуд айрим камчиликларни бартарф этиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини бердилар.

        Маҳалла ҳудудидаги “Семурғ” сузиш ҳавзаси аёллар ва болаларни соғломлаштиришга ихтисослаштирилган бўлиб, бу ерда бир пайтнинг ўзида 185 нафар қамров имконияти мавжуд. Ишчи гуруҳ аъзолари ушбу ҳавзада бўлишганида унинг моддий-техник базаси талаб даражасида эканлигига ишонч ҳосил қилдилар.

Ўрганишлар давомида маҳаллалардаги “еттилик” тизими фаолияти, маҳаллий тадбиркорларга кредитлар ажратиш, улардан унумли фойдаланиш ҳамда уларни ўз муддатларида қайтарилиш ҳолатлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазаси ва экология ҳамда бошқа бир қатор долзарб масалаларга эътибор қаратилди.

Депутатлари ўз ваколатлари доирасида ечимини кутиб қолган муаммоларни амалдаги қонунларга биноан ҳал этиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганишлари Бухоро шаҳри бўйлаб давом этмоқда. 




Report Page