Ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш йўлида

Ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш йўлида

 

Халқ фаровонлиги, жамиятдаги барқарорлик, тараққиёт нималарга боғлиқ? Бу неъматлар бардавомлиги ва равнақини талай омиллар таъминлайди.

Партиямиз нуқтаи назарига кўра, бу борада ҳал қилувчи омиллардан бири хусусий тадбиркорликдир. Ишбилармонлар жамиятимизнинг ижтимоий фаол, иқтисодий мустақил тоифаси. Улар мамлакатимизнинг моддий ва маънавий бойликларини яратиш ва кўпайтиришда улкан роль ўйнайди.

Лекин тадбиркорлик осонликча ўз-ўзидан кенг қулоч ёзмайди, ривожланмайди. Бунинг учун мақбул шарт-шароит яратиш, хусусий бизнесга алоҳида эътибор, ғамхўрлик кўрсатиш керак. Жаҳондаги пешқадам давлатлар ана шундай муҳим вазифаларни муносиб уддалаган. 

Шу боис партиямиз 2019 йили парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов олдидан қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни барпо қилиш бўйича бир қанча вазифаларни ҳам белгилаб олган эди. Ҳозиргача уларни изчиллик билан бажариб, ўз электорати олдида юзи ёруғ бўлди, сўзи билан иши бир сиёсий куч эканини яна бир бор исботлади. 

Аввало шуни қайд этиш зарурки, партия томонидан олиб борилган жамоатчилик, депутатлик назорати, қонун ижодкорлиги фаолияти бу йўналиш такомиллаштирилишига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди – ўтган даврда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган 3 мингга яқин қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 6 июлдаги “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва 2022 йил 8 апрелдаги “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар хусусий сектор ривожи учун янги имкониятлар яратди. Ишбилармонларнинг эмин- эркин ишлашига халал бераётган тўсиқларни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳам қайд этиш зарур.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишлар, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил назоратнинг барча турлари бекор қилинди. Текширувлар ўтказишга мораторий муддати узайтирилди. Бундан ташқари, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 16 та назорат функцияси, тадбиркорлик соҳасидаги 132 та лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди. Давлат идоралари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлардан жами 73 та ҳужжат ҳамда маълумотномаларни талаб қилиш амалиётига чек қўйилди. Солиқ маъмурчилиги соддалаштирилди, солиқ юки қисқартирилди. Бизнес субъектлари микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилиб, уларнинг ҳар бири билан алоҳида ёндашув асосида ишлаш йўлга қўйилди, тегишлича енгилликлар, имтиёзлар берилди. 2023 йил якунига келиб, жами 472 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳаларига 10 триллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилгани ҳам эътиборга молик.

Мунтазам равишда технологик ютуқларга эришиш, ишлаб чиқариш қувватларини узлуксиз ошириш учун битта шартни бажариш талаб этилади, яъни, катта ҳажмдаги инвестицияларни жалб қилиш. Сиёсий куч бу йўналишда ҳам жуда долзарб вазифаларни белгилаб, уларни амалга ошириш бўйича тизимли иш олиб боргани алоҳида аҳамиятга эга. 2019 йилнинг декабридаёқ “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Мазкур ҳужжат билан чет эллик ҳамда маҳаллий инвесторлар фаолияти субъектларининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланди. Мамлакатга 200 минг доллардан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритган сармоядорларга инвестиция визаси жорий қилинди. Солиқ ислоҳотлари доирасида хорижий инвесторларга алоҳида имтиёз ва преференциялар берилди. Хорижий инвесторларнинг ўз акцияларидан оладиган дивидендлари уч йил муддатга солиқдан озод қилинди.

Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган корхоналар сармоя миқдоридан келиб чиқилган ҳолда муайян йилларга ер, мол-мулк ва сув солиғини тўлашдан озод қилинди. Бизнес ва инвестиция муҳитини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа кўплаб чора-тадбирлар ҳам амалга татбиқ қилинди. Натижада кичик тадбиркорлик субъектлари 586 мингтага, ўрта тадбиркорлик 12 мингга, йирик бизнес эса 2 мингтага етди. Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса 12 миллиард долларга яқинлашди. Бу 2019 йилга нисбатан 3 баробар кўп демакдир. 

Партиямиз бундан буён ҳам тилга олинган йўналишда ўз дастурлари, ташаббуслари ва амалий ишлари билан аҳоли фаровонлигини янада ошириш билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилишга муносиб ҳисса қўшаверади.

Дилшод ШОУМАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг

мафкуравий ва ташвиқот ишлари бўйича ўринбосари



Report Page