"Ишбилармон аёл-2024" кўрик-танловининг Вобкент туман босқичи ғолиблари аниқланди
Айни пайтда O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими томонидан анъанавий тарзда ҳар йили ташкил этиладиган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман (шаҳар) босқичлари ўтказилмоқда.
“Ишбилармон аёл” кўрик-танлови мамлакатимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар моҳиятини аёллар ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилган.
O’zLiDeP Вобкент туман Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.
Тадбирда танлов иштирокчилари ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, 5 та йўналиш бўйича ўз маҳоратларини синаб кўрдилар.
Кўрик-танлов низомига биноан ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан ҳар бир иштирокчининг тадбиркорлик фаолияти, кейинги пайтда эришган ишлаб чиқариш ютуклари, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва энг муҳими тайёр маҳсулотларнинг сифати, харидоргирлиги, бугунги давр талабларига жавоб бериши сингари шартларга қайт тарзда риоя қилинганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига биноан “Замонавий ташаббускор аёл” номинацияси бўйича тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “AMIR TEXTILE” корхонаси раҳбари Гулчеҳра Ражабова, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли” номинацияси бўйича тикувчилик йўналиши бўйича якка тартибдаги тадбиркор аёл Мадина Адилова,
“Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган тадбиркор аёл” номинацияси бўйича боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжалиги раҳбари Гулжан Мандайбаева, “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл” номинацияси бўйича 70 нафар аёлларни иш билан таъминлаган “VIP TEXTILE” ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Зебинисо Саидова, “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор” номинацияси бўйича якка тартибдаги тадбиркор Гулрух Жўраевалар ғолибликни қўлга киритдилар.
Кўрик-танлов якунида фахрли ўринларни олган иштирокчилар ва номинацияларнинг ғолибларига ташкилотчиларнинг диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.