“Ишбилармон аёл-2024" кўрик- танловининг Олот туман босқичи ғолиблари аниқланди
O'zLiDeP Олот тумани Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан "Ишбилармон аёл-2024" кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.
Тадбирда сўз олганлар юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка, ишлаб чиқаришга жалб этиш, бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтдилар.
Танлов жараёнида иштирокчилар фаолиятини баҳолашда ҳакамлар ҳайъати ишбилармон аёлларнинг туман миқёсида ҳунармандчиликни ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринларини яратиш борасидаги ишларига алоҳида аҳамият қаратдилар.
Танлов натижаларига кўра, туманнинг Бунёдкор МФЙда истиқомат қилувчи, ёш бўлишига қарамай, кўрпа-тўшак ҳамда юмшоқ ўйинчоқлар тикиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган Гулсевар Салимова “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор”, “Наврўз” МФЙда “Гўзаллик салони” фаолиятини йўлга қўйган Сарвиноз Киличова “Замонавий ташаббускор аёл”, “Дилкор” МФЙлик Маҳлиё Итолмасова “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл”,
“Маърифат” МФЙда миллий ширинликлар цехида фаолият олиб бораётган Мадинабону Қаҳҳорова “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли” ҳамда “Халифа” МФЙда истиқомат қилувчи “Шодия плюс” МЧЖ раҳбари Шодия Ғайбуллаева Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл” номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритдилар.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда O‘zLiDeP туман Кенгашининг эсталик совғалари топширилди.