Интервью олиш техникаси: қурбон, гувоҳ ва жабрланувчилар билан қандай суҳбатлашиш керак

Интервью олиш техникаси: қурбон, гувоҳ ва жабрланувчилар билан қандай суҳбатлашиш керак

Internews UZ

Муаллиф: Марсела Турати

Зўравонлик ёки жиноят, табиий офат ёки бахтсиз ҳодисаларни бошидан кечириш оқибатида руҳий зўриқиш олганлар билан суҳбатлашишнинг қатъий усули мавжуд эмас. Ҳар бир вазият ўзига хос, уларнинг ҳар бири алоҳида ахлоқий муаммо ва дилеммаларга эга.

Лекин 12 йил давомида турли зўравонлик кўринишлари ва унинг қурбонлари мавзусини ёритган журналист сифатида мен инсонийлик, нозиклик ва ҳурмат билан интервью ўтказиш бўйича қўлланма сифатида бир қанча тавсиялар тайёрладим. Бу маслаҳатлар менинг семинарларимда қатнашганларнинг тажрибалари, шунингдек, кўплаб курс ва маърузалар иштирокчилари, руҳшунослар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳамкасблар кузатувларига асосланган.

Ушбу ишнинг энг муҳим элементи ва ўзаро фаолият компоненти тийрак эътибор ва ҳавфсизлик ҳақида қайғуришдир. Жумладан, қуйидагилар жуда муҳим:

• интервью берувчининг хавфсизлиги (айниқса, қайта жабрланувчига айланишининг олдини олиш);

• ахборотни ҳимоя қилиш;

• биз ҳамкорлик қилаётган ҳамкасблар хавфсизлиги;

• сизнинг шахсий хавфсизлигингиз.

Инсон азоблари, адолатсизлик ва тенгсизлик оқибатлари, уруш ёки табиий офатлар кўпинча журналистларнинг диққат марказида бўлади. Бироқ, мен сизга интервью олишдан аввал ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеангиз ҳақида обдон ўйлаб олишни маслаҳат бераман. Ўзингизга савол беринг, жамоатчилик ушбу фожиа тафсилотларидан бохабар бўлиши керакми? Чиқишингиз билан нимага эришасиз? Aгар қурбон ёки жабрланувчи инсон билан суҳбат сиз учун ҳамон муҳим бўлса, айрим маслаҳатларга қулоқ тутинг:

1. ЖУРНAЛИСТ СИФАТИДА ЎЗИНГИЗНИ ТАНИШТИРИНГ.

Касбнинг асосий қоидаси – ўзингизни журналист сифатида таништиринг. Aгар буни хавфли деб ҳисобласангиз, ушбу маслаҳатни эътиборсиз қолдиришингиз мумкин. Aммо шуни ёдда тутингки, маълумот тақдим қилиш, интервью беришга рози бўлмаган шахс билан ахборотни боғламангиз.

 

2. ИНТЕРВЬЮ УЧУН ЕТAРЛИ ВAҚТ ТОПИНГ.

Aгар вақтингиз етарли бўлмаса, бу ҳақда суҳбатдошга хабар беринг ва аянчли ҳодисанинг тафсилотларига урғу бермасдан, воқеа ҳақида умумий саволлар билан чекланинг. Aкс ҳолда, суҳбатдош сизга оғриқли тафсилотларни очиб беришни бошлаши мумкин, сиз эса шошилиб, уни тинглай олмай қоласиз. Фақат нима бўлгани тафсилотини сўраш билан чекланиб қолманг; суҳбатдошга оид саволлар беринг – фожиа унга қандай таъсир қилгани, воқеалар пайтида у қандай ҳис-туйғуларни бошдан ўтказгани, кейинчалик ҳис-туйғуларини қандай енгишга муваффақ бўлгани ҳақида сўранг.

3. СУҲБAТ УЧУН ҚУЛАЙ МУҲИТНИ ТAНЛАНГ.

Аслида интервью учун ёлғиз ва хавфсиз гаплашиш мумкин бўлган, ҳеч ким сизни безовта қилмайдиган ва суҳбатдош сиз эшитишингиз учун овозини кўтариши шарт бўлмаган жойни танланг. Болалар суҳбатни эшитиши мумкин бўлган шароитлардан қочинг; катталар бола аллақачон ҳамма нарсага ўрганиб қолган деб айтса ҳам, суҳбат унга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

4. СУҲБAТНИ ЁЗИШ ЁКИ ЁЗМАСЛИК ҲАҚИДА ҚАРОРГА КЕЛИНГ.

Суҳбатни ёзиб олиш унинг учун ноқулайлик туғдирмайдими, шуни сўранг. Ён дафтарга қайд қилаётганда суҳбатдошнинг кўзига қаранг, бу шкалдаги алоқа жуда муҳим. Aгар суҳбат диктофон ёки видеокамерага ёзиб олинадиган бўлса, жараёнга пухта тайёргарлик кўринг, суҳбатдош техник носозликлар туфайли ноқулай аҳволга тушмаслигига ишонч ҳосил қилинг. Шунингдек, захира нусха сақлашни унутманг. Aгар гап муҳим далил ҳақида кетаётган, масалан, агар у воқеанинг илк гувоҳи ёки жабрланувчи бўлса, суҳбатни ёзиб олиш керак: кейинчалик файл судда далил бўлиши ёки тергов учун адолатни тиклашнинг асоси бўлиб хизмат қилиши мумкин.

5. ИНТЕРВЬЮ БЕРУВЧИНИ ТAЙЁРЛАНГ.

Суҳбат олдидан ёритилиш эҳтимоли бўлган мавзулар бўйича келишиб олинг. Сиз бошлаган суриштирувнинг мақсади ва нимага эришни кутаётгангизни тушунтиришгиз муҳим. Бу суҳбатдошга руҳий тайёргарлик кўриш имконини беради, унга берилажак саволларга тайёр туради, ишингиз ҳақида нотўғри фикрларга бормайди, сиз билан гаплаша олиш-олмаслигини аввалдан ҳал қила олади.

6. ЖAРAЁН ВA НAТИЖA НAЗОРAТИ.

Суҳбатдошга босим ўтказманг. Суҳбат аввалида барча қарорлар суҳбатдош томонидан қабул қилинишини таъкидланг ва унинг ҳуқуқларини тушунтиринг. Унга фақат ўзи жавоб беришни истаган саволларга жавоб бериши мумкинлигини айтинг; агар ўзини ортиқча босим остида ҳис қилса, танаффус олиши ёки суҳбатни тўхтатишга ҳақли; сиздан алоҳида хавфга эга маълумотларни ошкор қилмасликни сўраш имкони ҳам бор.

Жароҳат етказувчи ҳодисалар аксарият хотирага таъсир қилади. Суҳбат давомида тафсилотларга аниқлик киритиш учун вақт ажратинг.

7. СAВОЛЛAР САЛМОҒИНИ ЧАМАЛАНГ.

Фожиали ҳодиса қурбони билан суҳбатлашишда ҳамдардлик ва ўзингизни жабрланувчининг ўрнида тасаввур эта олиш қобилиятини талаб қилади. Ўзингизга савол беринг: Aгар бу инсон яқин кишингизнинг қариндоши бўлса, унга шундай саволларни берармидингиз? Бундан ташқари, саволларингиз кенг, батафсил жавоб олишни назарда тутиши ҳам муҳим (фақат ҳа ва йўқ эмас); бу жабрланувчига ўз сўзлари билан гапириш имкониятини беради.

8. ТОМОШАБИН БИЛАН АЛОҚАНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГ ВА ЭЪТИБОРЛИ ТИНГЛОВЧИ БЎЛИНГ.

Юзма-юз алоқада бўлишга интилинг, уяли телефон тебраниши ёки бошқа чалғитувчи омиллар сингари безовта қилувчи товушлардан сақланинг. Бу ўз ҳикоясини айтиб бераётган одам билан бемалол мулоқот қилишингизга ёрдам беради. Журналистнинг эътибори бир вақтнинг ўзида тўрт нарсага қаратилиши лозим: суҳбатдош нима ҳақида гапираётгани, суҳбат жараёнида у ўзини қандай тутяпти, теварак атрофда нималар бўлаётгани (масалан, бу ерда бегона одамлар ҳам борлиги сезилганда) ва интервью қайси йўналишга оғиб боряпти.

9. ИНСОННИ АЙБЛАЙДИГАН СAВОЛЛAРДAН ҚОЧИНГ.

Одатда, жабрдийдалар ўзларини айбдордек ҳис қилишади. Улар ёлғиз, таҳликада, уларга ҳамма ҳам ишонавермайди. Улар шафқатсизлик ҳақида бор овозда гапирадиган ҳар қандай одамни обрўсизлантириш учун қурилган тизимга зид равишда ҳақиқатни айтишади.

Савол беришда эҳтиёт бўлинг, жабрланувчини айбдорга чиқариб қўйишга ҳаракат қилманг. Масалан, «Сиз қоронғи жойда бир ўзингиз юришдан қўрқмадингизми?», каби саволни берманг. Ҳудуд хавфлими ёки у ерда кўча чироқлари тез-тез ишламай қоладими, деб сўранг. Aйбловни жабрланувчига юклаб қўйманг.

10. ИНСОНГА ЗИЁН ЕТКАЗИШ ТАЖРИБАСИ ҲАҚИДА ЭСЛAТИШ ЎЗИНИ ОҚЛАЙДИМИ, ЎЙЛAБ КЎРИНГ.

Баъзи суриштирувлар, масалан, қатор зўрлаш, жинсий зўравонлик ёки полиция қийноқлари намуналарини топишга уриниш – оғир жарохат билан боғлиқ вазиятларнинг тафсилотларини талаб қилади. Ушбу турдаги интервьюларни жабрланувчиларнинг розилиги билан ва сизнинг материалингиз учун ҳақиқатан ҳам мантиқий бўлганда ўтказиш мумкин. Саволлар суҳбатдошни азоблашнинг бир тури сифатида қабул қилиниши мумкин, шунинг учун уларни нозик тарзда, оралиқлар билан бериш керак. Aгар суриштирувингиз учун бу каби тафсилотлар керак бўлмаса, ишингизда жабрланувчининг аввалги баёнотларини келтирганингиз маъқул.

11. ЖАРОҲАТ ЕТКАЗМАСЛИК ТАЖРИБАСИ ТУШУНЧАСИНИНГ ТУРЛИ ЙЎЛЛAРИНИ ИЗЛАНГ.

Сўз – дардни ифодалашнинг ягона усули эмас. Жабрланганларнинг ҳис-туйғуларини оғриқли дамларни эслашга мажбур қилмасдан тушуниш йўлларини изланг. Жабрланувчидан шеър, қўшиқ, расм, кундаликларидан парча ёки ниятлари ҳақида сўранг, бу сизга унинг ҳис-туйғуларини ярасини янгиламасдан тушуниб олишингизга ёрдам беради. Яхши усул – ундан тушларини гапириб беришни сўрашдир. Тушлар, одатда, етарлича ифода кучига эга бўлиб, сиз суҳбатдошнинг ўтмишини қайта ёдга солмасдан талаб қилган саволларингизга жавоб оласиз.

12. AГAР ИНСОН БЕЗОВТА ЁКИ ЙИҒЛAЁТГАН БЎЛСА, БУНГА ҲОТИРЖАМ ҚАРАНГ.

Аянчли ҳодисалар ва оила аъзоларини йўқотиш ҳақида суҳбатлар оғриқли бўлади; суҳбатдошингиз турли сабабларга кўра йиғлаб юбориши мумкин. Эҳтимол, саволлар унчалик тўғри берилмаган ёки суҳбат мавзусининг ўзи кучли ҳис-туйғуларни уйғотадиган, йиғилиб қолган ҳис-туйғуларни чиқариб ташлаш учун қулай фурсатдир.

Суҳбатдошга унинг сўзларини тасдиқлаши ва тўлдириши ёки уларни рад этиши мумкин бўлган бошқа одамлар билан гаплашмоқчи эканлигингизни ҳам англатиб қўйиш муҳимдир.

Aгар суҳбатдош йиғлаётган бўлса, ортиқча ҳис-туйғуларсиз муносабатда бўлинг. Унга ёрдам керак ёки йўқлигини хушмуомалалик билан сўранг, сув ичишни таклиф қилинг. Сочиқ ёки рўмолча таклиф қилиш ҳар доим ҳам яхши фикр бўлавермайди, буни журналист жабрланувчини ҳис-туйғуларини жиловлашга ва суҳбатни давом эттиришга ундаётгандек талқин қилиш мумкин. Қучоқлаш шахсий ҳаётга тажовуз сифатида қабул қилиниши мумкин ва шунинг учун тавсия этилмайди, айниқса, қийноқлар ёки жинсий тажовуз қурбонлари билан саҳбатлашиш пайтида.

Баъзан суҳбатдош умидсизлик, ғазаб ёки безовталанишни ҳис қилади. Уларнинг ҳолатида бундай реакциялар нормал ҳисобланади. Aгар киши матбуотни танқид қилса, яхшиси, баҳс бошламаслик керак – фақат уни тингланг. Aгар вазият назоратдан чиқиб кета бошласа ва ўзингизни хавф остида ҳис қилсангиз, эҳтиёткорлик билан кетиш ҳаракатини қилинг.

13. ИНТЕРВЬЮНИ УНИНГ ЎЗИГА КЕЛАЁТГАНИ ҲАҚИДАГИ САВОЛ БИЛАН ЯКУНЛАНГ.

«Бу кунларни бошдан кечиришни қандай эпладингиз?» ва «Оддий ҳаётга қайтишингизга нима ёрдам берди?» - бу оғриқли мавзу бўйича суҳбатни тугатиш учун фойдаланиш мумкин бўлган саволларга мисол. Суҳбатдошнинг имкониятлари, инсон характерининг кучи ва нима учун биргаликда ишлаш муҳимлиги ҳақида фикр юритиш учун имкон яратиш муҳимдир. Бу нафақат журналист учун муҳим маълумотни олиш, балки одамни қайғули ва травматик тажрибалар билан чекламасдан, суҳбатни эришилган нарсалар ҳақидаги ҳикоя билан якунлаш имконини беради.

Суҳбат охирида журналист жабрланувчига ишончи, бошидан ўтказганларини гапириб бергани учун миннатдорчилик билдириши керак. Ўзаро алоқа маълумотларини алмашинг, лекин бажара олмайдиган нарсаларни ваъда қилманг ва уни ушбу суҳбат туфайли адолат юзага чиқади, деб ишонтирманг.

14. МУМКИН НAТИЖAТЛAРНИНГ БАРЧАСИНИ ТAҲЛИЛ ҚИЛИНГ.

Муайян вазиятларда, масалан, зўравонлик ва жазосизлик кенг тарқалган шароитда, материал эълон қилаётган ҳар бир журналист ўз суҳбатдоши учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар ҳақида ўйлаши керак. Суҳбатдош билан бирга унинг баёнотлари қандай хатарларга олиб келиши, ушбу хавфларни қабул қилишга тайёрми ёки йўқми ва бу хавфларни қандай камайтириш мумкинлигини таҳлил қилинг. Нашр қилишдан олдин, маълумотни қайта ўқиб чиқишга вақт ажратинг ва бу материал иштирокчилар учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини (масалан, жиноятчининг шахсини ошкор қилиш) муҳаррир билан маслаҳатлашинг ва манбааларни ҳимоя қилиш стратегияси ҳақида ўйланг. Гоҳида баъзи тафсилотларни қолдириб кетишга, бошқа ҳолатни кутишга тўғри келади ёки маълумотни қандай қилиб бошқача шаклда тақдим этиш ҳақида ўйлашингиз керак.

15. МAЪЛУМОТНИ ТЕКШИРИНГ.

Аянчли ҳодисалар кўпинча хотирага таъсир қилади. Вақт ўтиши билан хотиралар қўрқув, нима бўлганини тушуниш зарурати, ҳамма нарсани унутиш истаги, янги маълумотлар ёки шунчаки бошқа одамнинг гувоҳликларини эшитиш сабаб ўзгаради. Aгар сиз воқеага асосланадиган аниқ тафсилот ва шарҳларни олишни истасангиз, бу интервьюга алоҳида эътибор қаратинг. Суҳбат давомида тафсилотларни аниқлаштириш учун ўзингизга вақт беринг.

Aгар сиз суриштирув материали устида ишлаётган бўлсангиз, иложи борича кўп маълумот тўплаш муҳим. Жабрланувчидан олинган кўрсатмаларни тасдиқловчи гувоҳ ва далиллар изланг ҳамда агар маълумотлар бир-бирига зид бўлиб чиқса, тафсилотларни эътиборсиз қолдирманг.

Зўравонлик қурбони бўлган инсон билан суҳбатлашаётганда, агар сиз унинг сўзларини тасдиқлаши ва тўлдириши ёки муқобил версиясини тақдим этиши мумкин бўлган бошқа одамлар билан гаплашмоқчи бўлсангиз, бу ҳақда уни огоҳлантиринг. Бу муҳимдир. Aгар сиз жиноятда айбланаётган шахс билан суҳбатлашаётган бўлсангиз ёки расмий идораларнинг фикрини ҳам келтирмоқчи бўлсангиз, якуний сўз улар томонидан айтмаслиги керак. Ишингиз ортидан гувоҳликларини сиз билан баҳам кўрган одамни қайта қурбон бўлишига йўл қўйманг. Жабрланувчи материал эълон қилинишидан аввал унга қарши қўйилган ҳар қандай қарши айбловларга жавоб бера олиши керак.

Журналистика қоидаларидан бири маълумотни текширишдир. Бундай мавзулар устида ишлашда асосий қоида – жабрдийдаларни қайта қурбонга айлантирмаслик.

Марсела Турати – мустақил журналист ва Мексиканинг Quinto Elemento Lab нотижорат журналистик суриштирув ташкилоти ва Where Do the Disappeared Go?  (Бедарак кетганлар қаерга кетади?) веб-сайти асосчиларидан бири. Турати бедарак йўқолганлар, зўрлик ортидан ғойиб бўлганлар, муҳожирларнинг оммавий ўлдирилиши ва оммавий дафнларга оид суриштирувлари билан танилган.



Report Page