Инсондаги энг жирканч туйғу – бу ҳасад!
(1-мақола)
Ҳозирги пайтда фан номзоди (PhD) ёки фaн доктори (DSc) илмий даражасига сазовар бўлган кишилар “мен олим бўлдим”, деб мағрурланиб юрадилар. Мен олдин ҳам айтган эдим, яна такрорлайман, одамларга илмий даражага эга бўлгани билан олим деган шарафли номни бериб бўлмас экан.
* * *
Бирорта киши бирорта йўналишда (философия, филология, иқтисодиёт, тиббиёт, табиий фанлар ва ҳ.к) фaн доктори (DSc) илмий даражага муяссар бўлса, битта фандан ёзиб, шу даражага эга бўлади. Аммо бун кишининг характерида ўзгариш бўлмаса, иймони ва онги ўзгармаса, ёнидаги кишига ҳасад қилиб юрадиган бўлса у ҳали олим эмас. Буни фақат илмий даражага эга бўлган киши, деб баҳолаш мумкин, холос.
* * *
Мен қарийб 30 йилдан буён турли илмий кенгашлар аъзоси сифатида “олимлар” оламида юрибман. Баъзан илмий раҳбарлар бир-бирига ҳасад қилиб келишмай қолса, шогирдлар азият чекади. Шогирдларга ҳимоягача ва шу жараёнда ҳам тўсқинлик қилади. Бунинг замирида асосан ҳасад ётади. Ҳасадгўй кишини нафақат олим, балки тўлақонли инсон, деб ҳам бўлмайди.
* * *
Ҳасадгўй инсон ўзини тўлиқ йўлга сола олмаган иймони суст одам бўлади. Ҳурматли олимлар, ўзингизни бир тафтиш қилиб кўринг, қалбингизда заррача бўлсада ҳасадни сезсангиз, ҳали сиз мукаммал эмассиз. Ўзингизни тарбиялаш ва бу иллатдан қутилиш билан шуғулланинг. Ўзингизни тарбия қила олмасангиз, қандай қилиб, шогирдларни тарбия қиласиз.
* * *
Ҳаётда энг пасткаш инсон ҳасад қиладиганлар экан. Буни тушуниш учун қуйидаги ривоятни ўқинг[1]:
“Ривоят қилишларича, бир мамлакатда учта сўқир кўр жуда қийналиб яшар экан. Кунларнинг бирида Фаришталар Аллоҳдан шу кўрларнинг дардига шифо тилаб, кўзини очиришга мадад беришини сўрабди. Аллоҳ Фаришталарига: олдин уларнинг ўзларидан сўранглар, улар нимани хоҳлашади, чунки уларнинг бирортаси ҳам мендан кўзларининг очилишини сўраган эмас, дебди. Бу гапни эшитиб Фаришталар ўша учта сўқир кўрларнинг олдига бориб, биз Аллоҳдан вакил бўлиб келдик, нима тилайсилар, деб сўрабди.
* * *
Биринчи сўқир кўр: “Мен Аллоҳдан барча одамларга саломатлик тилайман, ҳеч банда мен сингари кўр бўлмасин”, деб тилак билдирибди.
Иккинчи сўқир кўр: “Мен аллоҳдан кўзимни очишини сўрайман. Ҳеч маҳал кўр бўлмайин”, деб илтижо қилибди.
Учинчиси эса: “Мен сингари ҳамманинг кўзи кўр бўлишини тилайман”, деган экан.
Биринчи сўқир кўр комилликка интилган олийжаноб одам экан, иккинчиси, фақат ўзини ўйлайдиган эгаист экан, учинчиси ҳасадгўй, бемани одамлар тоифасига мансуб экан. Бунга изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак. Қиссадан ҳисса ва хулосани чиқариш китобхонинг ўзига ҳавола”.
* * *
Яна битта ривоят: “Уч улфат суҳбатлашиб ўтирган экан. Уларнинг олдига бир фаришта келиб, Худо мени сизларнинг олдингизга жўнатди. Нима тиласа бераман. Фақат битта шарти бор: уларга сўраганини бераман, қўшнисига икки карра кўп қилиб бераман, деди, деган экан.
Биринчиси: – Менга бир от берсин, дебди. От берибди. Уйига борса қўшниси: қўшнижон менга Худойим иккита от берди, дебди.
Иккинчиси: – Худодан уй сўрабди. Уйига борса, қўшниси, - Э, биродар менга Худойим иккита уй берди, деб хурсанд бўлибди.
Учинчиси: – Худойимга бориб айт, Менинг бир кўзимни ўйиб олсин, деган экан”[2].
* * *
Кўриниб турибдики, биринчиси ва иккинчиси яхши одамлар, мендаги ёмонлик бошқаларда ҳам бўлмасин дейишмоқда, аммо, учинчиси эса ҳасадгўйнинг ўзгинаси. Майли, ўзининг кўзи ўйилса ўйилсин, лекин қўшнисининг кўзи бутунлай кўр бўлишини хоҳлаяпди. Даҳшат. Биродарларим имкон қадар ҳасаддан қутилишга ҳаракат қилиб ва ниҳоят бутун қутилиб яшанг. Ҳасад – инсонни икки дунё саодатидан ҳам маҳрум қиладиган энг ёмон ва жирканч иллат.
* * *
Фозил Қори (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) олимларга хос ва мос бир ривоят айтган эди: Амир Темур Соҳибқирон янги подшоҳ бўлганда иккита зўр олимни бир синамоқлик учун шикорга (овга) таклиф этибди. Бири Абу Саид Барака, иккинчилари ниҳоятда ўша замондаги етук аллома олим, экан. Отда учалари бир тексда кетаётганда Абу Саид Бараканинг оти олдинроқ кетиб қолибди.
* * *
Ўрни келди дедибдида Амир Темур, олломага қараб, “бу Абу Саид Баракани жуда зўр олим, тақво, авлиё дейсилар. Мен подшоҳ бўлсам, сиз бир аллома бўлсангиз, у бизни менсиммасдан олдинга ўтиб кетиб қолдику”, деб сўрабди.
* * *
Аллома: “Шоҳм бу инсонга Аллоҳ шундай илм берганки, осмонга учиб кетмаяпди ҳалиям. Бу зотнинг ўтирган оти бу инсоннинг улуғлигидан осмонга учай деб тез кетиб қолаяпди. Бу инсон билан ҳамзамон бўлганимиздан Аллоҳга шукур қилайлик. Жуда тақволи олим”, дебди.
* * *
Отни бир қамчилаб, Абу Саид Баракага етиб олган Амир Темур энди у киши билан сўз бошлабди. “Бу алломага олим, авлиё дейсиз, бизни менсинмасдан орқада бемалол келаяпди. Бу қанақа одам ўзи?”, деган саволни берибди.
* * *
Абу Саид Барака айтган эканлар: “Амирим, бу инсоннинг илми шу даражадаки, ҳалиям уни ер, замин кўтариб турибди. Бу зот минган от бу одамнинг илмию, тақвосини кўтаролмасдан аста-секин келаяпдида. Бу инсон билан ҳамзамон бўлганимиздан Аллоҳга ҳамду сано айтайлик”, деган экан.
* * *
Алҳамдиллиллаҳ, дебди Амир Темур, “Олимларим иттифоқ экан, албатта фуқароларим иттифоқ бўлади. Агар олимларим ноиттифоқ бўлса, фуқароларим ундан баттор бўларди. Энди бемалол юриш қилсам бўлар экан”, деган хулосага келган экан.
* * *
Иттифоқликда, дўстликда жуда гап кўп азизлар. Мана иккита аллома, ҳақиқий олимлар. Уларнинг бирортасида заррача ҳасад йўқ. Бир-бирини шу даражада тан оладики, бири-биридан шеригини устун қўяди. Бу бизлар учун ибрат бўлмоғи лозим.
* * *
Ҳасаддан қутилишга ҳар бир шахс ва бутун жамият муҳтож. Ҳасад бор жойда тараққиётга катта тўсиқ бор, деб ҳис қилиш лозим. Чунки ҳасад бўлса, бир-бирига ёрдам бериб, ишни битириш учун эмас, балки асосий вақти ва кучини шу ишнинг битмаслиги учун, ҳасад қилинаётган киши хурсанд бўлмаслигини учун сафлайди. Бу албатта тараққиётимизга тўсиқдир.
* * *
Биродарлар, нафақат олимларда, балки ҳақиқий инсонларда ҳам ҳасад бўлмайди. Агар кимнинг қалбида ҳасад бўлса, унинг ҳақиқий олимлик бу ёқда турсин, ҳатто тўлақонли инсонийликка ҳам даво қилишга ҳақи йўқ.
* * *
Мамаюнус Пардаев ҳикматларидан
[1] Пардаев М.Қ. сабоқ. (маърифий тўплам). – Т.: “Фан ва технологиялар нашриёт-матбаа уйи”, 2021.
[2] Пардаев М.Қ. сабоқ. (маърифий тўплам). – Т.: “Фан ва технологиялар нашриёт-матбаа уйи”, 2021.