Инсон ва қонун
Бугунги кунда фирибгарлик ҳолати ҳақида тез-тез эшитадиган бўлиб қолдик. Ачинарли томони шундаки, бундай номақбул ишни кўпинча ёши ҳали ўттизга ҳам етмаган ёшлар ўзларига “касб” қилиб олишганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу ҳам бўлса айрим ота-оналарнинг бола тарбиясига вақтида эътибор бермаганлиги, уни тўғри йўлга бошламаганлиги натижасидир.
Ана шундай ёшлардан бири пойтахтлик Х.С.дир. Унинг бу сафарги фирибгарлиги биринчиси эмас. Х.С. 2024 йил 11 мартда Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди,
28,211-моддаси 1-қисми ва 169-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, 3 йилу 11 ой, 7 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланганди. Пробация ҳисобида турган бу йигит бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан яна жиноят содир этди.
Х.С. 2025 йилнинг 5 август куни тез ва осон бойиб кетиш мақсадида, бу ҳаракатлари фирибгарлик эканлигини била туриб, пойтахтнинг Учтепа туманида яшовчи Н.Ж.нинг ишончига кириб, унга турмуш ўртоғи Х.Ш. номига расмийлаштирилган АТБ “InfinBank” Зангиота тумани филиали билан 2025 йил 8 майда тузилган кредит шартномасига гаров таъминоти сифатида кўрсатилиб, 2025 йил 6 майда Нотариал идора томонидан таъқиққа қўйилган “SHEVROLET LACETTI” русумли автомашинасини 12.200 АҚШ долларига келишиб, ушбу автомашина учун келишилган пул маблағи ҳисобидан 3.000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини олади. Амалда эса Ж.Н.нинг номига автомашинани расмийлаштириб бермасдан, ундан олган пулларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.
Шундай қилиб, Х.С. жиноий хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этган.
Энди эса у бу қилмишига яраша жазо олади.
Х.ЎРИНОВ,
туман ИИБ ҳузуридаги
Тергов бўлими суриштирувчиси.