Инсон ҳаётини сақлаб қолиш-ҳар нарсадан муҳим!

Инсон ҳаётини сақлаб қолиш-ҳар нарсадан муҳим!

Buxoro.uz

Бир неча кундан бери ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоят ҳокимлиги томонидан COVID-19 инфекцияси билан касалланган фуқаролар даволаниши учун харид қилинган ва вилоят касалхоналарига етказиб берилган кислород концентраторлари учун ажратилган маблағлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Бу борада қуйидагиларни маълум қиламиз:

Аввало, барча журналист ва блогерларга вилоят ҳокимлиги томонидан сарфланган маблағларнинг самарали фойдаланиши юзасидан жамоатчилик назорати олиб борганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Сабаби, жамоатчилик назорати жамиятимиз учун жуда фойдали жараён бўлиб, фуқаролик жамияти шаклланишининг муҳим шартларидандир. Гарчи тиббий жиҳозлар бюджет маблағлари ҳисобидан харид қилинмаган бўлсада, бу ушбу маблағларни хохлагандек ёки мақсадсиз сарфлаш дегани эмас, албатта.

Концентраторлар масаласига қайтадиган бўлсак, нима учун вилоят ҳокимлиги уларни  айнан ўша таъминотчидан харид қилди?

Маълумки, охирги кунларда кўплаб юртдошларимиз иситма кўтарилиши, нафас етишмовчилиги ва сурункали пневмония ташхислари билан шифохоналарга мурожаат қила бошлашди. Ушбу фуқароларнинг аксариятида COVID-19 инфекцияси мавжуд ёки мавжуд эмаслигини  аниқлаш учун тест таҳлиллари олинганида манфий натижа берди. Яъни ушбу фуқароларда COVID-19 инфекцияси аниқланмади. Бу факт шу кунларда ижтимоий тармоқлар, қолаверса, аҳолининг “Нима учун касаллик юқтирган фуқаролар сони бунча кўпайган бир пайтда бу кўрсатгичлар расмий маълумотларда кўрсатилмаяпти?”,-деган саволларига жавоб назаримизда. Чунки тест натижалари тасдиқланмагунча бу фуқароларимизни COVID-19 билан касалланган дея кўрсата олмаймиз. Лекин уларни даволаш керак. Балки бу касалликнинг яширин тури, балки фуқаролар касалликни ўтказиб келишган–бу тўғрисида мутахассислар ўрганиш ишлари олиб бормоқда.

Кислород концентраторларини харид қилиш даврида ҳолат шундай эдики (бу ҳолат ҳозир ҳам ўзгармаган), шифохонада ётган кўплаб беморларда кислород етишмовчилиги кузатилди. Бундай вазиятда ҳар бир кун эмас, ҳар бир соат, ҳар бир дақиқа ғанимат. Вилоятда мавжуд шифохоналардан фақатгина Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази вилоят филиалида кислород станцияси мавжуд, холос. Қолган касалхоналардаги беморлар махсус баллонлар орқали зарур бўлган кислород билан таъминланади. Вилоят ҳокимлиги томонидан мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, яна иккита шифохонада кислород станциялари қуриш белгилаб олинди. Лекин ушбу станцияларнинг жиҳоз ва ускуналари чет элдан олиб келинишини инобатга олсак, станцияларни ишга тушириш учун 35-50 кун муддат талаб этилиши маълум бўлди. Бундан ташқари, охирги 15 кунда вилоятдаги барча шифохоналарга вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бошқармаси ва бошқа мутасадди идоралар саъй-ҳаракатлари билан қўшимча 400 дан ортиқ кислород баллонлари етказиб берилди.

Аммо шунда ҳам шифохоналарда мобиль кислород етказиб бериш аппаратлари харид қилинишига катта эҳтиёж сезилди. Боиси, кислород баллонлари бўлганлиги билан шифохоналардаги барча палаталарга кислород етказиб бериш имконияти чекланган. Қисқа муддатда харид қилинган, муҳокама учун мавзуга айланган кислород концентраторлари эса ўта долзарб кунларда олинганлигини вақт кўрсатди. Чунончи, ушбу концентраторлар мутахассислар таъкидлашича, кўплаб беморларнинг жонига оро кирди ва комплекс даволашлар билан биргаликда оғир аҳволдаги бир нечта беморнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Шунинг учун бугунги кунда ушбу аппаратлардан яна 100 га яқинини харид қилиш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан маблағ ажратилган. Аммо аппаратнинг ўзи Ўзбекистон бозорида бўлмаганлиги учун Хитой давлатидан етиб келиши учун 15-20 кун зарур бўлмоқда.

Энди “D02-8-AM” русумли концентраторлари параметрларининг интернет сайтларида эълон қилинган аппаратлардан фарқи хусусида. Мутахассислар кузатувларига кўра, харид қилинган аппаратлар беморни 1 минутда 8 литргача намланган кислород билан таъминласа, интернет сайтларида эълон қилинган аппаратлар 1 минутда 5 литргача намланган кислород билан таъминлаш қувватига эга. Бундан ташқари, харид қилинган аппаратлар оғир аҳволдаги беморларга кислород билан таъминлаш учун мўлжалланган бўлса, интернет сайтларида эълон қилинган аппарат ўрта аҳволдаги, яъни нафас олиш ўрта оғирликдаги беморларга кислород етказиб бериш учун мўлжалланган. Ўз-ўзидан уларнинг нархида ҳам тафовутлар мавжуд.

Яна бир муҳим масала. Интернет сайтларида эълон қилинган аппаратнинг фақатгина ишлаб чиқарувчи корхонадаги нархи кўрсатилган, яъни ушбу қиймат таркибида ускуналарни Хитойдан Ўзбекистонгача етказиб бериш транспорт харажатлари, ҳужжатларни расмийлаштириш ва божхона харажатлари инобатга олинмаган.  Ушбу харажатлар билан қўшиб ҳисоблаганда ушбу концентраторларни Бухорогача олиб келиш тахминан 100-120 АҚШ долларигача қимматлашади. Эълон берилган сайтлардаги манзилларга мурожаат қилинганда ҳам жавоб олиш имконияти бўлмади, ҳатто. Бундан ташқари, бугунги кунда юртимиз савдо сайтларида таклиф этилаётган мазкур концентраторларнинг нархларига назар ташласак, уларнинг хақиқий бозор нархлари акс этган деб ўйлаймиз.

Нима бўлган тақдирда ҳам бугунги мураккаб вазиятда, хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиш, бировнинг оғир аҳволидан фойдаланиб, манфаат кўриш нонкўрлик ва бугунги давлат сиёсатига қарши боришдир. Демакки, ушбу кислород концетраторларини харид қилишда ҳеч қандай шахсий манфаат кўзланмаган. Бунга тегишли органлар ҳуқуқий баҳони ҳам беради, албатта.

Яна бир ҳолатни айтиб ўтиш жоизки, бир ҳафта - ўн кун олдин вилоятда касалларни шифохоналарга қабул қилиш учун етарли шароитлар йўқ эди. Лекин ўтган даврда вилоят ҳокимлиги томонидан вилоятдаги эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, фуқароларга даволаниш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилди. Айрим ҳолларда тезкор қарорлар қабул қилишга тўғри келди. Буларнинг барчаси биринчи навбатда манфаат кўриш эмас, ҳолатни яхшилаш нуқтаи назардан келиб чиқиб қилинди. Бугунги кунда ҳам вилоят шифохоналари учун кўплаб зарур тиббий жиҳоз ва ускуналар, янги замонавий аппаратлар, дори-дармон харид қилиниши талаб этилмоқда. Буларнинг барчаси халқимиз соғлиғини таъминлаш мақсадига қаратилган.

Ўз навбатида, яна бир бор оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерларнинг вилоят ижтимоий ҳаётига бефарқ бўлмаганликлари жуда муҳимлиги билан бир вақтда, уларни асосланмаган ёки чуқур ўрганилмаган маълумотларни эълон қилишдан сақланиб, касалликка чалинган беморларнинг соғайишига бақувват иммун тизим, яхши кайфият улашиш йўлида фидойилик кўрсатаётган жонкуяр шифокорларимизга мададкор бўлишга чақириб қоламиз.

Зеро, Президентимиз таъбирлари билан айтганда, бугун кўринмас ёв билан жанг олиб борилмоқда. Ушбу жангда ғолиб бўлиш учун барчамизнинг бирлашишимиз жуда муҳимдир.

Бухоро вилояти ҳокимлиги