Инсон қадри улуғ, хотира абадий!

Инсон қадри улуғ, хотира абадий!


Ассалому алайкум ҳурматли фахрийлар, азиз ҳамкасблар! Авваломбор, барчангизни 9 май - Хотира ва қадрлаш куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман!

Маълумки, юртимизда 9 - май Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонлаши анъанага айланиб қолди. Мана шу улуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало, уруш майдонларидан қайтмаган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтирамиз.

Жанг майдонларида мардлик, жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ва бугун орамизда соғ-омон юрган фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз.

Аждодларни хотирлаш ва кексаларни эъзозлаш, улуғ қадрият ҳисобланиб, бу борада мамлакатимизда ҳар йили қабул қилинаётган дастурларда ёши улуғ, нуронийларга бўлган ҳурмат, эътибор диққат марказидадир.

9 май юртимизда кенг миқёсда “Хотира ва қадрлаш куни” катта тантаналар билан нишонланиб 1941-1945 йиллар уруш ва меҳнат фронтида тинчлик учун курашиб ҳалок бўлган жасур ва матонатли ўғлонлар хотираси ёд этилади ҳамда уруш ва меҳнат фронтида жасорат кўрсатган нуронийларимиз эъзозланиши халқимизга хос қадриятлар кўзгуси саналади.

Ўзбеклар азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғиботига бағишланган буюк миллий ва маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.

9 майни Хотира ва қадрлаш куни сифатида умумхалқ байрами дея эътироф этилиши замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ва ғоя ўрин олган.

Орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат - машаққат чекканлар бор.

Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш хукуматимиз

сиёсатининг устувор вазифаларидан бўлиб, ҳар йили миллат қаҳрамонлари муносиб тарзда рағбатлантирилиб келинади. Мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати аввал - бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.

Мустақиллик йилларида 35 жилдлик “Хотира” китобининг чоп этилгани ҳам улар хотираси учун аҳамиятли иш бўлди. Ҳозирда уруш қурбонларининг номлари “Хотира майдони”га ўрнатилган темир “дафтар”га ҳам зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган.

Инсон бу дунёга бахтли яшаш учун келади. Барча неъматлар Инсон ва унинг манфаати учундир.  Бугунги тинч ва фаровон кунларимиз учун эса улар олдида қарздормиз!

Барча юртдошларимизни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни билан яна бир бор муборакбод этаман.

Юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!


Худайназар Юнусов,

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси,

чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори, профессор.

 


Report Page