Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида эълон қилинган «Бўлажак олим» танлови ҳақида
t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialҲужжатлар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг www.yoshlarakademiyasi.uz сайтидаги “Танловлар” рукнига онлайн тарзда юкланади. Ҳар бир ҳужжатни юклашда ҳужжатнинг техник параметрлари кўрсатилган бўлиб, айни шу параметрларда жўнатиш талаб этилади. Дейлик, паспорт нусхаси, ПДФ форматда жўнатилсин, деган бандга айнан ПДФ кўринишидаги ҳужжат нусҳати юкланиши лозим.
Илмий ғоялар танлови
Бу танловда фан тараққиётининг самараси, илмий кашфиётларнинг натижаси сифатида пайдо бўладиган, турли фан соҳаларининг асосий тамойиллари, устувор қоидалари асосида ишлаб чиқилган лойиҳалар қабул қилинади. Илмий ғоялар бўйича аризалар белгиланган муддатлар ва шартларга мувофиқ икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда киритилган илмий ғоялар тўлиқ тақдим этилганлиги ва расмийлаштирилгани Ёшлар академияси томонидан кўриб чиқилади.
Иккинчи босқичда талабгорлар ўз илмий ғояларини Танлов комиссияси олдида тақдимот кўринишида ҳимоясини ўтказадилар. Тақдимот ҳимоясида талабгорлар илмий ғояни қисқа, лўнда ва асосланган ҳолда очиб бериши ҳамда пухта тайёргарлик кўрган ҳолда иштирок этишлари талаб этилади.
Бир талабгорга илмий ғояни амалга ошириш учун талаб қилинадиган маблағларнинг умумий ҳажми базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан ошмаслиги лозим.
Танлов доирасида Илмий ғоялар бўйича таклифлар жорий йилнинг 20 июнь куни соат 18:00 га қадар қабул қилинади.
Стартап лойиҳалар
Амалга ошиш хавфи юқори бўлган шароитда янги маҳсулот ёки хизмат турини яратувчи инновацион ишланмаларнинг қўлланилиши, кўлами ва тез ўсиш суръати билан фарқланадиган янги бизнес лойиҳалар стартап лойиҳалар саналади.
Стартап лойиҳани амалга ошириш мақсадида 20 фоиздан кам бўлмаган миқдорда пул ёки моддий қиймат кўринишида қўшимча молиялаштириш бўйича шерик мавжуд бўлган тақдирда, коллегиал органнинг тегишли қарори билан стартап лойиҳага молиялаштиришда устуворлик берилиши мумкин.
Мазкур танлов ғолибларига ажратилган маблағлар илмий изланишлар олиб боришга, шунингдек, иш ҳақидан ташқари, умумий маблағнинг камида 40 фоизи илмий асбоб-ускуналар, хом ашёлар ҳамда бошқа зарур материалларни харид қилиш ва натижада юқори қийматга эга, тижоратлаштириш имкони юқори бўлган янги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқаришни таъминлашга йўналтирилиши лозим.
Бир талабгорга стартап лойиҳани амалга ошириш учун талаб қилинадиган маблағларнинг умумий ҳажми базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 бараваридан ошмаслиги лозим.
Танлов доирасида Стартап лойиҳалар бўйича таклифлар жорий йилнинг 31 май соат 18:00 га қадар қабул қилинади.
Илмий лойиҳалар
Танлов доирасида эълон қилинадиган илмий лойиҳа мавзулари Ёшлар академияси томонидан давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий фаолият субъектларининг асосланган таклифлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммолари асосида шакллантирилади. Ҳозирда илмий лойиҳалар мавзулари шакллантириш жараёнида бўлиб, танловнинг бу йўналиши жорий йилда эълон қилинади.