430 нафар Информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари “Python” дастурлаш тилини ўрганади

430 нафар Информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари “Python” дастурлаш тилини ўрганади


430 нафар Информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари “Python” дастурлаш тили бўйича 3 босқичда ўқитилади.

Халқ таълими вазирлигининг янги ташаббуси билан Информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари ҳусусий сектор вакиллари ҳамкорлигида “Python” дастурлаш тили бўйича чуқурлаштириб ўқитилади.

Хабарингиз бор, Халқ таълими вазирлиги томонидан Информатика ва ахборот технологиялари фани дарсликлари замон талабларига мослаштирилиб, унга дастурлаш тиллари (Scratch, Python) ҳам қўшилди. Шу сабабли, ушбу фан ўқитувчиларида дастурлаш тиллари бўйича вужудга келган “бўшлиқ”ни тўлдириш мақсадида ўқитувчиларни янги дастурлаш тилларида ўқитиш ва малакаларини ошириш йўлга қўйилиши режалаштирилди.

Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб ҳар бир ҳудудлардан саралаб олинган 430 нафар Информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари “Python” дастурлаш тили бўйича қуйидаги 3 босқичда ўқитилади:

1-босқич: Basic Python – 160 соат;

2-босқич: Django Python – 72 соат;

3-босқич: Full Python – 4 соат (маҳорат дарси).

“Python” дастурлаш тили ўқув-курсини муваффақиятли тамомлаб, ўз тажрибаларини ўқувчилари ҳамда ҳамкасблари ўртасида оммалаштирган ўқитувчилар  Халқ таълими вазирлиги томонидан муносиб рағбатлантирилади. Шунингдек, жойларларда ташкил этилаётган Информатика ва ахборот технологиялари фани чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар учун муносиб кадрлар захираси шаклланади. Мазкур ихтисослаштирилган мактабларда ишлайдиган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 50 фоизгача устама қўшилади.

Халқ таълими вазирлиги хусусий сектор вакиллари ҳамкорлигида раҳбар ва педагог ходимларнинг ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида билим ва кўникмаларини ошириш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишни тизимли равишда амалга оширади.

Report Page