Имтиёзли ҳуқуқларга эга 13 тоифадаги шахсларга 2021 йилда «Dori-Darmon» АК тизимидаги дорихоналар орқали 22,9 млрд. сўмлик дори ва тиббиёт буюмлари бепул берилган

Имтиёзли ҳуқуқларга эга 13 тоифадаги шахсларга 2021 йилда «Dori-Darmon» АК тизимидаги дорихоналар орқали 22,9 млрд. сўмлик дори ва тиббиёт буюмлари бепул берилган

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бу ҳақда бугун АОКАда «Dori-Darmon» акциядорлик компанияси бошқарув раиси ўринбосари Абдуғани Комилов, компания молия бўйича директори Илёс Раззоқов, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори ўринбосари Аъзам Қурбонов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди:

https://t.me/aokamediakontent

✔️ Ўзбекистон фармацевтик бозорида дори воситаларини улгуржи реализацияси билан шуғулланиш ҳуқуқига эга 616 та ташкилот ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи 15460 та дорихона ва уларнинг филиаллари мавжуд.

Ана шундай йирик ташкилотлардан бири “Dori-Darmon” акциядорлик компаниясидир. 100 йилдан буён халқ саломатлигини асраш, аҳолига сифатли ва мақбул нархлардаги  дори воситаларини етказиб бериш йўлида хизмат қилиб келаётган, улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси тизимида 2078 та ижтимоий дорихона ва дорихона шахобчалари фаолият юритади. Ушбу дорихоналарнинг 1318 таси ёки 63,5 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Шунингдек, махсус жиҳозланган автомобилларда 120 та кўчма дорихона ташкил этилган бўлиб, бу кўчма дорихоналар маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган жадвал асосида республикамизнинг чекка, дорихона мавжуд бўлмаган ҳудудларидаги аҳолига керакли дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб беради.   

“Dori-Darmon” акциядорлик компанияси Давлат буюртмаси асосида хорижлик ҳамкорлар билан шартномалар имзолаган ҳолда,   2020 йилда        1 300 000 доза, 2021 йилда 3 668 000 дозадан ортиқ гриппга қарши вакциналарни юртимизга олиб келди. Ушбу вакциналар болалар, ўқитувчилар ҳамда шифокорлар бепул эмланиши учун санитария-эпидемиология осойишталик марказларига етказиб берилди. Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсадида дорихоналар орқали чакана реализация қилинди.

Жорий йилнинг илк кунларидан “Dori-Darmon” акциядорлик компаниясининг ижтимоий дорихоналарида Covid-19 ни уй шароитида 15 дақиқада аниқлашга мўлжалланган экспресс-тест аҳолига мақбул нархларда сотувга чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги “Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 204-сон Қарори билан амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг 13 тоифаси рўйхати тасдиқланган. Уларни дори воситалари ва тиббий буюмлари билан таъминлаш учун сарфланадиган харажатлар давлат томонидан қопланиши белгиланган. Ушбу тоифага кирувчи беморларга Компания тизимидаги дорихоналари орқали 2020 йилда 15,7 млрд. сўмлик дори воситаси ва тиббиёт буюмлари бепул берилган бўлса, 2021 йилда мазкур кўрсаткич 22,9 млрд. сўмни ташкил қилди.

Компаниянинг ҳудудий бўлинмаларида бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти давом этмоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги инъекцион эритмаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган “INTEGRA DD” масъулияти чекланган жамиятида ҳозирги кунда 30 га яқин номдаги инъекцион препаратлар рўйхатдан ўтказилган ва ишлаб чиқарилмоқда. 2021 йилда “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP” сертификатини олди. Фаол инвестиция дастури доирасида корхонага 2021 йилда хорижий инвесторлар маблағлари жалб этилиб, “ИНТЕГРA ДД” МЧЖ Ўзбекистон-Болгария қўшма корхонасига айлантирилди.

Навоий шаҳрида “Avitsenna” масъулияти чекланган жамияти фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда 17 турдаги гален дори воситалари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлиб, жорий йил якунига қадар “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти-GMP” сертификатини олиш мақсад қилинган.

Компания 130 дан ортиқ маҳаллий ва чет эллик етакчи ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Report Page