Император Николай II
https://t.me/ustozlar_uzbekistan

Николай II (Николай Александрович Романов) (1868.6. 5, Царское Село, хозирги Пушкин шаҳри — 1918. 17.6, Екатеринбург) — Россиянинг сўнгги императори (1894—1917), император Александр III нинг ката ўғлидир.
Ҳаёти.
Бўлғуси подшоҳга соҳибсалтанат Александр Учинчи буйруғига кўра, диний асосда таълим-тарбия берилади. Николай 13 йил давомида махсус дастур асосида ўқийди. Таълимнинг дастлабки 8 йили чуқурлаштирилган гимназия дастури асосида олиб борилиб, сиёсий тарих, рус адабиёти, инглиз, немис ва француз тили дарсларига алоҳида эътибор қаратилади. Сўнгги беш йил ичида эса у давлатни бошқаришда асқатадиган ҳарбий санъат, ҳуқуқ ва иқтисод фанларини ўрганади. Маърузаларни дунёга машҳур рус олимлари Н.Бекетов, Н.Обручев, Ц.Кюи, М.Драгомиров, Н.Бунге, К.Победоносцев ва бошқалар ўқийди. Пресвитер И.Янишчев валиаҳдга ҳуқуқ асосларини илоҳиёт ва дин тарихига боғлаб тушунтиради.
1894 йили Николай Иккинчи немис маликаси Алиса Гессенскаяга уйланади. Ана шундан сўнг пошшо хоним Александра Федоровна номини олади. Улар аввал тўрт – Ольга (1895), Татьяна (1897), Мария (1899) ва Анастасия (1901) деган қиз фарзанд кўради. 1904 йили Петергофда бешинчи фарзанд, ёлғиз ўғил – шаҳзода Алексей Николаевич туғилади.
Империянинг иқбол қуёши йилдан-йил сўниб, 1917 йил 25 февралда Николай Иккинчи манифести билан Давлат Думаси фаолияти тўхтатилади. Бундай қарор Русиядаги танг сиёсий вазиятни баттар чигаллаштиради. Николай Иккинчи алалоқибат 1917 йил 2 мартда тахтдан воз кечишга мажбур бўлади. Тожсиз шоҳ 1917 йил 9 мартдан 14 августгача оиласи билан Царское Селодаги Александровск саройида уй қамоғида яшайди. 1917 йил 14 августда эса яна оиласи билан 7 нафар офицер ва 337 нафар солдат қўриғида Тьюменга жўнатилади.
Давлат тепасига большевиклар келгач, император оиласи Тьюмендан Екатеринбургга кўчирилади. Улар тоғ муҳандиси Н.Ипатов уйига жойлаштирилади. Император оиласи билан бирга уларга хизмат этувчи яна беш киши – шифокор Е.Боткин (сариқ касалини кашф қилган олим), камерлакей А.Трупп, Александра Федоровнанинг оқсочи А.Демидова, ошпаз И.Харитонов ва ошпаз ёрдамчиси Л.Седнёв ҳам шу ерда истиқомат этган. Шоҳ оиласи ушбу манзилда ҳаётининг сўнгги 78 кунини ўтказган.
1918 йил 12 июлда император ва унинг оила аъзоларини қатл этиш ҳақида қарор қабул қилинади. Ушбу қарорни ким, қаерда, нега қабул қилинганию асл нусхаси қаерда сақлангани ҳануз сир бўлиб турибди. Шоҳ ва унинг оиласи Урал ишчи-деҳқон ва солдатлар кенгаши қарорига кўра қатл этилган деган ясама ҳужжат кейинроқ “пайдо бўлган”. Русия императори, унинг рафиқаси ва фарзандлари, доктор Боткин ҳамда шоҳ оиласи хизматидаги кишилар (ошпаз ёрдамчиси Л.Седнёвдан ташқари, бу гумашта сотқин шекилли, фожиадан бир-икки кун аввал ишдан четлатилиб, уйдан ҳайдалган) “Махсус ваколатли уй” – Екатеринбургдаги Н.Ипатов уйида 16 июлдан 17 июлга ўтар кечаси қатл этилади. Шоҳ оиласига тегишли барча шахсий буюм ва бойликлар қатлдан сўнг талон-тарож қилинади. (Николай Иккинчининг рафиқаси ва қизлари либослари ичига олтин занжирлар, бошқа қимматбаҳо тақинчоқ ва тошларни яшириб олган эди.)
Қатл куни Николай Иккинчининг оила аъзолари ва барча хизматчилари, одатдагидек, соат 22 дан 30 дақиқа ўтганда ухлашга ётади. Орадан роппа-роса бир соат ўтганда бу ерга икки киши махсус топшириқ билан келади. Улар қоровуллар бошлиғи П.Ермаков ва уй коменданти Я.Юровскийга қатл ҳақидаги қарорни топшириб, ҳукмни зудлик билан ижро этиш талабини қўяди. Уйқудан уйғотилган шоҳнинг оила аъзолари ва барча хизматчиларига Оқ армия аскарлари шаҳарга бостириб келаётгани, тўқнашув чоғида уй ўққа тутилиши мумкинлиги, шу сабаб дарҳол уйнинг ертўласига тушиш зарурлиги айтилади. Ертўлага тушилгач, ҳукм эълон қилинади ва қатл ижросига киришилади. Ушбу машъум “тадбир” кечаси соат бирда тугайди. (Мазкур сатрларни қалбда изтироб ва кўзда ёш билан ёздим – М.Т.)
Я.Юровский қўлидаги рўйхат бўйича қатлни ижро этган барча аскарлар венгер ўқчилари бўлган. Бу аскарлар рус тилини мутлақо билмаган, улар Я.Юровский билан немис тилида гаплашишган.
Оқлар ҳаракати Русиянинг Олий ҳукмдори деб эълон қилган адмирал А.Колчак изқувар Н.Соколовга Николай Иккинчи ва унинг оила аъзолари қатли юзасидан қидирув олиб боришни топширади. Аммо Колчак отиб ўлдирилгани, Совет ҳокимияти ўрнатилгани ва Н.Соколов Парижда вафот этгани сабаб ушбу қидирув охирига етмай қолади. 1991 йили Н.Соколов маълумотларига асосланиб, император оиласи жасадларининг қолдиғи топилади (ушбу жасадлар МВД ходими Г.Рябов тамонидан 1979 йили топилиб, қайтадан кўмиб ташланган эди). 2007 йил ёзида яна Эски Коптяков йўлида қидирув ишлари йўлга қўйилади. Бу гал шоҳ оиласининг 1991 йили топилмаган икки аъзоси (шаҳзода Алексей ва малика Мария) жасади қолдиқлари изланади. Ниҳоят император кўмилган жой яқинидан 10-13 ёшлардаги ўғил ва 18-23 ёшлардаги қиз жасади қолдиқлари топилади. Екатеринбург археологлари ва экспертлари хулосасига кўра, ушбу қолдиқлар шаҳзода Алексей ва малика Мария жасадига тегишли экани тасдиқланади. Николай Иккинчининг фарзандлари чопиб ташланганидан далолат берувчи из уларнинг елка қисмида аниқланган. Бундан ташқари калла суягида ўқ ҳосил қилган тешиклар ҳам бор. Николай II, унинг оиласи ва хизматчилари жасади элтиб ташланган лаҳадга тупроқ аралаш оҳак ва кислота сепилган.
Омманинг вахшиёна қатлга муносабатини ўша даврда яшаган В.Коковцов қуйидагича ифодалайди: “Аянчли хабар эълон қилинган куни мен икки бор кўчага чиқдим, трамвайда шаҳар кездим, аммо бирор ерда озгина бўлсин раҳм-шафқат, ачиниш-қайғуриш аломати кўрмадим. Ахборот баланд овозда, кесатиқ ва мазах оҳангида ўқиларди… Маънисиз бир тошбағирлик, қонсираган бир манманлик руҳи ҳукм сурарди. Теварак-атрофдан “Аллақачон шундай бўлиши керак эди”, “Қани яна бир шоҳлик қилиб кўр-чи энди”, “Николашкага – кришка”, “Эй, биродар Романов, ўйнаб бўпсан-да”, деган жирканч сўзлар эшитиларди…”
Император ва унинг оиласи жасади қолдиқлари 1998 йил 17 июлда Санкт-Петербург шаҳридаги Петропавловск хилхонасига олиб келиб дафн этилди. Николай II азоб-уқубат чеккан мўътабар зот дея эълон қилинди. Унинг хотирасини абадийлаштириш учун Екатеринбургдаги Ипатев уйи ўрнида муҳташам ибодатхона барпо этилди.
Мансур Таиров.