“Imfinzi” (дурвалумаб) дори воситасининг сохта партияларидан огоҳ бўлинг!
UzpharmcontrolЖССТ — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 2025 йил 15 майда тақдим этилган маълумотга кўра, Шарқий Ўрта ер денгизи ва Европа ҳудудларида “AstraZeneca” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган деб кўрсатилган “Imfinzi” (дурвалумаб), инфузия учун эритма тайёрлаш учун концентрат 500мг/10мл дори воситасининг сохта партиялари аниқланган.
Мазкур сохта маҳсулотлар Эрон Ислом Республикаси (BAZR, BBEG партияси) ва Туркия ҳудудларида (AVZT партияси) аниқланган бўлиб, бу ҳолатлар ҳақида 2025 йил март ойида ЖССТга хабар қилинган. Аввалроқ ҳам ЖССТ томонидан Арманистон, Ливан ва Туркияда аниқланган бошқа сохта партиялар ҳақида Тиббий маҳсулотлар бўйича огоҳлантириш №5/2024 орқали маълумот берилган эди.
Маълумот учун, “Imfinzi” (дурвалумаб) – фаол модда дурвалумаб асосидаги дори воситаси бўлиб, у моноклонал антитаначалар тоифасига киради ва монотерапия сифатида катталардаги кичик бўлмаган ҳужайрали ўпка саратони (NSCLC) ни даволашда қўлланилади. Дори воситаси рецепт асосида берилади.
Эслатиб ўтамиз, ЖССТ хабарида айтилган “Imfinzi” дори воситаси мамлакатимизда давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасида Тиббиёт амалиётида қўлланилишига руҳсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника Давлат реестрига киритилмаган. Айни пайтга қадар юртимизда “Imfinzi” дори воситасидан фойдаланиш билан боғлиқ ножўя ҳолатлар ҳақида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига спонтан хабарлар келиб тушмаган.
Ҳурматли юртдошлар!
Агар Сизда дори воситаларни қўллаш чоғида ножўя реакциялар аниқланса Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига мурожаат қилинг.
Қуйидаги ҳаволада кўрсатилган шаклдаги хабарномани farmakonadzor@ssv.uz электрон почтасига ёки 100002, Тошкент ш., Озод кўчаси, К. Умаров тор кўчаси, 16-уй манзилига жўнатинг.
Мурожаат учун: (71) 203-01-01 | 4144