Илмий тадқиқотлар учун грант ҳамда стипендиялар танлови ҳақида батафсил маълумот

Илмий тадқиқотлар учун грант ҳамда стипендиялар танлови ҳақида батафсил маълумот

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан эълон қилинган илмий тадқиқотлар учун грант ҳамда стипендиялар танлови ҳақида батафсил маълумот


Танловни ўтказишдан мақсад

Республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, соҳада фаолият юритаётган катта илмий ходим-изланувчилар, талаба ёшларнинг илмий фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси махсус грант ҳамда стипендиялар учун танлов эълон қилади.

Стипендия кимлар учун мўлжалланган?

Федерация стипендияси республикамиздаги олий таълим муассасаларининг магистратура ва бакалавриат талабалари учун мўлжалланган. Танловда қуйидаги мавзуларда магистрлик диссертацияси ёки диплом иши устида илмий-амалий тадқиқотларни олиб бораётган талабалар иштирок этиши мумкин:

  • чуқур касбий билимларни эгаллаш;
  • мутахассисларни тайёрлаш сифатини янада ошириш учун зарур шароитлар барпо этиш;
  • меҳнат соҳасида халқаро ва миллий стандартлар;
  • касаба уюшмалари фаолияти;
  • бандликни кафолатлаш;
  • бирлашиш эркинлиги;
  • меҳнат муҳофазаси;
  • ижтимоий-иқтисодий муҳофаза;
  • жамоа музокаралари ва бошқа турдош йўналишлар.

Шунингдек, барча олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни рағбатлантириш мақсадида гарчи магистрлик диссертацияси ёки диплом иши устида илмий-амалий тадқиқотларни олиб бормаётган бўлса ҳам, уларга юқорида келтирилган мавзуларда ижтимоий лойиҳа билан танловда қатнашиш имконияти берилади.

Стипендия миқдори қанча?

Стипендия фонди республикада ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг 100 (юз) баробаригача миқдорда белгиланади. Бунда стипендия фонди танлов комиссияси томонидан афзаллик берилган талабалар сонига нисбатан тақсимлаш орқали белгиланади.

Бу нима дегани?

Масалан, танлов комиссияси 10 нафар талабанинг илмий ишини маъқулласа, демак ҳар бир талаба бир йўла ЭКИҲ 10 баробари миқдорида тақдирланади. Агар 5 нафар талабанинг илмий иши маъқул келса, унда ҳар бир ғолиб ЭКИҲ 20 баробари миқдорида стипендияга эга чиқади.

Умумий стипендия миқдори ўқув йили охиригача бўлиб-бўлиб тўланади. Ёки ғолибнинг аризасига биноан, барча ойлик стипендиялар бир йўла тўланиши ҳам мумкин.

Стипендия танловида қатнашиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Талабгорлар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1.  таълим муассасасининг талабгор ҳақидаги маълумотномаси;

2.  талабгор олиб бораётган тадқиқотнинг (магистрлик диссертацияси ёки диплом иши) аннотацияси;

Агар талаба танловда ижтимоий лойиҳа асосида қатнашаётган бўлса, унда

белгиланган мавзудаги ижтимоий лойиҳанинг батафсил матни тақдим этилади (бунда лойиҳа мақсади, унинг ижтимоий аҳамияти ва амалий натижаларга йўналтирилганлиги ҳамда лойиҳани амалга ошириш механизмлари аниқ кўрсатилган бўлиши лозим);

3.  тадқиқот олиб борилаётган муассасанинг (кафедра, илмий-тадқиқот маркази) тавсияномаси (ижтимоий лойиҳа учун илмий раҳбар тақризи);

4.  талабгорнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар;

5.  иштирокчи анкетаси.

Ҳужжатлар қаерга тақдим этилиши лозим?

Танловга ҳужжатлар жорий йилнинг 20 ноябрь санасига қадар Касаба уюшмалари Федерацияси ёки унинг ҳудудий бирлашмаларида қабул қилинади. Батафсил маълумот ва анкета намунасини www.kasaba.uz сайтидан олишингиз мумкин.

АНКЕТАНИ ЮКЛАБ ОЛИШ

Федерация гранти кимлар учун мўлжалланган?

Федерация гранти олий таълим муассасалари катта илмий ходим-изланувчилари ва мустақил изланувчиларига тўланади. Танловда қуйидаги мавзуларда илмий-амалий тадқиқотларни олиб бораётган иштирокчилар қатнашиши мумкин:

меҳнат соҳасида халқаро ва миллий стандартлар;

касаба уюшмалари фаолияти;

бандликни кафолатлаш;

бирлашиш эркинлиги;

меҳнат муҳофазаси;

ижтимоий-иқтисодий муҳофаза;

жамоа музокаралари ва бошқа турдош йўналишлар.

Грант миқдори қанча?

Федерация гранти фонди тақдим этилган лойиҳанинг асосланганлик даражасига мувофиқ республикада ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг 75 (етмиш беш) баробаригача миқдорда белгиланади. Ушбу миқдор комиссия хулосасига кўра, бир нечта иштирокчилар орасида бўлиниши мумкин. Федерация гранти бир йўла тўланади.

Грант танловида қатнашиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Федерация гранти учун талабгорлар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1.  таълим муассасасининг талабгор ҳақидаги маълумотномаси;

2.  тадқиқот олиб борилаётган муассасанинг (кафедра, илмий-тадқиқот маркази) тавсияномаси;

3.  талабгор олиб бораётган тадқиқотнинг аннотацияси;

4.  катта илмий ходим-изланувчи ёки мустақил изланувчилигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

5.  талабгорнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар;

6.  иштирокчи анкетаси.

Ҳужжатлар қаерга тақдим этилиши лозим?

Танловга ҳужжатлар жорий йилнинг 20 ноябрь санасига қадар Касаба уюшмалари Федерацияси ёки унинг ҳудудий бирлашмаларида қабул қилинади. Батафсил маълумот ва анкета намунасини www.kasaba.uz сайтидан олишингиз мумкин.

АНКЕТАНИ ЮКЛАБ ОЛИШ

Натижаларни қаердан билиш мумкин?

Талабгорларнинг ҳужжатлари танлов комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва унинг натижалари Федерациянинг расмий веб-сайтида (www.kasaba.uz) эълон қилинади.

Report Page