Илмий грант ғолибларига сертификатлар топширилди

Илмий грант ғолибларига сертификатлар топширилди


Жорий йилнинг 23 сентябрь куни илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида эълон қилинган лойиҳалар танлови ғолибларига сертификатлар топширилди. 

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан илм-фанга қаратилаётган эътибор, илмий лойиҳалар натижадорлигининг муҳимлиги, юртимизда мавжуд илмий мактабларни ривожлантириш ва янгиларини яратиш ҳақида сўзлади.


– Илм-фанни янги усулларда ривожлантиришимиз зарур, – деди вазир. – Олимларимиз илм-фанга хизмат кўрсатиш инфратузилмаларидан фойдаланишни ўрганиши керак. Ғояларимизни амалга оширишда синалган, жаҳон стандартларига жавоб берувчи хорижий лабораторияларга буюртмалар бериш ишимизнинг самарадорлиги ва сифатини оширади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган фундаментал, амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танлови мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Тадбирда 11 та фан йўналиш кесимида Фанлар академияси ҳамда 3 та вазирлик, 1 та қўмита тасарруфидаги 10 та илмий-тадқиқот институтлари, 14 та олий таълим муассасаси, 6 та илмий марказ томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида молиялаштирилган умумий қиймати 67,2 млрд. сўм бўлган 34 та (22 та амалий, 12 та инновацион) лойиҳалар раҳбарларига сертификатлар топширилди.


Жумладан, 14 та қишлоқ хўжалиги, 4 та биотехнология ва биология, 8 та тиббиёт, 4 та филология, психология ва педагогика фанлари, 2 та ер тўғрисидаги фанлар, 2 та техника, 2 та фармакология ва фармацевтика, фанлари йўналишида амалга ошириляпти. Бажарилаётган лойиҳалар якуний натижалари қишлоқ хўжалиги соҳасида агротехнологиялар, тиббиёт соҳасида даволаш технологиялари, фармакология ва фармацевтика йўналишида дори воситалари ва субстанциялар, техник қурилмалар, тажриба-конструкторлик намуналари, дастурий маҳсулотлар олишга қаратилган.





Report Page