Илк маротаба Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари Канада ва АҚШга экспорт қилинди

Илк маротаба Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари Канада ва АҚШга экспорт қилинди


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзэлтехсаноат"уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов маълум қилди.

Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этувчи электротехника саноати корхоналари томонидан 2024 йил 1-чорак якунлари билан ишлаб чиқариш ҳажми – 5,1 трлн. сўмни, экспорт ҳажми эса 243,2 млн долларни ташкил этди. Бунда 72 та мамлакатга 98 та экспортчи корхона томонидан 200 дан ортиқ маҳсулотлар экспорт қилинди. Энг аҳамиятлиси, 16 та янги корхона илк маротаба ўз маҳсулотларини хорижга олиб чиқиш имкониятига эга бўлди.

Бундан ташқари, электротехника саноати тарихида биринчи маротаба Канада ва Америка Қўшма Штатларига экспорт амалга оширилди. Италия ва Ҳиндистон давлатларига кабел-сим ва мис қувурлари экспорти йўлга қўйилди.

GSP+ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда миллий электротехника маҳсулотлари Европанинг 6 мамлакатига кириб борди.

Хорижий брендларни жалб қилиш йўналишида эса Япониянинг JVC (Kenwood), Хитойнинг “TCL” савдо белгиси остида маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса 830 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Маълумки, электротехника саноатида мис хомашёси муҳим аҳамиятга эга. Бу борада тизим корхоналари томонидан ўтган 3 ойда 18 минг тонна мис хомашёси қайта ишланди.

"Инвестициялар дастури" доирасида умумий қиймати $75,6 млн долларлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Шундан $65 млн доллар маблағ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади.

Уюшмага аъзо корхоналар томонидан бюджетга тўловлар миқдори 203 млрд сўмни ташкил этди.

new.cooperation.uz портали орқали 374 та савдо шартномалари тузилган бўлиб, шундан қарийб 25 млрд сўмлик маҳсулотлар савдоси амалга оширилган.

Бундан ташқари, йил якунигача ҳудудларда жами қиймати 485 млн долларлик 85 та янги лойиҳа ишга туширилади. Бунинг натижасида 4395 та янги иш жойлари ташкил этилади.

2024 йилда ҳам ишлаб чиқариш салоҳиятини 20 фоизга ошириб, экспорт ҳажмини 1,5 млрд долларга етказиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, мис хомашёсини қайта ишлаш 140 минг тоннага етказилади. Оҳангарон туманидаги “Мис кластери”да 5 лойиҳа, Бухоро вилоятида ҳам маиший техникалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган технопарк ўз фаолиятини бошлайди.

2024 йил якуни билан Қарши шаҳрида 300 Мегаваттли, Нукус шаҳрида 200 Мегаваттли қуёш панели ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади. 


Report Page