Икки уч-ой ишлаб кўрай-чи...

Икки уч-ой ишлаб кўрай-чи...



Тошкент вилояти ҳокимлигига худди шу кайфиятда келган эдим. 
Журналистикада озми кўпми фаолият юритган бўлсам-да, ахборот хизмати мен учун тамоман янги муҳит эди. Юқоридаги кайфият ҳам шунинг меваси эди, аслида. Хуллас, оз эмас, кўп эмас 9 ой Тошкент вилояти ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, ахборот хизмати раҳбари сифатида ишладим. Бугун эса ЎЗ ХОҲИШИМ БИЛАН янги мақсадлар сари ушбу даргоҳда фаолиятим тугади.

Вилоят аҳли мени илиқ қарши олди. Ўзим кутганимдан кўра кўпроқ нарса ўргандим. Янги танишлар орттирдим. Тошкент вилояти ҳақидаги аввалги ва ҳозирги тасаввурим орасида ер билан осмонча фарқ бор. Қолаверса, шу пайтгача журналист сифатида муносабатда бўлганим – ҳокимият тизими ҳақида ҳам энди шу қозонда қайнаган ходим сифатида кўп нарса биламан...

Осон бўлмади, очиғи. Бу тизимда ҳам ҳамманинг кўнглини бирдек олиш имконсиз. Вазифам тақозоси -- кимлардир мендан ранжиди. Эътироф қилганлар ҳам бўлди. Ўзим ҳақимдаги гап-сўзларнинг бошқаларга таъсирини билмадим-ку, лекин бир нарсани ишонч билан айтаманки, ҳеч ким ҳақида миш-миш асосида хулоса чиқармадим, шахсий ғаразда бўлмадим, душман деб билмадим. Чунки мен аввало журналистман. Шу соҳа вакилиман. 

Ризқим бугун бу ерда, эртага бошқа ерда. Ҳамкасбларим билан кўз-кўзга тушиши доим ёдимда бўлди ва оқибатни ушлаб туришга уриндим. Ҳаттоки тиришдим... Катта жамоани бошқаришга тўғри келди. Айримларга ўткирроқ танбеҳ беришга ҳам. Лекин ҳаммаси профессионализм талаби учун бўлди. Ҳеч кимдан мукаммаллик кутмадим. Чуни ўзимдан ҳам қониқадиган даражада ишладим, дея олмайман.

Даврон Ҳидоятов ва Зойир Мирзаевларни ўз принцип ва стратегияларига эга шахс сифатида қайта кашф қилдим. Иккаласидан ҳам катта сабоқ олдим. Улардан миннатдорман.

Вазифамни бир неча номзод орасидан, вилоят ҳокими хулосаси билан Тошкент вилояти фарзанди, тажрибали журналист ва ижодкор, ҳамкасбим, “Тошкент ҳақиқати” ва “Ташкентская правда” газеталари бош муҳаррири Ғайрат Шералиев бажариб турадиган бўлди.

Хайрлашув онларида, кимнинг кўнглида зарра қадар хижиллик уйғотган бўлсам узр сўрайман. Тошкент вилоятининг самимий ва меҳнаткаш аҳли, бизни қўллаб-қувватлаган барча ҳамкасбларимга чуқур таъзимдаман. Ҳаққингизни ҳалол қилинг. Мен ҳалол қилдим...



Report Page