Ички валюта бозоридаги жорий ҳолат бўйича Марказий банк ахбороти

Ички валюта бозоридаги жорий ҳолат бўйича Марказий банк ахбороти

Марказий банк Матбуот хизмати

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда келгусида сўм алмашув курси ўзгариши билан боғлиқ турли хил фикрлар тарқалиши натижасида вужудга келиши мумкин бўлган спекулятив ҳолатнинг олдини олиш мақсадида Марказий банк қуйидагиларни маълум қилади.

Ўтган йилларда мамлакатимизнинг асосий ташқи савдо ҳамкор давлатлари миллий валюталари, хусусан, рубль ва тенге алмашинув курсининг сезиларли ўзгариши маълум даврдан кейин сўм курсига таъсир кўрсатиб келган.

Рубль билан тенгенинг қадрсизланиши кузатилган аввалги даврларда жаҳон иқтисодиёти ўсиш кўрсаткичларининг ижобийлиги ҳамда мамлакатимизда юқори инвестицион ва ишбилармонлик фаоллигининг сақланиб қолганлиги, иқтисодиётда ялпи талаб ва импортнинг ўсишини рағбатлантирган.

Ушбу вазиятлар билан бир қаторда банкларнинг кредит фаоллиги ошиши ва давлат харажатларининг кўпайиши савдо ҳамкорларимиз миллий валюталари девальвациясининг сўм алмашув курсига таъсирини янада кучайтирган.

Ҳозирги вақтда коронавирус пандемияси таъсирида жаҳонда ишлаб чиқариш ҳамжлари ва нефть нархининг пасайиши шароитида асосий савдо ҳамкорларимиз валюталари қадрсизланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги вазиятнинг ўзига хос хусусияти ва унинг миллий иқтисодиётимизга, шу жумладан, валюта бозорига таъсири аввалги глобал иқтисодий шароитлардан бироз фарқ қилади.

Бундан ташқари, йил бошидан банкларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари доирасида кредитлашга бўлган мувозанатли ёндашув, шунингдек, пул-кредит сиёсатининг бозор инструментларидан фаол фойдаланишга ўтилиши умумий ҳисобда валюта бозори конъюнктурасига бевосита ва билвосита таъсир кўрсата бошлади.

Шу билан бирга, ички валюта бозоридаги таклиф таркибида пул ўтказмалари билан бир қаторда хусусий ва давлат секторлари томонидан жалб қилинаётган узоқ муддатли қарз ва инвестициялар кўринишидаги хорижий капиталнинг улуши аста-секин ўсиб борди.

Хусусан, жисмоний шахслар томонидан банкларга чет эл валютасини сотиш ҳажми кетма-кет 4 ой давомида жорий пул ўтказмалари ҳажмидан юқори бўлди.

Натижада рубль ва тенге қадрсизланиши, меҳнат ресурслари ҳаракатига чекловлар жорий этилишига ва бунинг натижасида четдан кириб келадиган пул ўтказмаларининг вақтинча пасайишига қарамай, алмашув курсининг ҳозирги динамикаси ҳамда ички валюта бозорида кескин тебранишлар кузатилмади. Ушбу ҳолатни қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин:

Биринчидан, кутилаётган глобал иқтисодий пасайиш ва пандемияга қарши кўрилаётган чоралар иқтисодий фаолликни пасайишига олиб келади. Бунда импорт ва шунга мос равишда хорижий валютага бўлган талабнинг ҳам пасайиши кузатилмоқда;

Иккинчидан, иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва коронавируснинг сезиларли таъсири бўлган секторларда кредитларни қайтариш жадвалларини қайта кўриб чиқилиши ва муддатларини узайтирилиши ҳисобига банк кредитларига бўлган талабнинг аввал прогноз қилинган кўрсаткичларга нисбатан сезиларли даражада камайиши кутилмоқда;

Учинчидан, инқирозга қарши жамғармани шакллантиришда асосан ташқи манбаларга урғу берилаётганлиги валюта бозорига қўшимча таклиф олиб келади;

Тўртинчидан, олтин нархининг ўсиши ҳисобига Марказий банкнинг олтин валюта заҳиралари нейтраллиги тамойили асосида амалга ошириладиган доимий валюта интервенциялари ҳажми ўтган йилдагига нисбатан ўртача 30 фоизга ошишига имкон яратади.

Қайд этиш лозимки, бугунги кун ҳолатига хўжалик юритувчи субъектлар томонидан валюта тушумлари ва чет эл валютасини сотиш ҳажмлари ўтган ойлар даражасида сақланиб қолмоқда.

2019 йил апрель ойидан буён сўмнинг девальвация даражаси, асосий савдо ҳамкор давлатлар валютаси қадрсизланиши даражасига яқин бўлди.

Айни пайтда жисмоний шахслар томонидан банклардан сотиб олинаётган валюта ҳажмининг нисбатан ошиши юқори девальвацион кутилмалар билан изоҳланиб, келгусида рубль ва тенге алмашув курсининг барқарорлашуви ва ўз навбатида, девальвацион кутилмаларнинг пасайишига ижобий таъсир кўрсатиши тахмин қилинмоқда.

Ҳозирда асосий савдо ҳамкор давлатлар валюта курсларида кузатилаётган кескин тебранишларни ушбу давлатларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида барқарорлашуви эҳтимоли юқори бўлиб, келгусида дунёдаги коронавирус билан боғлиқ вазият нормаллашиши ҳисобига жаҳон бозорларининг аста-секин мувозанатлашиши ҳамда юқорида қайд этилган хорижий валюталар курслари қадрининг маълум даражада ошиши кутилмоқда.

Келгусида сўм алмашув курси шаклланиши иқтисодиётнинг импортга бўлган талаби, экспорт ва пул ўтказмаларидан валюта тушумларига даражаси билан боғлиқ. Бугунги кунгача қилинган таҳлиллар миллий валюта алмашув курси динамикасида маълум бир кичик тўғирланишлар бўлиши мумкинлигини ва сўмнинг кескин девальвацияси бўйича эҳтимолларнинг юқори эмаслигини кўрсатмоқда.

Марказий банк жорий вазият ва иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда, коронавирус пандемиясининг ички валюта бозорига таъсирини тегишли равишда баҳолаб, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш юзасидан зарурий чораларни кўриб боради.

Шу билан бирга, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар орасида асоссиз спекулятив кутилмаларнинг пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида ички валюта бозоридаги ҳолат ва унга таъсир этувчи омиллар тўғрисидаги маълумотлар мунтазам эълон қилиб борилади.

Биржа курслари ва биржа савдолари ҳажми тўғрисидаги маълумотлар ҳар куни Марказий банкнинг телеграмдаги расмий каналида ҳамда Ўзбекистон Республика валюта биржаси веб-сайтида эълон қилиб борилмоқда.