Ички валюта бозоридаги ҳолат бўйича Марказий банк ахбороти

Ички валюта бозоридаги ҳолат бўйича Марказий банк ахбороти

Марказий банк матбуот хизмати


Жорий йилнинг 9 ойидаги ички валюта бозоридаги ҳолат ва 2020 йил якунига қадар кутилаётган тенденциялар юзасидан Марказий банк қуйидагиларни маълум қилади.

Сўнгги икки ой давомида карантин билан боғлиқ чекловларнинг юмшатилиши ҳамда иқтисодий фаолликнинг аста-секинлик билан тикланиб бориши таъсирида ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талабнинг нисбатан юқори даражада бўлиши кузатилди. Бу асосан карантин шароитларида қондирилмаган талабнинг маълум бир кечикиш орқали юзага чиқиши билан изоҳланади.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида ички валюта бозорида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жами 10,7 млрд. долларлик хорижий валюта сотиб олинди. Мазкур даврда ички валюта бозорида хорижий валютадаги умумий таклиф ҳажми 7,0 млрд. долларни ташкил этиб, қолган 3,7 млрд. долларлик талаб эса Марказий банкнинг интервенциялари ҳисобига тўлиқ қондирилди.

Ҳисобот даврида ички валюта бозоридаги Марказий банкнинг интервенциялари олтин-валюта захираларининг нейтраллиги тамойилига асосланган ҳолда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган олтин миқдори доирасида амалга оширилди.

Марказий банк келгуси октябрь-декабрь ойлари давомида ҳам ушбу тамойилга асосан ички валюта бозорига интервенцияларни амалга ошириб боради. Бунда ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши кузатилган ҳолатларда, заруриятга қараб, йил бошидан олтин хариди ва амалга оширилган интервенция операциялари ўртасидаги тафовутдан ҳосил бўлган 300 млн. доллар миқдоридаги валюта захираси ҳам ушбу мақсадларга йўналтирилиши мумкин.

2020 йилнинг 9 ойи давомида халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 4,3 млрд. долларни ташкил этди. Сентябрь ойида пул ўтказмалари миқдори 638 млн. долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга ошди. Бу ўз навбатида, халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг мувозанатлашиб бораётганлигидан далолат беради.

Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали сотилган чет эл валютаси миқдори 3,2 млрд. долларни ташкил этиб, айни пайтда улар томонидан 2,9 млрд. доллар сотиб олинди.

Ҳозирги кунда жисмоний шахслар билан валюта операцияларини амалга ошириш учун тижорат банклари  кассаларида нақд хорижий валюта қолдиғи 480-550 млн. доллар миқдорида бўлиши таъминланмоқда.

Шунингдек, Марказий банк томонидан мунтазам равишда тижорат банклари тақдимномаларига асосан ушбу операциялар учун яна қўшимча хорижий валюта билан таъминланиб келмоқда. 

Валюта курсларининг шаклланиши ва динамикаси

Чет эл валюталарининг миллий валютага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курслари ҳафтада бир марта белгиланиб, душанба куни эълон қилиб борилади.

Бунда АҚШ долларининг сўмга нисбатан курсини белгилашда ҳафта давомида Ўзбекистон республика валюта биржасидаги кунлик банклараро савдо сессияларида мавжуд талаб ва таклиф нисбатига кўра шаклланган курсларнинг ўртача тортилган миқдоридан келиб чиқилади.

Жорий йилнинг апрель ойидаги тўғирланишдан сўнг, сўм алмашув курси нисбатан барқарор динамика кўрсатмоқда. Хусусан, миллий валюта курси январь-апрель ойларида 6,6 фоизга пасайган бўлса, май-сентябрь ойлари давомида 2 фоизга пасайди. 

Умуман олганда, 2020 йил 9 ойи давомида миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси – 8,6 фоизга қадрсизланди.

Йил якунига қадар миллий валютанинг алмашув курси динамикаси ички ва ташқи макроиқтисодий омиллар таъсирида, ички валюта бозоридаги мавжуд талаб ва таклифнинг жорий нисбатидан келиб чиқиб шаклланиб боради.

Умуман олганда, ички иқтисодий фаолликнинг тикланиш суръатлари ва асосий ташқи савдо ҳамкорларимиздаги макроиқтисодий шароитларда 2020 йил якунига қадар ички валюта бозорида ҳолатнинг нисбатан барқарор шаклланиши, алмашув курсининг кескин тебранишларига олиб келувчи фундаментал омиллар хатарлари эҳтимоли пастлиги кузатилмоқда. Бунда йил сўнггига қадар ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талаб ва таклиф мутаносиблигини сақлаш юзасидан етарли шароитлар мавжуд.


©https://t.me/centralbankuzbekistan