Ички ишлар вазирлигида навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши ўтказилди

Ички ишлар вазирлигида навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши ўтказилди

Ички ишлар вазирлиги

Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раислигида бўлиб ўтди. Унда Президент девони масъул вакили, вазир ўринбосарлари, бош бошқарма, бошқарма, бўлим ва вазирлик таълим муассасасалари бошлиқлари иштирок этди.

Йиғилишда кун тартибида бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Дастлаб ташкилий масала кўрилиб, Президент қарорига кўра тайинланган Ички ишлар вазирининг ўринбосарлари таништирилди. Жумладан, Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Муҳиддин Жўраев лавозимидан озод этилиб, Ички ишлар вазирининг Жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимига, вазирлик Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи, полковник Шавкат Мавлонов эса Ички ишлар вазирининг Туризм ва транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Ўз ўрнида Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига вазирлик Жиноят қидирув бош бошқарма бошлиғи лавозимида хизмат қилган полковник Илҳом Қутлимуратов тайинланди. 

Шунингдек, йиғилишда жорий йилнинг 24 декабрида барча ички ишлар органлари ходимларини ғурурлантирувчи, кўнгилларни фахрга тўлдирувчи Президентимизнинг фармони қабул қилинганлиги айтиб ўтилди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг байроғи ва эмблемаси тасдиқланди. Вазир мазкур фармон ҳақида гапириб, вазирлик байроғи ва эмблемаси ҳар бир ходимнинг кучига куч қўшиши, она юртига ҳалол ва содиқлик билан хизмат қилишга ундашини айтиб ўтди. Байроқ ва эмблемани ишлаб чиқариш, амалиётга жорий этиш юзасидан вазир ўринбосарлари, тегишли бошқарма бошлиқларига зарур топшириқлар берди.

Маълумки, сўнгги йилларда ички ишлар органларини такомиллаштириш, хизматни халққа янада яқинлаштириш, жиноятлар сонини камайтириш юзасидан тизимда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тизимли ишлар натижасида ижобий ютуқларга ҳам эришиляпти. Жиноятлар сони йилдан йилга камайиб бормоқда. Шунга қарамай ҳали ҳам ҳал этилмаган масалалар, муаммолар кўзга ташланиб қолмоқда. Жумладан, жамоат хавфсизлигини таъминлашда ўзаро мақсадли ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмагани, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоатчилик тузилмалари иштирокининг сустлиги оқибатида ҳуқуқбузарликлар, биринчи навбатда ижтимоий-маиший тусдаги жиноятларнинг олдини олиш, уларга чек қўйиш, содир этилганларини фош этишда камчиликлар кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 24 декабрида қабул қилинган “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам шу каби камчиликларни ҳал этишда дастуруламал бўлиши вазир томонидан эътироф этиб ўтилди. Мазкур қарор асосида тизимга киритилган ўзгаришлар айтилиб, тегишли мутасаддиларга ўз фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан зарур топшириқлар берилди.

Вазир халқимиз Янги йил ва Ватан ҳимоячилари куни байрамлари арафасида турганини айтиб ўтиб, тадбирларни кўнгилдагидек, тинч ва осойишта ўтказиш юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси

Report Page