Ички ишлар вазирлиги маълумот беради

Ички ишлар вазирлиги маълумот беради

Ички ишлар вазирлиги

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда вилоятларнинг чегара ҳудудларида қайта тикланаётган “пост”лар ҳақида маълумотлар тарқатилиб, нима сабабдан бундай ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида саволлар кўпайиб бормоқда.

Маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 377-сонли қарорига мувофиқ, республика ҳудудида мавжуд бўлган 133 та йўл-патруль хизмати стационар пости ҳамда патруль-пост хизмати постларидан 74 тасининг фаолияти тугатилди. Бугунги кунда улардан 59 таси ўз ишини давом эттирмоқда.

Шу билан бирга, юзага келган тезкор ва криминоген вазиятни инобатга олиб, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти билан келишган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар Ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан йўл-патруль ва патруль-пост хизмати постларини вақтинча ташкил этиш ва тугатиш тартиби мавжуд.

Шунга мувофиқ, айни пайтда мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилаётган муҳим сиёсий тадбир, шунингдек, байрам тантаналарига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида хавфсизликни самарали таъминлаш мақсадида айрим ҳудудларда вақтинчалик йўл-патруль ва патруль-пост хизмати постлари ташкил этилмоқда.

Фуқароларимиздан мазкур ишлар хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга оширилаётганлигини тўғри ва оқилона қабул қилишларини ҳамда ижтимоий тармоқларда турли асосланмаган нохолис фикрларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз. 

ИИВ Ахборот хизмати


Report Page