Ички ишлар тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда

Ички ишлар тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда


Коррупция бу миллатни таназзулга учратувчи, ҳар қандай давлат ва жамиятнинг тараққиётига тўсиқ бўлиб, унинг сиёсий ва иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис, унга қарши курашиш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.

Республикамизда ҳам коррупция, порахўрлик ва шу каби турли кўринишдаги шахснинг манфаатларига хизмат қилувчи омилларга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, барвақт олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими яратилди. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, Давлат раҳбарининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2752-сонли қарори қабул қилингани ва қонун нормаларини ҳаётга кенг татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури сўзларимизнинг ёрқин исботидир.

Айнан ушбу қонун ва қарорларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда республиканинг барча давлат идоралари, ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг барча бўғинларида манзилли ишлар олиб борилмоқда. Чунки, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда ички ишлар органларининг вазифалари ва ваколатлари аниқ белгилаб қўйилган.

Қонунда кўзда тутилган ҳуқуқ ва ваколатлардан фойдаланган ҳолда ички ишлар органлари ходимлари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилди. Натижада 2017 йилда қарийб 1 500 та коррупция билан боғлиқ ва иқтисодий соҳалардаги жиноятлар содир этилгани аниқланди.

Шунингдек, мазкур жараёнлардаги фаолият самарадорлигини ошириш учун тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳолининг ҳуқуқий онгини, маданиятни юксалтириш ва қонунийликни мустаҳкамлаш йўлида тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам фаол тарзда олиб борилмоқда.

Бундан ташқари вазирлик ўз ходимлари орасида ҳам зарурий ишларни олиб бориб, ходимларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш, маънавий онги юксалтириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор қарор ва фармонларига мувофиқ ходимларни хизмат уйлари, имтиёзли шартлар билан узоқ муддатга ипотека кредити асосидаги уйлар ва шахсий автомашиналар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Марказий Осиёда ўхшаши бўлмаган иш услуби жорий этилиб, республикада фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унинг профилактикаси бўйича хизмат олиб бораётган Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини коммунал-маиший шароитларига эга бўлган, замонавий талаблар ва стандартларга жавоб берадиган қулай хизмат уй-жойи билан таъминлаш, шунингдек, инспекторларнинг нуфузини ошириш ва хизматни самарали ўташини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелда “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторини хизмат уй-жойлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниб, профилактика инспекторлари бевосита ўзлари хизмат ўтайдиган ҳудудларда жойлашган хизмат уйлари билан таъминланадиган бўлди.

Биргина, ушбу қарорга мувофиқ 2017 йилда республиканинг барча ҳудудларида хизмат олиб бораётган профилактика инспекторларидан 3 829 нафари хизмат уйлари билан таъминланган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ 2018 йилнинг биринчи яримида 485 нафар профилактика инспекторларига узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида шахсий автомашиналар берилди.

Бундан ташқари, ушбу иллатга қарши курашишда жаҳон мамлакатлари томонидан қўлланилаётган самарали услубларни ўзлаштириш ва уни ходимлар орасида кенг ёйиш орқали ижобий натижаларга эришиш борасида ҳам аҳамиятли ишлар бажарилди. Жумладан, Ички ишлар вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатларини таъминлашда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўндан ортиқ семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ўтказилди.

Ўз ўрнида, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан билдирилган бундай юксак эътибор ва эътирофларга монанд равишда ички ишлар органлари ходимлари ҳам касбига, қилган қасамёдига содиқ бўлиб, юртимизда қонун устуворлигини, юрт тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш учун ўз хизмат вазифаларини сидқи-дилдан бажариб келмоқда. Айниқса, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши қонунда белгиланган тартиблар асосида муросасиз кураш олиб бормоқда.

Буни аниқ мисоллар билан кўрадиган бўлсак, Бухоро вилоятининг Вобкент туманида 11 сентябрь куни туман ИИБ ходими ўз раҳбарига ахборот бериб, унда шу куни Калтаработ маҳалласида яшовчи, туман йўл қурилиш бўлими ишчиси Ш.Х. жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги учун унга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомани ва ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларни йўқ қилишни сўраганлигини, эвазига 50 000 сўмни пора сифатида таклиф қилаётганлигини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 11 сентябрь куни вилоят ИИБ ва туман прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Ш.Х., ходимга хизмат хонасида 50 000 сўм бераётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 11 сентябрь куни туман ИИБ ходимига “Кишмиштепа” МФЙда яшовчи Ж.Т. ўзига нисбатан бўлган маъмурий материални ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 450 000 сўм пулни пора сифатида таклиф қилиб, 12 сентябрь куни уни бераётган вақтида вилоят ИИБ ва туман прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Фуқаролар томонидан содир этилган қонунбузарлик шулардангина иборат эмас, ўтган икки ой давомида қарийб йигирмага яқин пора бермоқчи бўлган фуқаролар тезкор тадбирлар давомида қўлга олинди.

Жумладан, 2018 йилнинг 17 август куни Хоразм вилоятининг Хазорасп туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Шошилинч тиббий ёрдам бўлимининг бошлиғи Қ.Ҳ. исмли фуқаро Хазорасп туман ИИБ ходимидан ўзига нисбатан кўрилаётган жиноят иши бўйича енгиллик яратиб беришлигини сўраб, эвазига 400 АҚШ долларини пора сифатида таклиф этиб, уни бераётган вақтида вилоят ИИБ ва прокуратура ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Жорий йилнинг 31 август куни эса Қашқадарё вилояти Муборак туман ИИБ ходимига фуқаролар У.Б. ва З.С.лар мурожаат қилиб, шу йилнинг 22 августидан буён жарима майдонида турган мотоциклларини чиқариш ва жарима миқдорларини камайтириб беришни сўраб, эвазига ҳар бир мотоцикл учун 200 минг сўмдан, жами 400 минг сўм пулни пора сифатида бераётганида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, шу йилнинг 3 сентябрь куни Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида яшовчи Б.Ш. исмли фуқаро Зарафшон шаҳар ИИБ ходимининг иш юритувида бўлган, таниши “Анвар” исмли фуқаро ишини қонуний чора кўрмасдан ҳал этиб беришини сўраб, эвазига унга 500 минг сўм пулни пора сифатида таклиф қилиб, 300 минг сўм пулни пора сифатида бераётганида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Яна бир ҳолатда эса Бухоро шахрида Ж.Д. исмли фуқаро танишининг ишини тергов бўлимига ўтказмаслик учун ходимга 200 АҚШ долларини пора сифатида бераётган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Юз берган ҳолатларнинг барчасида ички ишлар органлари ходимлари ўзларига билдирилган ишончни суистеъмол қилмай, ўз вақтида раҳбарларига ахборот бериб, пора таклиф қилаётган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраганлар. Берилган ахборотга асосан ташкил этилган тезкор тадбирларда қўлга олинган барча қонунбузар фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Гувоҳи бўлганингиздек, юртимизда порахўрлик ва таъмагирлик ҳамда коррупциянинг бошқа турли кўринишларининг мавжуд бўлишига нафақат айрим мансабдор шахслар балки, баъзи бир фуқароларимизнинг ўзи ҳам сабабчи бўлмоқдалар. Шу ўринда қайд этиш керакки, қонунчилигимизда нафақат пора олган шахс, балки, уни таклиф қилиб, берган шахслар ҳам қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган.

Сирасини айтганда, ички ишлар органларининг барча бўғинларида хизмат олиб бораётган ходимлар юртимизда коррупция балосини йўқотиш мақсадида келгусида ҳам қонунга хилоф эканлигини била туриб пора олмоқчи ёки пора бермоқчи бўлган фуқароларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда муросасиз кураш олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси

Report Page