"Ички ишлар органларининг жазони ижро этиш органлари фаолияти" мавзусида матбуот анжуманидан

"Ички ишлар органларининг жазони ижро этиш органлари фаолияти" мавзусида матбуот анжуманидан

Ички ишлар вазирлиги
ИИВ Ахборот хизмати

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати томонидан Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги миллий марказий бюроси анжуманлар залида «Ички ишлар органларининг жазони ижро этиш органлари фаолияти» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда. Унда Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб беришяпти.

ИИВ Ахборот хизмати

Сўнгги уч йил мобайнида ички ишлар органлари жазони ижро этиш тизими фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг 2 та қонуни, Президентнинг 5 та қарори, Ҳукуматнинг 7 та қарор ва фармойиши, 4 та идоралараро қўшма қарор ҳамда 10 тадан ортиқ идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 декабрдаги «2018–2022 йилларда жазони ижро этиш муассасаларининг бино ва иншоотларини капитал қуриш ва реконструкция қилиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, эскирган бино ва иншоотлар ўрнида янгилари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан:

– Зангиота туманида замонавий, халқаро стандартларга мос келадиган янги тергов ҳибсхонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди;

– 35 та колониядаги маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган бинолар тўлиқ таъмирланди ва уларнинг ҳудудларини видеокузатув назоратига олиш учун қўшимча 1 381 та видеокамера ўрнатилди;

– жазони ижро этиш колониялари ва тергов ҳибсхоналарида барча зарур шарт-шароитларга эга бўлган адвокат (69 та) ва терговчилар учун алоҳида хоналар ташкил этилган;

– тергов жараёни ва сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2 989 та замонавий видеокузатув мосламаси ўрнатилган.

ИИВ Ахборот хизмати

Бундан ташқари, маҳкумларнинг мурожаатлари, мавжуд муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан сайёр қабуллар ўтказилиши йўлга қўйилган. Шунингдек, барча жазони ижро этиш колонияларида Омбудсманга, прокурорга, ариза ва шикоятларга мўлжалланган алоҳида қутилар ўрнатилган.

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида:

– Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган колония ёпилиб, у ерда сақланаётган 395 нафар маҳкум суд томонидан белгиланган тартиб турига мувофиқ бошқа колонияларга ўтказилди;

– маҳкумларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши бўйича ҳуқуқий кафолат мустаҳкамланди;

– ёпиқ турдаги колонияларда сақланаётган маҳкумларнинг телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашувлар олиши сони қарийб икки баробарга кўпайтирилди;

– маҳкумларга илк маротаба сайлов ҳуқуқи тақдим этилди;

– маҳкумларнинг иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланиб, пенсия таъминотига эга бўлиши таъминланди.

Бундан ташқари, ахлоқан тузалишнинг энг самарали усули – маҳкумларни касбга ўргатиб, иш билан таъминлаш эканлиги белгиланиб, янги иш ўринлари яратилди ва меҳнатга лаёқатли маҳкумларнинг 88 фоизи учун меҳнат қилишига муносиб шароитлар яратилди. Бунинг натижасида меҳнат қилаётган маҳкумларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 1 млн. сўмгача етказилди.

ИИВ Ахборот хизмати

Маҳкумларни озодликка чиқишга тайёрлаш, республикада амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий воқеалардан хабардор қилиш мақсадида барча колонияларда фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, барча жазони ижро этиш колонияларида маҳкумларни қамраб олувчи Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари, маҳкумалардан иборат Хотин-қизлар кенгашлари, вояга етмаган тарбияланувчиларнинг ота-оналар кенгашлари тузилган ва улар ҳозирда самарали фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, «Интилиш» нодавлат-нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда озодликка чиқишга ҳозирлик кўраётган маҳкумлар иштирокида 451 маротаба ижтимоий-психологик мавзуларда учрашув ва тренинглар ўтказилди, зарур ҳуқуқий, ижтимоий психологик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатилиб, уларнинг ижтимоийлашуви таъминланди.

ИИВ Ахборот хизмати

Жазони ижро этиш бош бошқармаси ва «Ҳунарманд» уюшмаси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида 18 нафар ҳунармад раҳбарлигида ташкил этилган «Уста-шогирд» мактабида 306 нафар «уста» маҳкумга 979 нафар «шогирд» маҳкум бириктирилиб, уларга халқ амалий санъати маҳсулотларини тайёрлаш бўйича ҳунар ўргатилмоқда.

Бугунги кунда «Уста-шогирд» мактабини тугатган 272 нафар маҳкумга эгаллаган мутахассислиги бўйича сертификатлар берилди.

Мана шундай имкониятлардан фойдаланиб, чин дилдан тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар Президентимиз томонидан мунтазам афв этиб келинмоқда. 2017–2019 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 8 маротаба афв этиш бўйича фармон имзоланиб, 4 мингдан ортиқ маҳкумга нисбатан қўлланилди. Шундан 1 999 нафар жазо маҳкум озодликка чиқарилиб, 2 мингдан нафардан ортиқ маҳкумнинг жазоси енгилроғига алмаштирилди.

ИИВ Ахборот хизмати

Report Page