Ички ишлар органларининг тергов-тезкор гуруҳлари махсус автомашиналар билан тўлиқ таъминланди

Ички ишлар органларининг тергов-тезкор гуруҳлари махсус автомашиналар билан тўлиқ таъминланди

Ички ишлар вазирлиги

Давлатимиз раҳбари 2019 йилнинг 10 январь куни Тошкент шаҳридаги ички ишлар органлари фаолияти билан танишиш давомида Юнусобод тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 7-сон ички ишлар бўлимида берган топшириқлари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 апрелдаги 245-ф-сон фармойиши қабул қилинди.

Мазкур фармойиш талаблари ижроси ҳамда тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳодиса жойини сифатли кўздан кечириш, тергов ҳаракатларини ҳодиса содир бўлган жойнинг ўзида инновацион техника воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш, жиноятларнинг “иссиқ изи”дан фош етишни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тергов-тезкор гуруҳлари учун 16 дона махсус транспорт воситалари ажратилиб, улар зарур асбоб-ускуналар, хусусан, компьютер техникаси, алоқа воситалари, учувчисиз учадиган аппаратлар (дрон) ва бошқа зарурий техникалар билан жиҳозланди.

Кеча Вазирлик ҳузуридаги Тергов департаментининг Бошқарма бошлиғи полковник Бахтиёр Бердиалиев томонидан ушбу махсус транспорт воситалари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар Ички ишлар бошқармалари ҳамда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасига топширилди. Албатта, бу махсус техникалар келгусида жиноятчиликка қарши курашишда ўз самарасини беради.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси

Report Page