“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди

Ички ишлар вазирлиги

Барчамизга маълумки, мамлакатда қонун устуворлиги таъминланса, ушбу давлатда ривожланиш ва юксалик бўлади. Айнан ушбу жиҳатлар инобатга олинган ҳолда республикамизнинг бир қатор қонун ва ҳужжатлари мукаммаллаштирилиб, халқаро талабларга мослаштирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 23 май куни имзоланиб, республикамиздаги ОАВ орқали эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам шулар жумласидандир. Ушбу қонун билан юртимиздаги айрим қонун ҳужжатлари ва кодексларига ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилиб, бир қатор давлат ташкилотлари ва ходимларнинг вазифалари янада аниқлаштирилди. 

Шу қаторда, ушбу қонуннинг 31-моддасига мувофиқ “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани қайд этилган.

Жумладан, улардан бир қаторини келтириб ўтадиган бўлсак, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасидаги тўртинчи ва бешинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этиладиган бўлди, “Вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Туманлар ва шаҳарлар ички ишлар бошқармаларининг (бўлимларининг) бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг, вилоят ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг тақдимномалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади”.

Шунингдек, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасидаги тўққизинчи қисмида “Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган, бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган фуқаролар, шунингдек содир этган жинояти учун қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугалланганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ва амнистия акти қўлланилганлигидан қатъи назар муқаддам судланган фуқаролар ички ишлар органларига хизматга қабул қилиниши мумкин эмас”лиги белгилаб қўйилди.

Мазкур қонуннинг 30-моддасидаги ўн биринчи ва ўн иккинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги ўн биринчи қисм билан алмаштирилиб, унга мувофиқ ички ишлар органларида хизматда бўлган ходимларнинг унвонига қараб, хизматдаги чекланган ёши аниқ белгилаб қўйилди. Яъни “Ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг чекланган ёши сафдорлар ва сержантлар таркиби ходимлари учун эллик ёшни, офицерлар таркиби учун – эллик беш ёшни, генераллар таркиби учун – олтмиш ёшни, аёлларга эса (мавжуд унвонидан қатъий назар) – эллик ёшни ташкил этиши” белгилаб қўйилди.

Ушбу модданинг ўн учинчи қисми “Юксак касбий тайёргарликка, эгаллаб турган лавозимида иш тажрибасига эга бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра хизматни ўташга яроқли ходимларнинг хизмат муддати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда ушбу ходимларнинг розилиги билан беш йилгача, бошлиқлар таркибидаги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилик лавозимларини эгаллаб турган ва илмий даражага эга бўлган шахсларнинг хизмат муддати эса ўн йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин”, деб таҳрир қилинган.

Шунингдек, қонуннинг 31-моддасидаги иккинчи қисм ҳам таҳрир этилиб, “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ходимларнинг малакасини ошириш, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасалари томонидан амалга оширилади, бундан ушбу муассасаларда ўқитилмайдиган ихтисосликлар мустасно” дея белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун “Ички ишлар органлари тергов бўлинмалари ходимларининг дахлсизлиги” номли 341-моддаси билан тўлдирилди.

Ушбу моддага мувофиқ эндиликда Ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари суриштирувчиларига, терговчиларига ва раҳбарларига нисбатан жиноят ишлари Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Тошкент шаҳар, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг терговчиларига, бўлинмалари раҳбарларига ва бошлиғига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан қўзғатиладиган бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 23 май куни тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг тўлиқ матни билан бир қатор ОАВ, яъни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг расмий сайти, “Халқ сўзи” газетасининг 24 май куни нашрдан чиққан 106-сони ҳамда ИИВнинг расмий сайти орқали танишишингиз мумкин.

Мирзо Улуғбек Мадалимов, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси ходими

Report Page