Ички ишлар органи ходимлари иштирокисиз йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани тузиш орқали суғурта товонини олиш шартлари

Ички ишлар органи ходимлари иштирокисиз йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани тузиш орқали суғурта товонини олиш шартлари

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official

Бугун 1 ноябрь куни Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожантириш агентлиги мутасаддилари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 сентябрдаги “Траспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 609-сонли қарори мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Қарор билан ҳайдовчилар томонидан ички ишлар органи ходимларисиз содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) тўғрисида хабарнома тузиш орқали суғурта товонини олиши тартиби белгиланган.

Хабарнома ЙТҲ да иштирок этган ҳайдовчилар томонидан дарҳол жойнинг ўзида ички ишлар органи ходимларининг иштирокисиз ихтиёрий равишда икки нусхада тузилади. Фақат ЙТҲ тўғрисидаги хабарномани тузиш учун қуйидаги асослар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлиши шарт:

1.  ЙТҲ жабрланувчига енгил тан жароҳати етказилишига ёхуд йўл ҳаракатини тартибга солувчи воситалар ёки бошқа мол-мулк шикастланишига олиб келмаган бўлса;

2.  ЙТҲ да иштирокчи бўлган ҳайдовчилардан бири ўз айбига тўлиқ иқрор бўлса;

3.  ЙТҲ пиёда иштирокисиз содир этилган бўлса;

4.  ЙТҲ иккита транспорт воситаси тўқнашуви натижасида рўй берган ҳамда фақат ушбу транспорт воситаларига шикаст етказилган бўлса;

5.  Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги ЙТҲ содир этилгунига қадар суғурта қилинган бўлса;

6.  ЙТҲ да иштирок этган ҳайдовчиларда ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (зарур ҳолларда ишончнома, йўл варақаси) мавжуд бўлиб, мазкур ҳужжатларнинг амал қилиш муддати ўтмаган бўлса;

7.  ЙТҲ иштирокчилари бўлган ҳайдовчиларда мастлик ҳолати бўлмаса;

8.  ЙТҲ натижасида транспорт воситаларининг шикастланган қисмлари тавсифлари ва рўйхати ЙТҲ иштирокчилари ўртасида келишмовчиликларни (низоларни) келтириб чиқармаса.

Юқорида кўрсатилган асослардан биттаси мавжуд бўлмаган тақдирда, тузилган ЙТҲ тўғрисидаги хабарнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

 

ЙТҲ тўғрисидаги хабарнома ҳайдовчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилган суғурталовчиларга қуйидаги материаллар илова қилинган ҳолда уч иш куни ичида юборилади:

·    автотранспорт воситалари тўқнашган жойнинг (вазият ўзгартирилмаган ҳолдаги), транспорт воситаларининг шикастланган қисмларининг фотосурати ва видеоёзуви;

·    ҳайдовчиларнинг суғурта ҳодисасини тўғридан-тўғри ҳал этиш тўғрисидаги аризалари;

·    ЙТҲ содир бўлган жойга яқин бўлган наркологик диспансерда ёки соғлиқни сақлаш органларининг мастлик ҳолатини текшириш муассасасининг ЙТҲ ҳақида хабарнома тузилган пайтдан тўрт соат ичида ҳайдовчиларнинг мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича тиббий текширув ўтказилганлиги тўғрисидаги баённомаси;

·    ЙТҲ да иштирок этган ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари (ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (зарур ҳолларда ишончнома, йўл варақаси)) ҳамда суғурта полиси нусхалари.

Суғурталовчи ЙТҲ тўғрисидаги хабарнома тегишли материаллар илова қилинган ҳолда тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш календар кун ичида суғурта товонини тўлаш (ёки рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилади.

Қарорга асосан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш хизматини кўрсатувчи суғурта компаниялари расмий веб-сайтларида ЙТҲ тўғрисидаги хабарнома бланкаси жойлаштирилган ва уни юклаб олиш имконияти яратилган.

Шунингдек, қарорда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги расмий веб-сайтларида ҳудудлардаги наркологик диспансерлар ҳамда ҳайдовчиларнинг мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича тиббий текширув ўтказадиган туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасалари рўйхатларини жойлаштириш ва доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаш белгиланган.


Report Page