Ичимлик ва оқова сув тармоқлари бўйича дебитор қарздорлик 938,7 млрд. сўм ташкил этмоқда

Ичимлик ва оқова сув тармоқлари бўйича дебитор қарздорлик 938,7 млрд. сўм ташкил этмоқда


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзсувтаъминот" АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.

Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” аксиядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчилар орасида тўлов интизомини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, тўловларни амалга оширишда истеъмолчилар учун қулай ва замонавий тўлов воситаларидан фойдаланиш имконияти яратилган.

Шунга қарамасдан, республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги юқорилигича қолмоқда ва бугунги кунда 938,7 млрд. сўм ташкил этяпти. Шундан жисмоний истеъмолчиларнинг қарздорлиги 757,3 млрд сўмни ташкил этса, 181,4 млрд сўмлик қарздорлик юридик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бугунги кунга қадар дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича судларга жами 33,4 минг та 143,4 млрд сўмлик даъво аризалар киритилган.

Шу билан биргаликда, суд қарори қабул қилинган 73,6 млрд сўмлик 16,2 минг та ижро варақалари Мажбурий ижро бюроларига тақдим этилиб, шундан 4,7 минг та ижро варақалари бўйича 16,2 млрд. сўмлик маблағлар ундирилди.

Фурсатдан фойдаланиб, истеъмолчилар ичимлик суви таъминоти ва сув чиқариш хизмати учун ҳар ойнинг

10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлашни амалга оширишлари лозимлигини эслатиб ўтамиз.

Тўловларни кабинет.узсув.уз сайти, тижорат банкларининг кассалари ва мобил иловалари, Пайме, Юпей, Осон, Узум каби электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин.

Соҳада аҳолининг дебитор қарздорлиги билан бир қаторда ичимлик ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ва улардан белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилмаган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда.

Жумладан, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва ҳудудий корхоналари томонидан ўтган давр мобайнида 76 минг маротабага яқин рейд тадбирлари ўтказилди. Ушбу рейдлар давомида 12,7 минг та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган бўлиб, жами 80,6 млрд сўмлик зарар етказилган.

Шунингдек, 8,7 минг та ҳолатда истеъмолчилар томонидан сув ўлчагичдан фойдаланиш қоидаларига амал қилинмагани аниқланиб, 34,9 млрд сўм зарар етказилгани аниқланди.

Қайд этиш ўринлики аниқланган қоидабузарликларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда, жумладан 5,2 минг та истеъмолчи тегишли тартибда тармоқдан узилди.

Report Page