Ичимлик ва иссиқ сув тармоқларига уланиш ҳамда ҳисоблагичларни қиёслаш муаммоси: аҳоли нимадан норози?

Ичимлик ва иссиқ сув тармоқларига уланиш ҳамда ҳисоблагичларни қиёслаш муаммоси: аҳоли нимадан норози?

Давлат хизматлари агентлиги томонидан мунтазам равишда соҳа фаолиятини ривожлантириш, аҳолига сифатли, тезкор ва қулай давлат х…

2020 йил давомида Агентлик томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг ичимлик ва иссиқ сув тармоқларига уланиш, шунингдек ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш жараёни мониторинг қилиниб, қуйидагилар аниқланди.

Биринчидан, соҳада мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилиши ҳолатлари тез-тез учраб, бунга коммунал ташкилот ходимларининг мурожаатларга бирламчи вазифа сифатида қарамаслиги, мурожаатларни ўз муддатида бажарилишига моддий-техник базанинг мустаҳкам эмаслиги ҳамда ходимларнинг етишмаслиги сабаб бўлиб келмоқда.

Иккинчидан, айрим ходимларнинг бепарволиги, масъулиятсизлиги ва сусткашлиги натижасида фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида ва белгиланган тартибда жавоб берилмаган.

Хўш, муаммолар аниқланди, Давлат хизматлари агентлиги томонидан қандай чоралар кўрилди?

2020 йилда Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан коммунал ташкилотларда 20 минга яқин қонунбузилиш ҳолатлари, яъни  муддат бузилиши, рад этишнинг белгиланган тартибини бузиш ва бошқалар аниқланган.

Аксарият қонунбузилиш ҳолатлари хизмат кўрсатиш муддатларини бузганликда ифодаланган.

Масалан, фуқаро Х.Ж. томонидан 2020 йил 8 январда ичимлик суви ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш юзасидан юборган аризаси “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан кўриб чиқиш учун салкам 10 ой кечикиб қабул қилинган ва ариза ассосиз равишда рад этилган.

Фуқаро А.Ш томонидан 2020 йил 29 сентябрда ичимлик суви ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш юзасидан юборган аризаси бугунги кунга қадар кўриб чиқиш учун қабул қилинмаган.

Фуқаро О.Т томонидан 2020 йил 25 майда иссиқ сув ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш юзасидан юборган аризаси “Тошиссиққуввати” ДУК томонидан 6 ойга яқин муддатга кечиктирилиб қабул қилинган ва рад этилган.

Қонун бузилиши ҳолатларининг аксарияти Тошкент, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда.

Давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ҳамда муддатларини бузганлиги учун Агентлик томонидан ижро қилиниши мажбурий бўлган 31 та тақдимнома ҳамда 11 та огоҳнома киритилди, шунингдек 67 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди.

Натижада, 67 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий жарима ва 33 нафар шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Энг ачинарли ҳолат шундаки, айрим коммунал ташкилотлар йўл қўйилаётган қонунбузилишлар халқнинг ушбу тизимга бўлган ишончи йўқолишига сабаб бўлишини ҳалигача тушуниб етишмаяпти.

Бу соҳада ваколатли ташкилотлар йўл қўйилаётган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик муқаррар эканлигини англашлари керак.

Давлат хизматлари агентлиги огоҳлантиради: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 215.5-моддасига асосан:

- давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг арз қилувчидан мурожаатни қабул қилишни рад этганликда;

- давлат хизматлари кўрсатиш чоғида мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини ва муддатларини бузганликда;

- арз қилувчидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиб олганликда;

- давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг қонуний талабини (топшириғини) бажармаганликда ифодаланган тарзда бузилиши мансабдор шахсларга ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — мансабдор шахсларга ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар

томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши

устидан назорат қилиш бошқармаси 


Report Page