Ibratli

Ibratli


Опамни бахтсиз қилдим…

— Опамнинг аҳволини кўриб, ўзимдан нафратланиб кетаман. У мени деб билмаган одами билан турмуш қурди, бахтсиз бўлди, дея ич-этимни ейман. Аммо энди кеч. Улар аллақачон ажрашишга қарор қилиб бўлишган…

Опам билан ёшимиздаги фарқ олти ёш бўлсада, биз худди дугоналардек бир-биримизни жуда яхши тушунардик. Ҳеч нарсани ундан яширмасдим. Ҳатто Достон билан бир-биримизга кўнгил қўйганимиздан ҳам хабардор эди. Баъзан у ҳақидаги гапларимни жилмайиб тинглар, баъзан танбеҳ берарди. «Э, уялмайсанми?! Ҳали нечига кирдинг сен? Аввал ўқи, ишингни йўлга қўйиб ол, ана ундан кейин бошингни баланд кўтариб, катта ҳаёт сари одимлайсан», дерди.

Чиндан ҳам уялардим. Менинг ёқтирганим бор, йигирма саккизга кирган опам ҳанузгача ўзини оилага тайёрман деб билмайди, ўзига муносиб инсонни учратгани йўқ. Сирдошим кўпинча маъюс юрарди. Сабабини сўрасам, «Ўзим шундай», деб қутуларди. Ёки «Туғилганимдан буён камгапман», деб ҳазиллашарди. Дўстлари ҳам кўп эмасди. Фақат мен билан гаплашганидагина бироз очиларди, холос.

Опам уйимизга келадиган совчиларни хушламас, учрашган йигитларидан ҳадеб айб топавериб, онамдан дакки ҳам эшитарди. Умр шошқин дарё, ана-мана дегунча, опамнинг ёши йигирма саккиздан ошиб, у тенгиларнинг боласи мактабга борадиган бўлди. Аммо ҳануз опамнинг кўнглига ёқадиган шаҳзодадан дарак йўқ эди.

Бир куни уйимизга онамнинг узоқ қариндошлари меҳмон бўлиб келиб, гап орасида опамнинг тўйи қачонлиги ҳақида сўрашди.

— Худо қачонки бахт йўлини очса, ўшанда тўй қиламизда, — дея хушламайгина жавоб берди онам.

Кейин ўша қариндошлар

бошқа қариндошимизнинг уйига бориб: «Қизи ўттизга бориб қолди, энди уни ким ҳам оларди?! Олса ҳам хотини ўлганми, хотин қўйганми оладида», — дейишибди.

Одамлар шунчалик бетамиз, киши кўнгли билан ҳисоблашмайдиган бўлиб кетишганки, бу гапни эшитган одам ҳам оқизмай-томизмай онам билан опамга етказибди. Ўша куни онамнинг йиғидан кўзи шишиб кетди.

Опам мен билан сирдош бўлгани учун онам кунда-кунора мени ёнига чақириб, опамдан гап олиб беришимни, ёқтирган йигити бор-йўқлигини билиб беришимни сўрарди.

— Йўқ, она, бунақаси кетмайди, — дея волидамга эътироз билдирдим. — Опамнинг кўнглига ҳар қандай гап келсачи?! Келаётган совчиларга, ҳатто Достоннинг онасига ҳам йўқ дейишингиз мумкин. Мен опамдан олдин турмушга чиқмайман. Муаммоларингизга мени аралаштирманг.

Шундай деб китобимни қўлга олдим. Тўғриси, онамдан бироз жаҳлим ҳам чиқди. Онам ҳам қизиқ, опамдан олти ёш кичкина бўлсам, улар олий маълумотли, оқ-қорани мендан кўра яхшироқ таниган қиз бўлса, нуфузли жойда ишласа, мендай аранг ўқиётган сингилчаси унга насиҳатгўйлик қилармидим?!

Шу куни опам бошқача ҳолатда уйга кириб келди. У ҳар галгидек ҳорғин, толиққан эмас, хушчақчақ ва мамнун қиёфада эди. Мени биласизку, нима гаплигини дарров фаҳмлагандай бўлдиму, лекин опамдан сўрашга ботинолмадим. Агар менга айтадиган гап бўлса, кечки овқатдан кейин хонамизга биқиниб олганимизда, ўша «нима гап»ни, албатта, гапириб беради. Унгача эса сабр қилмоқ лозим. Овқатдан кейин мен идишларни олиб, ошхонага ўтдим. Бувим билан онам севимли машғулотлари — опамга «Шу кетиши бўлса, эрсиз қолиб кетиши мумкин»лиги ҳақида маърузаларини бошлаб юборишди. Опам мен ошхонани саранжомлагунимгача амаллаб уларнинг ёнида ўтириб турдида, хонамизга кирган заҳотим ўзини ичкарига олди.

— Ниҳоят, ҳамма таъналардан, насиҳатлардан қутуладиган бўлдим. Сенинг ҳам бахтингга тўсиқ бўлмайман. Ҳали бирор нима аниқ бўлмасдан туриб, олдиндан оғиз очгани хижолат бўлдим. Мавриди бугун экан, — деди мени бағрига босиб.

— Ким у? Қандай қилиб унга розилик бердингиз? Мажбурлигингиз учун шундай йўл тутдингизми? — сабрим чидамай опамнинг оғзига термилдим.

— Биз интернетда танишиб қолдик. Бир куни компютеримда ишлаб ўтирсам, электрон почтамга хат келиб тушди. Ундан дўстлик таклифи келибди. Қабул қилишдан аввал унинг профилига кириб, ўзи ҳақидаги маълумотларни кўздан кечирдим. Суратларини томоша қилдим. Кейин бир ҳафта шунчаки иш юзасидан, ҳаётдан, режаларимиз, фаолиятимиздан гаплашиб юрдик. Бизнесмен бўлгани билан жуда кўп китобларни ўқиган экан. Танишганимга ўн беш кун бўлди. Доим узоқ ўйланганман. Бу сафар таваккал қилдим. Ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, биласан, шу пайтгача фақат ўқиш, иш билан бўлиб бирорта йигит билан учрашувлар, саргузаштларни бошдан кечирмаганман…

Опам камдан-кам хурсанд юрарди. Кайфиятини бузмаслик учун фикрларимни айтишга ботинолмадим. Шуларни ўйлай-ўйлай уйқуга кетдим. Эртаси куни ҳақиқатан ҳам, уйимизга совчилар келибди. Мен ўқишда, опам ишда бўлгани учун уларни онам билан бувим кутиб олибди. Онам билан аммамнинг айтишига қараганда, куёвнинг онаси камтаргина, камгапгина аёл экану, унга ҳамроҳлик қилиб келган хотин заҳарроқ экан. Опам розилик берди. Онам ва бувимнинг оғзи қулоғида. Менинг эса ичимга чироқ ёқса, ёришмайди. Кўз очиб юмгулик фурсат ўтмай опамга тўй келди!

Меҳрибоним бироз хурсанд бўлиб юрди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас яна эски ҳолатига тушиб қолди. Поччам ўзи билан тенгдош эди. Шунгами, тез-тез бир-бирини тушунмай қолишарди. Кунда-кунора жанжал, тўй яқин бўлишига қарамай умуман гаплашишмасди. Шундай бўлсада, опам тўйни тўхтатмади. Унга бир неча маротаба шу таклифни айтдим, рози бўлмади. «Фотиҳаси қайтди, дегани турмушга чиқмаяпти дегандан ёмонроқ, қолаверса, бу сенинг тақдирингга ҳам таъсир қилади», деди. Уни фикридан қайтаролмадим. Тўй ҳам ўтди. Опамга жуда ачиндим. У адашганини, бироз шошганини биларди. «Аммо шундай қилмасам бўлмасди, ўзга чорам йўқ эди», деб ҳисоблайди.

Таваккал қилиб қурилган турмуш бир йилга ҳам бормади. Муносабатлари изга тушмади. Куёв томон опамни айблайди, ҳаммасига ўзи сабабчи, деб ҳисоблайди. Биз поччамни опамга муносиб эмасди, деймиз. Опамни ҳам, поччамни ҳам ажрашиш фикридан қайтаролмадик. Биласизми, ҳозир нуқул ўзимни айблаяпман, опам мен учун шошиб қарор қилди, деб қийналиб кетдим. Нима қилишга ҳайронман…

Telegram.me/IBRATLI

Report Page