ИЗЛАГАН ИМКОН ТОПАР

ИЗЛАГАН ИМКОН ТОПАР


Кетмон билан ерни текислар экан Шералининг хаёлидан “Излаган имкон топар” деган ўй ўтди. Бир неча ой олдин ишсизлиги сабабли “Ёшлар дафтари”га киритилганда, бундан бирор бир натижа чиқишига ишонмаган эди. Ҳозир эса ўзига ажратилган 25 сотих ер майдонида меҳнат қила туриб, олдиндан хулоса чиқаришга шошилганлигига амин бўлди.

Термиз тумани “Наврўз” маҳалласида истиқомат қилувчи Шерали Чоршанбиевга ҳам 4-сектор ҳудудида яшовчи 29 нафар ёшлар қаторида 25 сотих ер майдони ажратилди.

- Биринчи навбатда боғ майдони ҳудудидаги ерга махсус техникалар ёрдамида ишлов беришди. Шундан сўнг эртапишар навли тарвуз уруғи, плёнка ва зарур бўлган барча нарсаларни олиб беришди. Биздан талаб қилинадигани эса фақатгина меҳнат экан. Берилган имкониятдан фойдаланиб, яхшигина ҳосил олиш ниятидаман. - дейди қаҳрамонимиз.

Вилоят давлат солиқ хизмати органларига бириктирилган 4-сектор ҳудудида истиқомат қилувчи 781 нафар ишсиз, қишлоқ хўжалигида фаолият юритиш истагида бўлган ёшларга “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси асосида деҳқончилик учун 279 гектар ер майдонлари ажратилди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган бу каби кенг кўламли ишлар йил якунига қадар давом этади. 

Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати





Report Page