ИЖТИМОИЙ ОДОБЛАР
https://t.me/fitratuzАбдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий саллолоҳу алайҳи васаллам:
«Роҳманга ибодат қилинг.Таомни едиринг. Саломни ёйинг. Саломатлик-ла жаннатга кирурсиз», дедилар».
Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.
Саломни таратишда маънавий яъшилик бўлса, таомни тарқатишда моддий яхшилик борлиги ҳеч кимга сир эмас. Исломда таом тарқатиш ҳақида сўз кетганда, энг аввало фақир-мискин, бева-бечора ва муҳтожларга моддий ёрдам бериш, уларнинг қорнини тўйдириш кўзда тутилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу ислом дини камбағалпарварлигининг энг муҳим томонларидан биридир.
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:
«Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар тарк қилинган валима (зиёфват)таомидир», дер эди».
Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Исломда бировга таом бериш ниятида уйиштириладиган маросимлардан асосий мақсад, ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Маросим уюштирган одамнинг муҳтож камбағалга қарамай, бойларнинг эшигига бориб: «Менинг маросимимга қадам ранжида қилсангиз, бахтиёр бўлар эдим», деб илтижо қилиши жуда ўринсиз ишдир.
Шунинг учун ҳам бундай маросимнинг таоми «энг ёмон таом» деб сифатланмоқда. Демак, маросим қилувчи кимларни чақиришни ҳам билиши керак. Зиёфат дастурхонига камбағал, бева-бечораларни кўпроқ даъват қилса, улар зиёфатдан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса, эҳсон ўз ўрнига тушган бўлади.
Шунингдек, бойларнинг маросимида қатнашиб, камбағалнинг маросимига бормаслик ҳам катта беодобликдир. Бу иш мутакаббирлар ва риёкорларнинг ишидир. Маросим эгасининг камбағаллиги, обрўси юқори эмаслиги ёки таомнинг озлиги, сифати яхши эмаслиги унинг чақириғини қабул қилмасликка сабаб бўлмаслиги керак. Зотан, маросимлар турли табақадаги мусулмонларни бир-бирига янада яқинлаштириш учун жорий қилинган.
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий саллолоҳу алайҳи васаллам:
«Агар пойча ёки туёққа даъват қилинсам ҳам, албатда қабул қилар эдим. Агар менга пойча ёки туёқ ҳадя қилинса ҳам, албатда қабул қилар эдим», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Маълумки сўйилган ҳайвоннинг калла-пойчаси энг охирида пишириладиган, унча эътибор берилмайдиган, назарга ҳам илинмайдиган қисми ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида ана шундай оддий нарса билан зиёфат қилиб чақирилса ёки уша нарса у зотга совға қилинса, албатта қабул қилишларини таъкидламоқдалар. Бу ҳолат у зотнинг ғоят камтарликлари, ўз жамиятларидаги энг фақир, бечора кишилар билан ҳам дўстона алоқа ўрнатишга тайёр эканликларини кўрсатади.
У зотнинг умматлари ҳам ўз Пайғамбарларидан ўрнак олишлари лозим. Ёғли жойга айтилмаса ҳам бориб, бундайроқ жойларга ялинса ҳам бормаслик мусулмон кишига тўғри келмайди.
Исломда ёр-биродарларни бир дастурхон устида жамлаш мустаҳаб амалдир. Унда яхшилик ва барка бордир. Кўпчилик мусулмон жамланадиган жойда барака бўлиши ажабланарли эмас.