ИТАЛИЯНИНГ EТАКЧИ КОМПАНИЯЛАРИ ЎЗБEКИСТОННИНГ ГАЗ ТАҚСИМЛАШ ТИЗИМИНИ МОДEРНИЗАЦИЯ ВА РEКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШДА ИШТИРОК ЭТАДИ
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва Италиянинг етакчи компаниялари ўртасида мамлакатимиз газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш ва илғор хорижий тажрибага эга малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган бир қатор битим ва шартномалар имзоланди.
Эришилган келишувларга мувофиқ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан “Pietro Fiorentini S.p.A.” компанияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон газ тақсимлаш тизимини модернизация ва реконструкция қилиш” лойиҳаси амалга оширилади. Мазкур лойиҳа “SACE” (Италия) давлат экспорт-кредит агентлиги томонидан 200 миллион евро миқдорида жалб қилинадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Шунингдек, “HGT Training” ўқув маркази негизида газ соҳаси учун илғор Италия тажрибаси асосида етук муҳандисларни тайёрлаш мактаби ташкил этилади.
Шуни такидлаш жоизки, Давлат раҳбари томонидан мамлакатимиз газ таъминоти тизимини модернизация қилиш, бунда кадрлар салоҳиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2022 йил 22 октябрда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида табиий газ таъминоти тизимида газни қазиб чиқаришдан истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган барча босқич ва жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш бўйича топшириқ берган эди.
Бугунги кунда, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан газ таъминоти тизимини рақамлаштириш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган уч йилда Жамият томонидан “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими”ни жорий этиш лойиҳаси табиқ этилиб, барча истеъмолчиларга “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилди. Натижада, истеъмолчиларга қўшимча қулайликлар яратилиб, ортиқча оворагарчиликлар, жумладан тўловларни амалга ошириш учун газ таъминоти идораларига мурожаат қилиш ва узун навбатларда туриш, абонент дафтарчаларини юритиш, ҳисоблагичларни текширувдан ўтказиш, нотўғри ҳисобланган қарздорликлар ва газ таъминоти тизимидаги бошқа мураккаб жараёнларга чек қўйилди. Ҳозирда барча хизмат турлари онлайн режимга ўтказилиб, истеъмолчи ва газ таъминоти идоралари ўртасидаги муносабатларда очиқлик ва шаффофлик таъминланди.
Аҳолига табиий газни етказиб бериш жараёнида йўқотишлар ҳажмининг камайиши, “зангори” ёқилғидан оқилона фойдаланиш учун аҳоли ўртасида энергияни тежамкор технологияларнинг босқичма-босқич оммалашуви, лойиҳанинг нақадар самарадорлигини кўрсатмоқда. Бироқ, ўтган қиш мавсуми газ таъминоти тизимида ҳануз кўплаб ишларни амалга ошириш лозимлигини яққол намоён этди. Аномал совуқ ҳаво-ҳарорати ва газнинг паст босимига мослашмаган ҳамда маънан эскирган айрим ҳудудлардаги газ ускуналари ишдан чиққанлиги натижасида газ сизиб чиқиш ҳолатлари истеъмолчиларда кўпгина ноқулайликларни юзага келтирди.
Келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ олдига кейинги бир неча йилда 706,5 минг хонадон газ таъминоти тизимини икки босқичлига ўтказиш ва табиий газ истеъмол ҳажми балансини автоматик равишда шакллантириш дастурини амалиётга жорий этиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, 381,3 километр янги газ тармоқларини қуриш, 452,4 километр мавжуд газ қувурларини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари режалаштирилган. Шу билан бирга, 5,4 мингта газ тақсимлаш пунктларини модернизация қилиш, шундан 2,8 мингта юқори босимли иншоотларда телеметрия тизимини жорий этиш, газ тақсимлаш тармоқларида - юқори аниқликдаги улътратовушли газ ҳисоблагичларини ўрнатиш юзасидан устувор вазифалар белгиланди.
Газ тақсимлаш тизимининг кенг кўламли янгиланиши маънан эскирган тармоқларни алмаштиришга имкон беради. Бу эса, ўз навбатида табиий газ етказиб беришда йўқотишларни камайтириш, унинг барча тоифадаги истеъмолчилар ўртасида тенг тақсимланиши, шунингдек реал вақт режимида технологик жараёнлар устидан онлайн назоратни ўрнатишда ўз аксини топади.
Италия еткачи компаниялари ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўртасидаги ҳамкорлик натижасида, эришилган юқори самарадорлик, шаклланган ўзаро ҳурмат ва ишончли муносабатларни инобатга олиб, мамлакат газ тақсимлаш тизимини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида мувоффақиятли ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилинди. Бунда, газ жиҳозлари ва қурилмаларини ишлаб чиқаришда дунёнинг етакчи компанияси ҳисобланган “Pietro Fiorentini S.p.A.” компанияси замонавий газ тартиблаш пунктлари (ГТП), босим ростлагичлар, филътр ва бошқа компонентларни, “Terranova S.R.L” компанияси томонидан эса газ тартиблаш пунктларини масофадан мониторинг ва назорат қилишга имкон берувчи телеметрия тизими етказиб берилади.
Таъкидлаш жоизки, “Pietro Fiorentini S.p.A” компаниясининг 4 та газ тақсимлаш пунктлари тажриба-синов тариқасида фуқароларнинг энг кўп мурожаатлари келиб тушган Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги “Каттаҳовуз” маҳалласида жорий этилди. Натижада, ушбу маҳалланинг газ таъминоти тизимини тартибга солиниб, 305 та аҳоли хонадони ҳамда 5 та улгуржи истеъмолчиларни табиий газ билан барқарор таъминлаш ва реал вақт режимида технологик жараёнларни назорат қилиш имкониятини яратди.
Мамлакат газ тақсимлаш тизимини модернизация ва реконструкция қилиш билан бир қаторда, замонавий ва илғор технологиларда иш фаолиятини амалга оширувчи ҳамда газ хўжалиги бошқарувига замонавий тажрибаларни жорий қилишда малакали соҳа муҳандисларини қайта тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Юқорида қайд этилганидек, 2022 йил 8 сентябрда ташкил этилган “HGT Training” ўқув маркази негизида газ соҳаси учун илғор Италия тажрибаси асосида етук муҳандисларни тайёрлаш мактаби энг сўнгги замонавий техника ва анжомлар билан жиҳозланади ҳамда машғулотларни ўтиш учун хорижий мутахассислар таклиф этилиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда, мазкур марказда газ таъминоти соҳасида илғор таълим дастурлари ва технологиялари асосида чуқур билимга эга раҳбар ходим ва мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизими яратилган.
Мамлакатимиз газ тақсимлаш тизимини модернизация ва реконструкция қилишга қаратилган инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши, истеъмолчилар фаровонлигини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга кўтариш ва газ таъминоти тизимини янгилаш жараёнини якунлашга имкон беради.
Маълумот учун:
“SACE S.p.A.” – Италиянинг давлат экспорт-кредит агентлиги 1977 йилда экспорт кредитларини суғурталаш бўйича махсус бўлинма сифатида ташкил этилган, акцияларнинг 100 фоизи Италиянинг Молия ва Иқтисодиёт вазирлигига тегишли. Дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатларида фаолият кўрсатади, сиёсий ва иқтисодий хавфларни ўз зиммасига олган ҳолда лойиҳаларни амалга оширади.
“Intesa Sanpaolo S.p.A.” – Италияда банк хизматлари бозорида етакчи ва Европа ҳудудидаги энг йирик банклар гуруҳига киради, нуфузли ва халқаро молия институтлари орасида юқори рейтингга эга банк сифатида эътироф этилади. Банк Италиянинг иккита етакчи банклари – “Banca Intesa” ва “Sanpaolo IMI” бирлашиши натижасида 2007 йил 1 январда ташкил топган. Банк дунёнинг 34 мамлакатларида, шу жумладан АҚШ, Россия, Хитой ва Ҳиндистонда фаолият юритади.
“Pietro Fiorentini S.p.A.” - 80 йилдан ортиқ тарихи давомида табиий газни қазиб чиқариш, ташиш ва фойдаланиш учун юқори сифатли технологик ускуналарни яратиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи халқаро даражадаги компания ҳисобланади.
Мазкур компанияга 1940 йилда Болонья шаҳрида (Италия) асос солиниб, бугунги кунда замон талаби ва стандартларига жавоб берувчи юқори тоифали газ ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича жаҳоннинг етакчи компаниясига айланган.
“Terranova S.R.L” – коммунал хизматлар бозорида жаҳон етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Асосий фаолият йўналиши - электр энергияси, газ ва сувни тақсимлаш ва сотиш фаолияти учун дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишдан иборатдир. Компания коммунал хизматлар кўрсатувчи компанияларга кенг қамровли дастурий ечимларни тақдим этади (интеллектуал ҳисобга олиш ва ҳисоб-китоб қилиш дастурлари, ишчи кучини автоматлаштириш, бэк-офис). Компания ходимлари бугунги кунда учта қитъада 160 дан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатади.