ИСТИҚЛОЛИНГ МУБОРАК, ОНА ЮРТИМ!

ИСТИҚЛОЛИНГ МУБОРАК, ОНА ЮРТИМ!


Мамлакатимизда сайёҳларни ўзига мафтун этадиган қадамжолар жуда кўп. Улардан бири Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонаси ҳисобланади. Ҳар йили бу ерга минг-минглаб хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар ташриф буюришади. Уларнинг аксарияти мамлакатимизнинг қон томирлари саналмиш темир йўл тармоқлари орқали келишади. Бу эса, ўз навбатида Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимларидан масъулият билан хизмат қилишни тақозо этади. Мен ва ҳамкасбларим ана шундай эзгу мақсадлар билан келаётган йўловчилар хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли вазифани шараф билан адо этаяпмиз. Хизмат жараёнимизда сайёҳлар билан суҳбатлашар эканман, уларнинг эътибори ва эътирофидан қалбим яйрайди. Бутун вужудимни фахр ва ифтихор туйғуси чулғаб олади.

– Очиқ осмон остидаги музей менда катта таассурот қолдирди, – дейди Россия Федерациясининг Москва шаҳридан келган сайёҳ Ирина Никалаевна. – Гўзал ва бетакрор тарихий манзаралар кишини ҳайратда қолдирди. Ҳаёлан узоқ ўтмишга саёҳат қилгандек бўлдим.

Яна бир муҳим жиҳат. Бозорларингиздаги тўкин-сочинликни, одамларнинг хушмуомалалигини, меҳмондўстлигини кўриб қойил қолмасдан илож йўқ. Худди сизни эски қадрдонлардай кутиб олишади. Хуллас, саёҳатим унутилмас дамларга бой бўлди. Барчаси учун катта рахмат.

– Ўзбекистонга саёҳатга келганимдан сира афсусланмайман, – дейди Екатеринбург шаҳридан келган сайёҳ Владимир Машков. – Айниқса, бу ердаги тарихий обидалар, осмонўпар миноралар мени лол қолдирди. Миллий таомлардан палов, тухум баракларнинг мазаси ҳалигача оғзимдан кетганича йўқ. Келгуси йил оилам билан яна Хивага келишни ният қилдим.

Хорижлик сайёҳларнинг юртимиз, меҳмондўст халқимиз ҳақидаги бундай сўзларини эшитиш нақадар ёқимли, балки, фараҳбахш ҳамдир. Шундай экан, яқинлашиб келаётган истиқлолинг муборак бўлсин, азиз юртим, меҳмондўст халқим!

Ҳамид ЛАТИПОВ,

майор.

Report Page