ИСТИҚЛОЛ БЕРАЁТГАН ИМКОНИЯТ –

ИСТИҚЛОЛ БЕРАЁТГАН ИМКОНИЯТ –

АРХИВЛАР МИСОЛИДА

AvangardUZ

ИСТИҚЛОЛ БЕРАЁТГАН ИМКОНИЯТ –

АРХИВЛАР МИСОЛИДА


Қуллуқ қил демасман, юрт тупроғин ўп,

Юртга қуллар эмас, фидолар керак.

Унинг сену мендек шоирлари кўп,

Буюк элга энди даҳолар керак.

Қаддингни баланд тут, бўлма сертаъзим,

Чўққи бўлолмасанг, буюк қоя бўл,

Пиллапоя бўлдим сенга азизим,

Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл.


           Дарҳақиқат, шоир айтганидек юртга қуллар эмас, фидойи, садоқатли инсонлар керак. Инсон ўз миллати, Ватани, халқи тарихини ўрганмай туриб ўзлигини, келажагини англаб олиши қийин, албатта. Туронзамин халқлари жаҳон цивилизацияси бешигини тебратган. Юртимизда етишиб чиққан, номлари буюкликка дахлдор минглаб илм, фан, маданият арбоблари, ақл-заковат соҳиблари ўзбек халқи номини юксакликка олиб чиқдилар. Биз бундан қанча фахрлансак арзийди. Шунингдек, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада табиийки маънавий мерос , маданий бойликлар, кўхна тарихий ёдгорликлар энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

          Аждодлар тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, саньат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, астрономия, меъморчилик , деҳқончилик ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг маънавий бойлигимиздир. Бу қадар катта меросга эга бўлган халқ  дунёда камдан-кам топилади. Мустақиллик бизга ана шу маданиятни, илдизлари олис-олис замонлар тубига бориб тақаладиган тарихни, умуминсоний даражасидаги бетакрор, ўзига хос қадриятларни тиклаш ва тараннум этиш имконини берди. Мустақиллигимизнинг ўтган йилларида қилинган ишларига, эришилган ютуқларига бир назар ташлайлик. Шу йилларда бутун дунё Ўзбекистон озодлиги ва суверенитетини тан олди. Ватанимиз кўплаб дунё мамлакатлари билан тенг манфаатлар асосида сиёсий ва иқтисодий алоқалар ўрнатди.

Барча соҳаларда бўлганидек, архив соҳасида ҳам ўтган қисқа давр мобайнида бир қанча ижобий ўзгаришлар юз берди. 2010 йил 15 июнда «Архив иши тўғрисида»ги Қонун, 2012 йил 5 апрелда Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисидаги қарор, УЗАРХИВ агентлиги бош директорининг 2011 йил 22 декабрдаги « Электрон архив тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақидаги Буйруғи ва шу йўналишдаги бир қатор норматив – ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши юқоридаги фикримизга яққол мисолдир.

Архивларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, архив биноларини жорий ва капитал таьмирлаш, металл ва мобил жавонлар ўрнатиш, ёғоч асосли жавонларни металл билан алмаштириш сингари бир қанча йўналишларда ишлар амалга оширилди. Ва яна шуни айтиш лозимки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига қилган Мурожаатномасида жорий йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон килди. Ушбу Мурожаатномада “Архив ҳужжатларини рақамлаштириш» алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятли. Бу эса архив ҳужжатларининг электрон нусхасини яратишга замин яратди.

Хулоса килиб айтадиган бўлсак, мамлакатимиз тараққиёт пиллапоясидан янги-янги чўққилар томон қадам қўяр экан, маънавий ҳаётимиз ана шу синовларда тобланиб, юксалиб бораверади. Халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган озод, эркин ва фаровон ҳаётни барпо этаётганлиги бу йўлда эришаётган ютуқларимизни халқаро ҳамжамият тан олгани – бундай имкониятларнинг барчасини айнан мустақиллик берганини бугун ҳаммамиз чуқур англашимиз керак.

Насиба ИСМАИЛОВА,

Қоровулбозор туман давлат архиви директори


Report Page