ИСТАНБУЛДА – БЕДОРЛИК...

ИСТАНБУЛДА – БЕДОРЛИК...

 

Тақдиримда бор бўлиб гоҳо сафар – сайёрлик,

Гоҳо илмий анжуман, гоҳ китобат, бозорлик,

Аслий сабаб – муҳаббат, соғинч, дўстлик ва ёрлик,

Бизни бағрига олар шарҳи азим – ийсорлик,

Ҳар гўшада таърихнинг садоси бор залворлик,

Истанбулда уйқу йўқ, Истанбулда – бедорлик!

 

Унга Мавлоно Жомий илтифоти – ҳурмати,

Қадим шаҳар фатҳига таърих қилган ҳужжати:

Ул – “Балдатун тоййибаҳ... Раббун Ғафур” ояти,

“Кечиргувчи Раббинг бор ва пок шаҳар” – неъмати,

Шундай буюк хислатлик, шундай гўзал шиорлик,

Истанбулда уйқу йўқ, Истанбулда – бедорлик.

 

Унда азиз Пайғамбар ҳидлари бор, албатта,

Унда мўйи муборак, хирқалари – ҳурматда,

Унда ҳазрат Алининг зулфиқори – иззатда,

Унда – тинсиз қироат, Қуръон нури хизматда,

Унда зинҳор ярашмас ғафлат ила ғаддорлик,

Истанбулда уйқу йўқ, Истанбулда – бедорлик.

 

Саҳобалар сиргоҳи, Аййуб Султон даргоҳи,

Меҳмондори Набийдур, Расулуллоҳ дилхоҳи,

Маҳмуд Асъад пиримиз ул азизнинг ҳамроҳи,

Марқадлари ёндошдир, орифларнинг боргоҳи,

Бу муборак машҳадда – файзу футуҳ, дилдорлик,

Истанбулда уйқу йўқ, Истанбулда – бедорлик.

 

Ҳазрат Кумушхонавий қабрида – нури азкор, 

Ул Сулаймон Қонуний мозорида – ифтихор,

Бухоронинг шарафин Истанбулга этган ёр,

Қайсаридан Муҳаққиқ Термизийнинг нури бор,

Етти Пирнинг марқади – гўзал нақшу нигорлик,

Истанбулда уйқу йўқ, Истанбулда – бедорлик.

 

Нақшбандий ҳар муршид – кўнгулларнинг султони,

Пок муҳаббат мактабин устозию сирдони...

Икки буюк муршиднинг зурриёти – боғбони,

Устоз Нуруддин Жўшон – эҳтиромим нишони:

Дуолари файзидан етгай бизга ғамхорлик,

Истанбулда уйқу йўқ, Истанбулда – бедорлик.

 

Бунда китоб олами банд этади ихлосим,

Фурсат оз-у, иш кўпдур, зиёрат ва маросим, 

Аср ва шом ораси – босиб чарчоқ ва босим,

Уйқуга изн берса Миктад Қутлуғ устозим,

Кўзни уйқу босса-да, шуъуримда – ҳушёрлик,

Истанбулда уйқу йўқ, Истамбулда – бедорлик.

 

Ул Осиё, Оврупо – икки қитъа кўркидур,

Бир Кўнявий азиз дўст – юзда нури балқийдур, 

Салмон Чинор дилдошим – ул Салмони туркийдур,

Келбатидан, нуридан ҳар бегона ҳуркийдур,

Азиз дўстлар меҳридан – ҳаётимиз баҳорлик,

Истанбулда уйқу йўқ, Истамбулда – бедорлик.

 

Қайси дўсти меҳрибон жой топади дилимдан? –

Салоҳиддин Сивосий – назар топмиш Пиримдан,

Мени бемор санайди, дард топиб ҳар еримдан,

Шифокори ҳозиқсан, огоҳ бўлгил сиримдан:

Вужудимда агарчи бор бўлса-да беморлик,

Истанбулда уйқу йўқ, Истамбулда – бедорлик.

 

Мулки Пошшо Искандар – аҳли дилнинг маъмани,

Ҳазрат Муҳаммад Зоҳид – ҳовлиси, пок маскани, 

Маҳмуд Асъад хожамнинг илму урфон махзани,

Наждат Йилмаз қадрдон – ул даргоҳнинг кўҳкани,

Пок Хожагон нурлари – соф, безавол осорлик,

Истанбулда уйқу йўқ, Истамбулда – бедорлик.

 

Ҳар қалъаю деворда кечмишлардан садо бор,

Миллат ва юрт қозонгай, гар юракда Худо бор,

Қай ерда Ас-салом бор, ул ерда Ал-видо бор,

Бас, муҳаббат аҳлига Мирзо каби фидо бор!..

Юракдадир шаҳристон – нурлик, файзлик, виқорлик,

Истанбулда уйқу йўқ, Истамбулда – бедорлик!..

 

Дунё битар, давр ўтар, айланади замонлар,

Ўзгаради мезбонлар, ўзгаради меҳмонлар,

Бирор мулки муҳаббат излаб қолса инсонлар,

Менинг маҳзун қалбимни кўрсатингиз, ёронлар!

Балким, асрлар бўйи қолгай ушбу ёдгорлик:

Истанбулда уйқу йўқ, Истамбулда – бедорлик!..

  

2018 йил, июль.

 

Мирзо Кенжабек

 

Баъзи сатрлар изоҳи:

“Ул – “Балдатун тоййибаҳ... Раббун Ғафур” ояти”... Мавлоно Абдурраҳмон Жомий Сабаъ сураси, 15-оят каримасида келган “Балдатун тоййибатун ва Раббун ғофур” иборасидан абжад ҳисобида Истанбул фатҳининг таърихини чиқарганлар.

 

“Унда азиз Пайғамбар ҳидлари бор, албатта”... Бу банд Тўби Қопи музейида сақланаётган энг бебаҳо осори атиқаларга ишорадир.

 

“Бухоронинг шарафин Истанбулга этмиш ёр”... Хожагон-нақшбандийя олтин силсиласининг улуғ ҳалқаларидан бири ҳазрати Шайх Мавлоно Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийнинг ажодлари кўҳна Бухорои шарифдан эканига ишорат.

 

“Қайсаридан Муҳаққиқ Термизийнинг нури бор”... Ҳазрати Саййиди Сирдон – Саййид Бурҳонуддин Муҳаққиқ Термизийнинг қабрлари Қайсари шаҳрида эканига ишорат.

 

“Етти Пирнинг марқади – гўзал нақшу нигорлик”... Бухоро ҳудудида етти Пир бўлганидек, Сулаймония мажмуаси мозорида ҳам олтин силсиладан етти Пир борлар.

 

“Соҳибдилон, Худоро!”... Хожа Ҳофиз Шерозий ғазалидан.




Report Page