ИСМИ ЖИСМИГА МОНАНД
ИИВ Академиясини муваффақиятли тамомлагач, Толмас Юсупов даставвал Зарафшон ва Ғозғон шаҳарларида, Нурота, Хатирчи туманларида тезкор-қидирув хизматида фаолият олиб борди. 2023 йили «Мурунтов» маҳалласига профилактика инспектори этиб тайинланди.
Зарафшон шаҳридан қарийб 45 километр узоқда жойлашган ушбу маҳаллада турфа миллат вакиллари истиқомат қилади. Шунингдек, республикамизнинг турли ҳудудларидан саноат ҳамда кончилик соҳаларида меҳнат қилиш учун келганлар ҳам бор.
Лавҳамиз қаҳрамонига хизмат ҳудудидаги криминоген вазиятни яхшилашда тўплаган бой тажрибаси қўл келяпти. Фуқароларнинг турмуш шароитини «хонадонбай» ўрганиши ҳам ўз самарасини беряпти. У ишсизларга, муқаддам жиноят содир этганларга ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтожларга алоҳида эътибор қаратган. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда уларнинг муаммолари ҳал этилмоқда.
Т.Юсуповнинг ташаббуси билан маҳаллада ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича бир нечта лойиҳалар йўлга қўйилган. Натижада улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олиняпти. Профилактика инспекторининг маҳалла еттилигининг бошқа аъзолари билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида «Мурунтов» МФЙ, мана, икки йилдирки, «яшил»
тоифада. Аҳоли профилактика инспекторини нафақат ҳуқуқ-тартибот посбони, балки маслаҳатчи, дўст ва ишончли суянч сифатида ҳам қадрлайди, ҳурмат қилади. Қайси хонадонда муаммо бўлса, ўша ерда майор Юсупов ҳозиру нозир. Кези келганда, ота-оналарга вояга етмаганлар тарбияси бўйича маслаҳат беради, зарур бўлса, оилага ижтимоий ёрдам ташкил этади.
– Толмас исми жисмига мос, – дейди Зарафшон шаҳар ИИБ 1-сонли ИИБ бошлиғи, майор Мансур Элмуродов. – Маҳалла чўл ҳудудидалиги боис хонадонлар анча тарқоқ жойлашган. Шундай бўлса-да, у ҳар куни маҳаллани айланиб, фуқаролар билан профилактик ишлар олиб боришдан, яккама-якка суҳбатлашишдан эринмайди. Қисқа қилиб айтганда, у касбининг чин фидойиси.
Олис ҳудудда хизмат қилиш, бошқаларнинг муаммоларини ўзиники каби жон куйдириб ҳал этиш чораларини кўриш фақат бурчни бажариш эмас, балки ватанпарварликнинг, фидойиликнинг ҳақиқий намунасидир.
Мана, бепоён чўллар бағрида жойлашган «Мурунтов» маҳалласида яна бир осойишта тонг отди. Албатта, ана шу осойишталик замирида майор Толмас Юсуповнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.