ИШЧИ ГУРУҲ САЛБИЙ ҲОЛАТЛАРНИ АНИҚЛАМОҚДА

ИШЧИ ГУРУҲ САЛБИЙ ҲОЛАТЛАРНИ АНИҚЛАМОҚДА


Сўнгги кунларда Пойтахтнинг Сергели, Янгиҳаёт туманлари ва пойтахтнинг бошқа қатор ҳудудларида нохуш ҳидларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ аҳоли норозилиги яна кузатила бошлади. Буни кўпчилик “Салар” иншооти фаолияти билан боғламоқда.

Эслатиб ўтиш лозим бундан қарийб бир йил муқаддам ҳам худди шундай вазият юзага келган эди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан иншоот атрофидаги ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти вақтинча тўхтатилгач “Салар” яна маромида ишлашда давом этганди. Шу билан ҳид билан боғлиқ гап-сўзлар барҳам топганди. Афсуски, орадан қисқа вақт ўтиб ҳолат яна такрорланди.

Тошкент шаҳар прокуратураси вазиятга ойдинлик киритиш ҳамда аҳолини норози қилаётган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузди. Унда бир қатор тегишли ташкилотлар, хусусан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат комиссия “Салар” иншооти атрофида фаолият юритаётган корхоналар фаолиятини бирма-бир ўргана бошлади.

Хусусан, кушхоналар, озиқ-овқат маҳсулотлари учун қўшимчалар таёрловчи цехлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи ва бошқа қатор ишлаб чиқарувчилар фаолиятини тўлиқ тафтиш қилинмоқда.

Ўрганишлар жараёнида қатор камчиликлар аниқланмоқда. Жумладан, санитария қоидаларига амал қилмаслик, оқава, яъни, канализация тармоқларига белгиланган меъёрларга зид равишда чиқиндилар ташлаш, бирламчи тозалаш иншоотларисиз ишлаш ва ҳоказолар шулар жумласидандир.

Шунингдек, текстил корхоналари ҳамда терини қайта ишловчи корхоналардан оқава тармоқларига ташланаётган чиқинди сувларида бўёқ миқдорининг кўплиги, юнг ва тери каби чиқиндиларнинг оқизиб юбориш ҳолатларининг аниқланаётгани масалага яна жиддий ёндашиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Қуйидаги фоторепортажда ишчи гуруҳ томонидан аниқланаётган ҳолатлар билан танишишингиз мумкин.


"Тошкент шаҳар сув таъминоти" МЧЖ матбуот хизмати

Report Page