ИШ ИШТАҲА ОЧМАДИ

ИШ ИШТАҲА ОЧМАДИ

diyor24.uz

Отасининг балиқ егиси келганини эшитган Тиллобек (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) елкасига тўрни илганича дарёга йўл олди. Қишлоқ яқинидаги “Мачайсой” дарёси табиий балиқларга бой бўлиб, Тиллобек қирғоқ яқинидан тўрни дарёга ташлади.

Бироз ўтгач тўр қимирлай бошлади. Тиллобек шошилганича уни сувдан чиқарди. 16 та балиқ илинибди. Албатта, бу пайтда Тиллобек тутган балиқлари билан табиатга зарар келтирганини  хаёлига ҳам келтирмаганди. Иккинчи бор тўрни дарёга ташларкан, ёнига келган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимларини кўриб, хатосини тушунди.

Ходимлар сувдаги тўр ва тутилган 16 бош балиқни ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олишди. Улар Тиллобекка тутган балиқлари “Самарқанд храмуляси” турига киришини, уни овлаш натижасида ҳайвонот дунёсига жами 12.000.000 сўм зарар етказганлигини тушунтириб ўтишди.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий иш очилиб, мазкур иш жиноят ишлари бўйича Бойсун тумани судида муҳокама қилинди. Тиллобек судда қилмишидан пушаймонлигини, оилавий шароитини инобатга олинишини айтиб суддан ўзига нисбатан енгиллик берилишини сўради.

Суд унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида, яъни 3.750.000 сўм жарима жазоси тайинлашни ва иш бўйича етказилган 12.000.000 сўм зарар ҳуқуқбузардан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг фойдасига ундиришни лозим топди.

Ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррар эканини унутмайлик. 

 

НИЗОМ МАҲМУДОВ,

Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди тергов судьяси




Report Page