ИНСТИТУТ ШАЪНИНИ ГАРОВГА ҚЎЙМАНГ...

ИНСТИТУТ ШАЪНИНИ ГАРОВГА ҚЎЙМАНГ...

http://www.samvmi.uz/


Жорий йилнинг 3 октябрь куни “Сиздан Телеграмм”  каналида ( “Озодлик” нинг расмий телеграмм канали) Самарқанд Ветеринария медицинаси институти доценти М.Маматованинг  мурожаати эълон қилинган эди.  Мурожаатда Маматова таълим сифатини оширишга урингани учун тазйиққа учрагани, унга институтда иш берилмаётгани ва бошқа важлар ҳақида  айтилган. Мазкур мурожаат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади: 

Маматова Муборак айни кунда Самарқанд Ветеринария медицинаси институти  “Эпизоотология, микробиология ва вирусология”  кафедраси доценти лавозимида, тўлиқ штат бирлигида ишлайди. Бунгача у  институтнинг Сиртқи бўлим бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган ва ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилган.     

М.Маматованинг докторлик диссертацияси ҳимояси учун институт раҳбарияти томонидан етарлича шароитлар яратиб берилган. Диссертация маълумотларини тайёрлаш ва чоп эттириш учун Маматовага Ноутбук ва бир ойлик меҳнат таътили берилган.  Ҳимоядан сўнг,  ишланмаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш  ёки институтга инвестиция киритиш бўйича Маматова томонидан бирор марта мурожаат қилинмаган.  Институтда эълон қилинган грант лойиҳаларида ҳам у ҳеч қачон иштирок этмаган.  Доцент Маматованинг ўзини Ўрта Осиёдаги кам сонли ветеринария  фанлари докторларидан бириман дейиши ҳам нокамтарлик ва аҳлоқ қоидаларига зид. “Таълим сифатини оширишга уринганим учун тазйиққа учрадим” дейиши эса, қуруқ туҳмат ва бўхтон. 

Маматованинг 83 ёшли онасини, институт ректори тугул, институт хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмаси ва бошқа мутасаддиларнинг ҳеч бири ҳеч қачон кўрмаган ва онахон билан  мулоқотда бўлмаган. “Қаматиб юбораман” деб таҳдид қилиниши ҳақидаги уйдирма ҳам куракда турмайдиган туҳмат ва ёлғондан иборат. “Тазйиқ ” ўтказилганлиги ҳақида институт хотин-қизлар  қўмитасига  ва бошқа мутасаддиларининг ҳеч бирига Маматова томонидан  мурожаат ҳам бўлмаган.  Шунингдек, институт томонидан М.Маматованинг ишлари Давлат мукофотига ҳам тавсия этилмаган. 

СамВМИда “Эпизоотология, микробиология ва вирусология”  кафедрасида 2 та лаборатория мавжуд. Ҳар иккиси ҳам замон талаблари даражасида жиҳозланган.  Ҳатто янги лабораториядаги шароитлар ва жиҳозлар энг сўнгги русумдаги, деб бемалол айтиш мумкин. ( АҚШ ва Япония технологиялари асосидаги янги замонавий ўқув -лаборатория жиҳозларининг умумий қиймати 1 млрд.сўмни ташкил этади) Микроскоп ва проекторлар етарли, дарс жараёнларида мунтазам фойдаланиб келинади. Вилоят лабораторияси эса институт ҳудудига яқин масофада жойлашган. (Йўлнинг қарама-қарши томонида, 100 метр) Унга автобусда боришга ҳожат йўқ. Узоқроқ  хўжаликларга бориш учун эса,  албатта автобус ажратилган.  

Шунингдек,  жорий йилнинг 24 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Зиёлилар билан учрашувидан сўнг институт ректори Х.Юнусовнинг таклифларига кўра, Президент томонидан Самарқанд Ветеринария медицинаси институтига 3 дона янги автобус ажратилиши маълум қилинган. Демак, бу масалада ҳам муаммо йўқ.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Маматова  юқоридаги важлар бўйича республикамиздаги масъул идораларга бир неча марта (бир ойда 6 марта) мурожаат қилган. М. Маматованинг мурожаатлари бўйича ҳар сафар турли ташкилотлар мутасаддиларидан иборат махсус Ишчи гуруҳ  томонидан текширишлар ўтказилиб, аризада кўрсатилган бандларнинг ҳеч бири ўз исботини топмаган, аксинча, ёлғон ва  туҳматлардан иборат эканлиги аниқ далиллар асосида исботлаб берилган. Бу жараёнларда институтнинг шаънига доғ тушиши  мумкинлиги Маматовани қизиқтирмади. Жамоадошлари обрўси, олтиндан қиммат вақти ва асаблари эътиборга олинмади. Шунда ҳам институт маъмурияти томонидан унга бир штат бирлигида дарс соатлари ажратиб берилди. Оилавий шароити, институтда 20 йилдан бери ишлаётгани   ва аёл киши эканлиги инобатга олиниб, зиёлиларга хос бағрикенглик билан Маматованинг “қилмишлари”, турли масъул идораларга  қилаётган асоссиз мурожаатларига кўз юмиб келинмоқда.

Аммо ҳар нарсада меъёр бўлгани афзал. Туҳматлар тўхтатилмас экан, институт  маъмурияти сўнгги чора сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этишга мажбур. 

Самарқанд Ветеринария медицинаси институти

 Ахборот хизмати

Report Page