ИНСОНИЙЛИК ВА ТЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ФАЛСАФАСИ
Орзигул ҚОЗИХОНОВА, Олий Мажлис Cенати қўмита раиси, Cоҳибжамол ЖУМАЕВА, Марказий банкнинг Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳ…Янги Ўзбекистондаги ҳар бир ислоҳотда хотин-қизлар манфаатини кўзлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш мақсад қилингани шунчаки расмий баёнот эмас, бу амалда ҳаётга татбиқ этилаётган сиёсатдир.
Ислоҳотлар самарасида бугун гендер тенглик ҳақидаги гаплар фақат шиор бўлиб қолмай, ҳаётда ўз ифодасини топа бошлади. Ҳатто халқимиз онгида ҳам аёлларга нисбатан қарашлар сезиларли даражада ўзгарди.
"Янги Ўзбекистон" газетаси, 2025 йил 13 июнь, 120-сон (https://t.me/yuz_official/60651)
Юртимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга тенг имконият яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, аввало, ҳуқуқий база яратилиши орқали амалга оширилмоқда. Ислоҳотларнинг янги ҳаётбахш тўлқини бошланган кейинги йилларда бу соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони ва улардаги механизмлар мустаҳкам ижтимоий ўзгаришларга замин яратди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”, дея белгилаб қўйилди. Бу норма илк бор Конституция даражасида гендер тенгликни кафолатлайдиган қонуний асос бўлди.
Шунингдек, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича комиссия фаолияти кучайтирилиб, қатор давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг қамровли дастурлар амалга оширилмоқда. Бу жараён “Янги Ўзбекистон — инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодасидир.
Тараққиёт моделида ҳам бу фақат иқтисодий ва сиёсий ривожланиш эмас, балки инсонийлик ва тенг имкониятлар фалсафасидир. Кенг қамровли ислоҳотлар марказида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, айниқса, хотин-қизларнинг ҳаётдаги муносиб ўрнини таъминлаш масаласи турибди.
Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш — инсон ҳуқуқлари, адолат ва инклюзив тараққиётнинг узвий қисми сифатида давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу борадаги тизимли ва изчил ислоҳотлар мамлакатнинг янгиланиш ва очиқ жамият сари интилувчанлигига ёрқин мисолдир.
Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда гендер тенглик соҳасидаги тажриба алмашув, таълим дастурлари, мониторинг ва баҳолаш механизмлари кенг жорий этиляпти. Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, ЮНИСЕФ каби ташкилотлар билан амалий лойиҳалар йўлга қўйилган.
Ислоҳотларнинг янги даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Биргина 2024 йилнинг ўзида 21 та ҳужжат ишлаб чиқилди.
Ушбу йўналишдаги янгиланишларга мос равишда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 21 фоиздан 45 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етгани эътиборли.
2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилиниб, давлат сиёсатидаги узоқ муддатли устувор йўналишлар аниқ белгилаб олингани ҳам айни йўналишдаги муҳим воқеадир. Зеро, бу халқаро рейтинг ва индексларда юртимиз мавқеини яхшилаш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш имкониятини кенгайтирди. Бунинг натижалари гендер тенгликка бағишланган жаҳон рейтингларида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида бешта энг илғор ўзгаришни амалга оширган давлатлар қаторига кирди. Бу ислоҳотлар Ўзбекистон рейтингининг 11,9 пункт кўтарилишига олиб келди. Натижада “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида максимал 100 балдан 82,5 балл тўпланган. Бу Марказий Осиёда энг яхши натижа бўлиб, халқаро кўрсаткичлар мамлакатда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг самарали эканидан далолат беради.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунда гендер дискриминацияси тушунчаси, тенг имкониятларни таъминлаш учун давлатнинг мажбуриятлари, жумладан, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги чоралар белгиланган. Қонунга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари барча фуқарога жинсидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш мажбуриятини олади. Шу билан бирга, аёлларнинг давлат бошқарувида, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги иштироки, ҳуқуқий ҳимояси ва иқтисодий мустақиллиги таъминланиши қонуний асосга эга бўлди. Ушбу қонун жамиятнинг барча соҳаси — таълим, меҳнат, давлат бошқаруви, оилавий муносабатлар ва бошқаларда эркаклар ва аёллар учун тенг шароит яратишни мақсад қилади.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун эса аёлларнинг шахсий хавфсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, ички ишлар органлари, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида тизимли ҳимоя чораларини назарда тутади.
Open Data Watch ташкилотининг сўнгги ҳисоботида дунё бўйлаб гендер маълумотларининг мавжудлиги ва очиқлигини баҳолайдиган Очиқ гендер маълумотлари индексида Ўзбекистон жаҳондаги гендер сиёсатини юритаётган энг яхши 20 та мамлакат орасидан жой олди.
Янги Ўзбекистонда хотин-қизлар учун таълим олиш имконияти кенгайиб, уларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, касб-ҳунар эгаллаши ва тадқиқотчи сифатида шаклланиши учун мустаҳкам замин яратилмоқда. Давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири сифатида таълимда тенгликни таъминлаш, қизларнинг тўлиқ ва босқичма-босқич таълимга жалб қилиниши белгиланган.
Натижаларга эътибор қаратсак: 2016 йилгача олий таълим муассасаларида ўқиган қизлар улуши 27 фоиз атрофида бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йил якунига келиб, қарийб 100 фоиз ошиб, 52,2 фоизни ташкил этди. Илмий соҳада фаолият юритаётган аёллар сони ҳам ортмоқда. 2023 йил ҳолатига кўра, фан докторлари орасида хотин-қизлар улуши 24 фоизни ташкил этади. 2000 дан ортиқ тадқиқотчи хотин-қиз илмий лойиҳаларда қатнашмоқда.
Президент стипендиялари ва олий таълим грантларида хотин-қизларга алоҳида квоталар ажратилган. Масалан, 2024/2025 ўқув йилида таълим кредити олувчи талабаларнинг 47 фоизини қизлар ташкил этди. Магистратурада таҳсил олиш учун таълим тўлови эса давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилмоқда.
Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида хотин-қизлар фаоллигининг ортиши, давлат ва жамият бошқарувида муносиб ўрин эгаллаши “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг ажралмас қисмидир. Ҳозирги босқичда аёллар фақат ижтимоий ҳаётнинг иложсиз қатламида эмас, балки давлат сиёсатини шакллантириш, иқтисодий ва дипломатик соҳаларда ҳам муҳим қарорлар қабул қилишда иштирок этмоқда.
Масалан, 2020 йилги парламент сайловларида Қонунчилик палатасида аёл депутатлар улуши 32 фоизни ташкил этган бўлса, охирги парламент сайловида 38 фоизга етди. Бу кўрсаткич Олий Мажлис Сенатида 27 фоизни, маҳаллий кенгашларда 25 фоизни ташкил этади. Вазирлик ва идораларда ҳам раҳбарлик лавозимларида хотин-қизлар сонининг ўсиш динамикасини кўриш мумкин. Бугун хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди.
Авваллари аёл раҳбарларга нисбатан ишончсиз қараш ҳолати кузатилган бўлса, бугун вазият тубдан бошқача. Чунки хотин-қизларнинг дипломатик хизматлардаги фаоллиги ҳам ортиб бормоқда. Умуман олганда, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш йўлида муҳим қадамлар қўйилди. Жараённи янада жадаллаштириш учун фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликни кучайтириш, қонунларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолида тенг ҳуқуқ ва имкониятлар маданиятини шакллантириш устувор аҳамият касб этади.
Ҳар қандай жамиятда гендер тенгликни таъминлаш таълим соҳасидан бошланади. Бугун Ўзбекистонда қизларнинг мактаб, коллеж ва олий таълим муассасаларига қамрови йил сайин ошиб бормоқда.
Меҳнат бозорида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Аёлларнинг касбий тайёргарлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳимояланган меҳнат шароити яратиш бўйича қатор дастурлар амалга оширилди. Айниқса, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари, шунингдек, банк-молия секторида фаол хотин-қизлар сони кескин ошди.
Жамият ривожида гендер тенглик муҳим ўрин тутади. Агар хотин-қизлар фақат оилавий вазифалар билан чекланган бўлса, уларнинг потенциалидан тўлиқ фойдаланиш мумкин эмас. Шундан келиб чиқиб, ташкилотлар ва давлат аппаратида аёлларнинг фаол иштироки бугуннинг муҳим талаби эканини таъкидлаш жоиз. Халқаро тажриба ва миллий ижобий ўзгаришлар натижасида аёллар нафақат ижтимоий, балки иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ҳам ўз ўрнини топмоқда.
Жамиятда хотин-қизлар ролини мустаҳкамлаш учун янги стратегиялар ва амалдаги ислоҳотлар муҳим. Улар, ўз навбатида, келгуси авлодга ижтимоий ҳақ-ҳуқуқлар, тенглик ва имкониятлар масаласида ёрқин намуна бўлади.
Гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ислоҳотлар, шубҳасиз, натижа бермоқда. Лекин бугунги энг муҳим вазифа хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги иштирокини кучайтиришдир. Бунда давлат ва жамиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораси кўрилиши керак.
Гендер тенглик фақат аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эмас, балки бутун жамият барқарорлиги ва тараққиётининг асосий шартидир. Соҳадаги кенг қамровли ва изчил ислоҳотлар мамлакатда адолатли, инклюзив ва тенг имкониятларга асосланган фуқаролик жамиятини барпо этиш сари ташланган муҳим қадам. Янги Ўзбекистонда аёлларга яратилаётган шароит ва имкониятлар мамлакатнинг барча фуқаролари учун адолатли келажак пойдеворидир.
Орзигул ҚОЗИХОНОВА,
Олий Мажлис Cенати қўмита раиси,
Cоҳибжамол ЖУМАЕВА,
Марказий банкнинг Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни яратиш бўйича Маслаҳат кенгаши раиси ўринбосари