ИНСОН АЗИЗ, УНИНГ ХОТИРАСИ ЭСА МУҚАДДАС...

ИНСОН АЗИЗ, УНИНГ ХОТИРАСИ ЭСА МУҚАДДАС...


Бугун Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти фаоллар залида бастакор, ҳофиз ва педагог Фаттоҳхон Мамадалиев хотирасига бағишланган мақом кечаси бўлиб ўтди. Мазкур кечада Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги маданият ва санъат фидоийлари, хонанда ва созандалар иштирок этдилар. Тадбир аввалида, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони билан тақдирланди. Вилоят ҳокимига ушбу кўкрак нишонини Маданият вазири Озодбек Назарбеков тантанали равишда топширди. Кечада янграган куй қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.

Маълумот учун, Фаттоҳхон Мамадалиев 1923 йилда Андижон вилояти Балиқчи туманида дунёга келган. Мактабда ўқиган кезлари мусиқа ўқитувчиси Зокиржон Тўраев унга дутор созини совға қилади ва у мусиқа ва санъатга меҳр қўяди. Шунингдек, у таниқли скрипкачи Мўминжон Каримовдан скрипкада чалишни ўрганади. 

1985-1999 йиллар у Тошкент Давлат Консерваториясида дарс беради ва ижрочилик жамоасида фаолият юритади. У таниқли ижрочиларнинг бутун бир авлодига таҳсил бера олган, хусусан, Ҳуррият Исроилова, Машраб Эрматов, Эркин Рўзматов, Марям Сатторова, Насиба Сатторова, Майсара Имомова, Азамат Отажонов ва Бобур Йўлдошевлар.

Унинг қўшиқлари халқ орасида жуда севиб тингланган ва ҳатто, ҳозирги кунда ҳам замонавий радио тўлқинларда жаранглайди.

У Навоий, Муқимий, Нодира, Фурқат, Огаҳий, Улфатий, Воҳид Абдулла, Восит Саъдулла, Олимжон Ҳолдор кабиларнинг шеърларини куйга солган. Ҳабибий, Собир Абдулла, Анисий, Улфатий, Воҳид Абдулла, Восит Саъдуллалар билан дўстлашган ва уларнинг кўплаб асарларига куй басталаб, янги ҳаёт бахш этган.

Унинг санъатдаги мураббийлари Юнус Ражабий, Муҳитдин хожи Нажмитдинов, Комилжон Жабборов, Ғанижон Тошматов, Жўрахон Султонов, Қодиржон Оҳунов кабилар бўлишган. Ўзининг асарларида мукаммалликка эришиш учун устозларининг ижодий услубини барча қирраларини ўзлаштирган.

У кўплаб хориж мамлакатлари, Ҳиндистон, Италия, Болгария, Малайзия, АҚШда бўлган. Таниқли бастакор, қўшиқчи, ғазалшунос ва ўқитувчи Ф.Мамадалиев Ватанида ва бошқа мамлакатларда чинакам халқ эътирофига эга бўлган.

У «Ўзбекистон халқ ҳофизи» деб топилган. Ўзбекистон Мустақиллигининг еттинчи йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган. У 1999 йил Тошкентда вафот этган.

Андижон вилояти ҳокимлиги
матбуот хизмати


Report Page