ИНДОНЕЗИЯДА ИСЛОМНИ ЁЙГАН ҲАМЮРТИМИЗ 

ИНДОНЕЗИЯДА ИСЛОМНИ ЁЙГАН ҲАМЮРТИМИЗ 

Рустам Жабборов

Бугунги кунда Индонезия Ер юзидаги энг кўп мусулмон истиқомат қиладиган мамлакат саналади. Бугунги кунда бу диёрда 270 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, шундан 90 фоизга яқинини мусулмонлар ташкил қилади. Тарихий маълумотларга кўра, бу ҳудудга ислом дини қурол кучи билан эмас, илм-маърифат, тарғибот йўли билан кириб борган. Ва энг қизиғи, ушбу заминни Ислом нури билан мунаввар бўлишида Самарқанддан борган бир буюк инсоннинг муносиб ўрни бор.

Индонезияда Ислом динининг кириб бориши ва тарқалиши Самарқандда ўқиб, камол топган  Малик Иброҳим исмли аллома беқиёс хизмат қилган. Маълумотларга кўра, Малик Иброҳимнинг шажараси Имом Ҳусайн (р.а.)  орқали пайғамбаримиз (с.а.в.)га бориб тақалади,  у асли кошонлик бўлган, Соҳибқирон Амир Темур ҳукмронлик йилларида Самарқандга олиб кетилган. Таниқли тарихчи ва журналист Гулу Кенгерлининг  тадқиқотларига кўра, Малик Иброҳим XIV асрнинг иккинчи ярмида   Озарбойжонда дунёга келган. Малик Иброҳим ўз даврида Кавказ ва яқин шарқда кенг тарқалган Ҳуруфийлик тариқати тарафдори бўлгани  айтилади. Бошқа бир манбаларга қараганда, Нажмиддин Кубро асос солган Кубровия тариқати вакили бўлган.

        Малик Иброҳим қачон Самарқандга келгани ҳақида авниқ маълумот йўқ. Агар бу оиланинг Самарқандга келиб қолиши Амир Темурнинг Эрон ва Озарбойжонга юришлари билан боғлиқ бўлса, бу воқеа 1380 йилларга тўғри келади. Самарқанддаги  диний ва маънавий муҳит Малик Иброҳимнинг тафаккурида катта ўзгариш ясайди. Шу ердаги мадрасаларда таҳсил олади, уламолар, мутафаккирлар суҳбатидан баҳраманд бўлади. Соф инсонпарварлик, бағрикенгликни ўзида сингдирган исломий ғояларни номуслумон мамлакатларга тарқатишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

        Озарбойжон тарихчиси  Заур Алиевнинг ёзишича,  бир неча йил Самарқандда яшаб, аҳли илмлар суҳбатини олган, эл аро ҳурмат-эътибор қозонган Малик Иброҳим кейинчалик ўзини шу ўлкага боғлиқлигини эътироф этиш учун ўзига Махдум Иброҳим Ас-Самарқандий нисбасини танлайди.

Бобурнинг таърифи билан айтганда, Самарқанд аҳли “Ҳазрати Усмон  замонасидан  бери пок мазҳабли  мусулмон бўлишган”. Шундай экан,  Ислом таълимотини бошқа ўлкаларга ҳам ёймоқ керак. Ана шу мақсад  Малик Иброҳим ва унинг оиласини  Индонезия томон етаклайди. Маълумки, Индонезия ҳақида мусулмон оламида ундан аввал ҳам муайян тасаввурлар бўлган. Хусусан, Берунийнинг ўзининг “Жавоҳирнома” асарида Индонезиянинг Суматра оролидаги қимматбаҳо тошлар ҳақида маълумот бериб ўтганди.

Хуллас, Малик Иброҳим 1392 йилда Жумодул-Кубро  (индонезча оти) ва укаси Мавлоно Исҳоқ билан олис Индонезияга йўл олади. Бу пайтда ҳали ушбу ўлкага европаликларнинг қадами етмаганди. Аҳоли асосан маҳаллий динларга, қисман буддавийлик ва ҳиндувийликка эътиқод қиларди. Савдогар қиёфасида Индонезия оролларига кириб борган Малик Иброҳим маҳаллий аҳоли вакилларига  Исломни энг содда шаклда тушунтира бошлайди. Тирикчилик учун савдо-сотиқ билан шуғулланади. Харидорларга мол сотаркан, у ҳалолликдан сабоқ беради, уларнинг бир чақасига ҳам хиёнат қилмайди. У ҳар бир харидорга бировнинг озгина ҳақи ҳам буюрмаслигини уқтиради. Акс ҳолда Аллоҳнинг ғазаби муқаррар эканини айтади.

 Малик Иброҳим тез орада Индонезияда катта нуфуз ва эътибор қозонади. У инсонларни ислом динининг гўзалликлари билан юзлаштиради.  Исломий  билимлар, Қуръон мантиғининг инсон тақдиридаги ролини исбот этади.  Исломнинг асосий рукнлари, амр ва тақиқлари, мусулмонлар учун вожиб бўлган ибодат ва ахлоқ нормалари ҳақида маълумотлар беради. Натижада аҳолининг катта қисми  исломни  қабул этади.

Малик Иброҳим отаси ва укаси билан узоқ йиллар давомида Индонезия ороллари ва Вьетнам ҳудудида ҳам диний тарғибот ишлари билан шуғулланишган. Кейинчалик Мавлоно Жумодул-Кубро ва ўғиллари,  шунингдек Малик Иброҳимнинг икки ўғли -  Али Раҳмутуллоҳ ва Али Муртазолар ҳам  Индонезияда эъзозланадиган 9 нафар авлиё – “Вали Сонго” сафига киритилган.

Малик Иброҳим милодий 1417 йилнинг 7 апрелида Индонезиянинг Гресик шаҳрида яқинидаги Гапура қишлоғида  оламдан ўтади.  Бугун унинг қабри зиёратчилар учун муқаддас қадамжога  айланган. Ҳар йили Малик Иброҳимнинг таваллуд куни муносабати билан минглаб зиёратчилар бу ерга қадам ранжида қилишади. Малик Иброҳимнниг қабр тошида араб тилида шундай битиклар ёзилган:

“Бу, шубҳасиз Аллоҳ тарафидан кечирилишга лойиқ бўлган, Аллоҳ берган саодатга муносиб, шоҳларнинг муаллими, вазирлар ва султонларнинг маслаҳатчиси, камбағаллар, бева-бечораларнинг дўсти бўлган инсоннинг қабридир. Буюк устод Малик Иброҳим ўз марҳамати билан танилган. Аллоҳ унга ёр ва мададкор бўлсин.”




Report Page