ИМОМНИНГ ФАРЗАНДИ ҒОЛИБ БЎЛДИ
fitrat.uz
Мутолаа кишини комиллик сари етаклайдиган, унинг тафаккур хазинасини бойитадиган, зеҳнини ўткир, мушоҳадасини теран қиладиган муҳим воситадир. Инсоният томонидан кашф қилинган энг буюк ихтиро, ҳеч шубҳасиз, китобдир. Асрлар оша башарият қандай ютуқ ва марраларга эришган бўлса, албатта, бунинг замирида китобга меҳр, мутолаага иштиёқ мужассам.
Ислом дини жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга буюради. Бежиз Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “ўқи” амри билан бошланмайди.“Илм” сўзи Қуръони каримда 811 марта турли маъноларда зикр этилган.
Динимиз биринчи оятидаёқ ўқишга, мутолаа қилишга, ёзишга чорлаган. Қуръон сўзининг бир маъноси “ўқиш” демакдир. Шу буйруққа амал қилган аждодларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Беруний, Хоразмий, Фарғоний, Навоийлар жаҳон илм-фанига беқиёс ҳисса қўшиб, бизга бебаҳо маънавий мерос қолдириб кетишди.
Сўнгги йилларида мамлакатимизда аждодларимизнинг ана шу меросини ўрганишга, тадқиқ қилишга барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишларида ёшларимизни китобхонликка ўргатиш, бу ишга ижодкорларни жалб этиш ҳақида бот-бот таъкидлайдилар. Зеро, навқирон авлодни бой маънавий меросимиз билан таништириш, улар қалбида тарихимизга муҳаббатни уйғотишда китоб беқиёс аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбариниг буюк келажакни кўзлаб олиб бораётган одилона сиёсати қисқа фурсатда ўз самарасини бера бошлади. Яқиндагина Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўтказилган адабиёт байрами ҳафталиги доирасида “Илҳом” мукофоти танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Энг қувонарлиси, Пискент тумани бош имом-хатиби Абдулҳамид домла Маликовнинг ўғли, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти Акрам Маликов муносиб топилди. У “Spark” автомобили билан тақдирланди.
Табиийки, бу воқеа барча юртдошларимиз қатори бизни ҳам беҳад шодлантирди.

Динимизда илмнинг ўни, аҳамияти жуда юксак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Биладиганлар билан билмайдиганлар (ҳеч замонда) тенг бўлурми?!”», дея билим нақадар катта ҳаётий аҳамиятга эга нарса эканига ишора қилади (Зумар сураси, 9-оят).
Китоб – хазина. Маънавий оламимизни бу хазина инжулари билан безаш ўз қўлимизда. Мутолаага ҳамроҳ инсонни эса қўлида машъала кўтарган шахсдек тасаввур қилиш мумкин. У нафақат ўзининг, балки яқинларининг ҳам йўлини ёритади.
Шу боис Каломуллоҳда олимларнинг даражаси жуда юқори экани таъкидланади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).
Абдулҳамид домланинг ўғли Акромжон ўз устида тинимсиз ишлаб, ёшларга ибрат бўлмоқда. У Алишер Навоий ҳазратларининг асарларини ўқиб, ўрганиб, ҳатто “Ҳайратул аброр” достонини шаҳрлабди ҳам. Бу жуда катта ва таҳсинга сазовор иш.
Акромжоннинг бу ютуғи менга Ибн Рушднинг умри давомида кеча китоб ўқий олмаганманини: биринчиси, никоҳ кечаси ва иккинчиси отаси вафот этган кеча эканлигини, Имом Қатода бир туя китобни ёд олганини, Имом Ғаззолий, Имом Фахриддин Розий, Имом Суютий каби олимлар кунига ўртача 15–20 бет асар битишганини ҳамда Абу Наср Форобийнинг ой шуъласида ҳам тонггача китоб ўқиб чиққанини эслатиб юборди.
Аллоҳ таоло Акромжоннинг илм йўлида олиб бораётган изланишларига улкан зафарлар ато айласин. Ишларига ривож берсин. Эл корига камарбаса, олим ва зиёли фарзандни вояга етказган меҳрибон ота-онасидан Аллоҳ рози бўлсин.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби