IMEI билан боғлиқ муаммо, сабаб ва ечимлар.

IMEI билан боғлиқ муаммо, сабаб ва ечимлар.

Фируз Аллаев

Сўнгги кунларда телефонларнинг UzIMEI рўйхатидан ўтказиш асосий муҳокама мавзусига айланди.


Ўзбекистонда телефонларнинг UzIMEI рўйхатидан ўтказиш жараёни ўтган йили контрабандага қарши курашиш мақсадида йўлга қўйилган эди. Энди импорт қилинган телефоннинг IMEI рақамини ҳар сим карта слотига ўртача 5 АҚШ доллари миқдорида тўлов қилиб рўйхатдан ўтказиш керак. Бугун аксар телефонлар 2та сим карта слотига эга эканлигини ҳисобга олса, UzIMEI рўйхатидан ўтиш учун 9-10 доллар атрофида пул тўланади. Агар, телефон UzIMEI рўйхатидан ўтказилмаса, бир ойдан сўнг мобил интернет ишламай қолади. Сим карта слоти тўлиқ ўчирилиб қўйиши эҳтимоли ҳам мавжуд.


Сўнгги кунларда аэропорт орқали юртимизга кириб келган кўплаб фуқаролар ўз номларига кимлардир IMEI кодларини рўйхатдан ўтказганлигидан нолишмоқда, ижтимоий тармоқлар ва матбуот орқали ўз эътирозларини билдиришмоқда. Телефон сотувчилари ҳам телефонларни вақтида рўйхатдан ўтказишолмаётганидан муаммоларга дуч келишмоқда.


Facebookда бир киши шунақа эътироз қолдирди: "Аэропортдан кириб келдим, четдан ўзим ишлатган телефонимни рўйхатдан ўтказиш керак экан. Лекин, рўйхатдан ўтказиб бўлмаяпти чунки кимдир аллақачон IMEI рўйхатдан ўтказибди."


Бир неча кунлар олдин Рашид Тожибоев бу муаммо ҳақида пост қилиб, бу борада ИИВга, порталга ва божхонага мурожаат қилганлигини ёзганди.


Муаммо қандай пайдо бўлди?


UZIMEI рўйхатидан ўтказиш тизими ташкил қилингунча Ўзбекистон бозорларида сотилаётган аксар телефонлар контрабанда яъни ноқонуний йўл билан мамлакат ҳудудига олиб кириларди. Божхоначилар ҳам тез-тез навбатдаги марта контрабанда телефонлари ушланганлиги ҳақида маълумотни тарқатишарди.


Энди янги тизимга кўра UzIMEI рўйхатидан ўтиш учун телефон импорт қилувчилар маҳсулотни расмий йўл билан керакли тўловларни қилиб импорт қилишлари шарт.


Телефонларни рўйхатдан ўтказишга импорт қилувчилардан ташқари сўнгги олти ойда чет эл ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқароларига ҳам руҳсат берилган. Чет элдан қайтиб келган юртдошимиз ўзи билан олиб келган бир дона телефонни керакли тўловни қилиб UzIMEI рўйхатидан ўтказиши мумкин.


UzIMEI тизими жорий қилиниши биланоқ телефонлар нархи ўртача 20 фоизга ошди. Телефон импортида тўланадиган 15 фоизлик ҚҚСни ва UZIMEIга тўланадиган 9 долларлик тўловни ҳисобга олса бу табиий. Ўша пайтда нархлар юзасидан аҳоли маълум бир даражада эътироз ҳам билдирди.


Йил бошидан телефонларга 10 фоизлик акциз солиғи ҳам жорий этилди. Бу эндигина қонуний ишлаб бошлаган, тизимга мажбурий кўникаётган сотувчилар учун кучли зарба бўлди. 15 фоизлик ҚҚСни тўлаб импорт қилиб юрган расмий фирмалар, энди телефон нархининг устига 10 фоиз қўшиб 25 фоиз пул тўлаши керак бўлди ва бу расмий бозорни ўз-ўзидан издан чиқарди.


Ҳақиқий бозор қонуни амал қилган жойда, ким маҳсулотни арзон таклиф қилса, ўша кўпроқ савдо қилади. Натижада телефон сотувчилари телефоннинг нархини арзонлаштириш устида бош қотиришди ва янги комбинациялар ўйлаб топишди. Мана шу комбинациялардан бири телефонларни олдингидек контрабанда йўли билан олиб кириб, чет элга чиқиб келган фуқаролар паспортига рўйхатдан ўтказишдир. Атрофдаги таниш-билишлар номига минглаб телефонни рўйхатдан ўтказиш имконсиз. Демак, маълум бир сотувчилар чет элдан кириб келган қайсидир фуқароларнинг паспорт маълумотларини сотиб олиб, уларнинг номига янги ИМEИларни рўйхатдан ўтказиб бошлашди.


Сўраб суриштирган баъзи маълумотларимга кўра бир дона паспорт маълумотлари ўртача 5 АҚШ долларига сотилар экан. Энди контрабанда маҳсулот олиб кирган сотувчи, 5 АҚШ долларига паспорт маълумотини сотиб олади, 9-10 АҚШ доллари пул тўлаб, UZIMEI рўйхатидан ўтказади. Ҳалол ва қонуний ишлайман деган сотувчи телефонларнинг ўртача нархи 300 доллар деб оладиган бўлсак, 25 фоиз яъни 75 доллар ҚҚС ва божхона тўлови, ундан ташқари 10 доллар IMEI учун тўлайди. 300 долларлик телефон нархи 385 долларга етади. Контрабанда йўли билан олиб келинган телефон бўлса 10 доллар UZIMEIга тўлайди ва 5 долларга паспорт маълумоти сотиб олади. Демак, телефон нархи эндиликда 315 долларни ташкил қилади. Ўз-ўзидан ярим ноқонуний маҳсулот қонуний маҳсулотга нисбатан анча арзон бўлади. Қонуний ишлайдиган ҳалол тадбиркор ҳам ёки ноқонуний ишлашга мажбур ёки бизнесни тугатиб, бозордан чиқиб кетиши керак. Ҳаммада ҳам оила ва тирикчилик бўлганлиги учун, мажбурий тарзда ноқонуний ишлашда давом этишади.


Фуқароларнинг паспорт маълумотларини сотаётганлар бўлса, Ўзбекистон маъмурий кодексининг 46-моддасини ва жиноят кодексининг 141-моддаларини қўпол тарзда бузишмоқда. Фуқароларнинг маълумотларини розилигисиз тарқатиш ёки сотиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10-40, такрорланган ҳолатларида юз бараваригача миқдорда жаримага ёки икки йиллик ахлоқ тузатиш жазосига тортилиши мумкин.


Нима учун телефонлар билан боғлиқ муаммо бугун келиб юзага чиқди?


Чунки карантин сабабли чагаралар ёпиқ, чет элдан фуқароларимиз кириб келиши кескин камайди. Натижада сотилаётган телефон миқдорига нисбатан сотиб олиш мумкин бўлган паспорт маълумотлари сони жуда кам. Дейлик, бир ойда Ўзбекистон бўйлаб 30000 дона телефон сотилса, лекин мамлакатга 10000 нафар фуқаро кириб келса, ўз-ўзидан ИМEИ регистрацияси учун паспорт дефицити бошланади. Ҳозир айнан ўша етишмовчилик сабабли муаммо юзага чиқди.


Унда нима учун расман импорт қилишмайди?


Ҳозир телефонлар дефицит бўлиб турган бир даврда тадбиркорлар расмий импортни бошлаши мумкин. Лекин, улар ҳам аэропорт очилиб, чет элга бориб келган паспортлар сони кўпайиб, эртага яна ноқонуний маҳсулот бозорни тўлдириб, товар нархи тушиб кетиши ва зарар кўриб қолишдан қўрқишади.


Кўриб турганимиздек муаммо нопок сотувчилардан кўра нотўғри йўлга қўйилган тизимдадир. Бу муаммолар тизим бошдан-бош мукаммал ўйланмаганлиги сабабли пайдо бўлмоқда. Дастлаб, телефонлар нархи кескин ошган бўлса, ундан сўнг фуқаролар ва бизнес учун ноқулайликлар яратадиган мана бу каби муаммолар пайдо бўлди. Натижада ҳамма ютқазмоқда. Турли манбалардан қидирдим, лекин Ўзбекистон телефонлар сотуви бўйича статистикани олиш имконияти афсуски бўлмади. Дейлик, тахминан Ўзбекистонда бир ойда 30000 дона телефон сотилади. Ўртача нарх 300 доллар дейдиган бўлса, бу 9 миллион долларни, бир йилга 108 миллион долларни ташкил қилади. 25 фоиз солиқни ҳисобга олсак, бир йилга 280 миллиард сўм атрофидаги солиқлар муаммо сабабли давлат бюджетига келиб тушмайди.


Демак, телефонлар бозорида савдони қонунийлаштириш учун харажатларни камайтириш ва тизимдаги муаммоларни ечиш ҳар доимгидан ҳам долзарб бўлиб турибди. Давлат ҳеч нарсасиз қолгандан кўра, йил бошида жорий қилинган 10 фоизлик божхона тўловини бекор қилиб, телефон импортига фақатгина 15 фоизлик ҚҚСни қолдирса, солиқлар юки камайганини эвазига тадбиркорлар учун янги имкониятлар очилади. Шунингдек, UzIMEI рўйхатидан ўтказишни телефон импорт қилувчиларга мутлақо текин қилиш ёки рамзий бир доллар атрофида белгилаш мумкин, Натижада қонуний ва ноқонуний маҳсулот ўртасидаги нархдаги тафовут арзимаган миқдорга тушади ва қонунни бузиб, ўзини хавф остига қўйгандан кўра тадбиркор ҳам яхшиси қонуний ишлашни, солиқларни тўлашни маъқул кўради.


Аслида, UZIMEI тизимидаги муаммолар юзасидан "Менинг фикрим" порталига 2019 йил 14 декабрь куни жамоатчилик мурожаати муҳокамага қўйилган эди. Менинг фикрим порталида 10000дан ортиқ овоз олган мурожаатни 60 кун ичида Олий Мажлис кўриб чиқиши мажбурийдир. Мурожаат тез орада 24 000 дан ортиқ овоз тўплади. Мана қариб 9 ой бўлган бўлсада, ҳали ҳануз негадир Олий Мажлис мурожаатни кўриб чиқмади ва ҳозиргача мурожаат жавобсиз ва натижасиз қолмоқда. Шу учун ҳам келаётган кунларда Олий Мажлис фуқароларнинг қонуний мурожаатини кўриб чиқиши ва керакли қарорларни қабул қилиши жуда муҳим деб ўйлайман.


Баъзида шунақа вазиятлар бўлади, муаммонинг сабабини ўрнига натижаси билан курашамиз. Лекин, сабабини ечмагунча, натижага қарши кураш бизга ҳеч қанақа фойда олиб келмайди. Ҳозир худди контрабандага қарши курашгандек қилиб, бир неча паспорт сотаётган ходимларни ёки бозорлардаги телефон сотувчиларини қўлга олиш, қамаш мумкин. Лекин, бу билан тизимдаги муаммолар ечилиб қолмайди. Тадбиркордан қонуний ишлашни талаб қилиш учун аввало ўша ишлаш имкониятини яратиш керак. Сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолиятини енгиллаштиришга қаратилган аксар реформалар натижаси шуни кўрсатдики, тадбиркорга адолатли тизим қўйиб берилса, у яхшиси солиғини тўлаб, тинчгина қонунан ишлайди. Муаммонинг ечимидан ҳам фуқаро, ҳам тадбиркор, ҳам бюджетга тушадиган солиқлар миқдорини оширадиган давлат ютади.


Халқ вакиллари бўлган депутатлар, муаммонинг ечими сизнинг қўлингизда...

https://t.me/allaevuzb

Report Page